Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Марказий Осиё ва Қозоғистонга таҳдидлар – Хитой (биринчи мақола)

3228

Марказий Осиё давлатлари ва Қозоғистон Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига нисбатан Хитой ва Россия Федерацияси томонидан солинаётган таҳдидлар борасидаги ўз мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман. 

Шарқий Туркистон Республикаси XIX асрда Хитой таркибига қўшиб олиниб, бугунги кунда у ер Синьцзян-Уйғур мухтор тумани деган ном олган. Ўша даврлардан буён маҳаллий коммунистлар ушбу минтақада яшайдиган мусулмонларга тинчлик бермай, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини сиёсий, иқтисодий ва маданий жиҳатдан чеклаб келмоқда. Хитой ҳукумати мусулмонларнинг ҳар қандай эътироз ва намойишларини шафқатсизларча бостириб, уларни сепаратизм, диний экстремизм ва терроризмда айблаб келмоқда. Буни бугунга келиб бутун дунё эътироф этяпти. (масалан, қаранг: Канада Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсатини геноцид деб тан олди; Уйғурлар масаласи: Пекин олимпиадаси бойкот қилинадими?..; Твиттер уйғурлар туфайли Хитой элчихонасининг саҳифасини блоклади; “Хитойда уйғурлар геноцид қилиняпти”)

Чунончи, 2016 йилдан буён расмий Пекин Синьцзян минтақасида махсус кузатув тизимини жорий этиб, бутун бошли халойиқни қамоқда сақлаш имконини берадиган марказлар барпо этган. Мазмунан жазо ўталадиган концлагерлардан фарқ қилмайдиган бундай марказлар хитойликлар таъбири ила айтганда «Ижтимоий жиҳатдан қайта тарбиялаш лагерлари» деб аталади. Бундай лагерга қамалиб, бир неча ой, ҳатто бир неча йил ўтириб чиқиши учун мусулмоннинг уйидан топилган Қуръон, унинг амалга оширган диний хатти-ҳаракатлари (ибодати) ёки маданий жиҳатдан уйғур ёхуд қозоқ эканлигидан далолат берадиган аломатларнинг ўзи кифоя бўлмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш мутахассислари томонидан берилаётган маълумотларга қараганда, бундай лагерь маҳбуслари сиёсий ва маданий жиҳатдан индоктринация қилинмоқда, яъни уларга мажбурий равишда шимолий хитой (мандарин) шеваси ўргатилиб, Хитой коммунистик партияси шарафига битилган мақтов қасидаларини куйлашга мажбурлашмоқда.

Мулоҳаза юритилаётган лагерлардан бирида ўтириб чиққан этник қозоқ аёл Сайрагул Сауитбай Хитой коммунистик партиясининг маҳаллий мусулмонларга нисбатан олиб бораётган қатағон сиёсатини бутун дунёга фош этиб берди. Кўп машаққатларни бошдан ўтказган ушбу жабрдийда аёл АҚШ Давлат департаментининг «Мардлик учун» (Annual International Women of Courage) мукофоти билан тақдирланди.

Сайрагул Сауитбай «Ижтимоий жиҳатдан қайта тарбиялаш лагерлари»да аёлларнинг зўрланаётгани, маҳбусларга қўйилаётган сохта айбловлару, сохта суд жараёнлари, одамлар устидан ўтказилаётган ҳар хил тиббий тажрибалар, янги ишлаб чиқилган дори-дармон намуналарининг аввал маҳбусларда синаб кўриш жараёнлари, одам қийнаш учун мўлжалланган электр курсилар билан жиҳозланган «қоронғи хона» кабилар ҳақида батафсил гувоҳлик бериб ўтди. Сайрагул Сауитбай ҳам ҳушини йўқотгунча қийноққа солинган экан. Унинг айтишича, Синьцзян-Уйғур мухтор тумани жаҳоннинг «очиқ осмон остидаги энг катта қамоқхонаси»га айланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш мутахассислари ҳам шундай фикр билдиришган. Чунки уларнинг таъкидларига қараганда, минтақада мулоҳаза юритилаётган лагерларнинг сони 1200 тага етган бўлиб, уларда миллионга яқин маҳбуслар сақланади.

Хитойшунос Адриан Ценц (Adrian Zenz) 2019 йили Tagesschau.de га берган интервьюсида: «У ердаги лагерларда мисли кўрилмаган фожиа содир бўлмоқда, этно-диний майда миллат ва элатлар озодликдан маҳрум қилинмоқда, ундай фожиани миқёсига кўра Холокост фожиасидан кейин, иккинчи ўринда кўриш мумкин», - дея таъкидлаб ўтди.

Синьцзян-Уйғур мухтор туманида қарийб 1,5 миллион нафарча этник қозоқлар яшаб, маҳаллий туркий халқлар гуруҳининг сон жиҳатдан уйғурлардан кейин иккинчи ўринда келадиган қисмини ташкил этишади. Минтақа ҳокимияти ўтган бир неча йил давомида юз минглаб мусулмонларни, шу жумладан, этник қозоқларни қайта тарбиялаш лагерларига қамаб, қийноққа солиб бормоқда. Табиийки, бундай қатағон жараёни Қозоғистон билан Хитой ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашиб боришига сабаб бўлмоқда.

Қатағон жараёнлари хитойлар томонидан оммавий ахборот воситалари, жумладан, турли интернет сайтларида Марказий Осиё ва Қозоғистонда фитна чиқишига сабаб бўладиган мақола ва сохта маълумотлар билан ҳам оқлаб борилмоқда. Чунончи, 2018 йил август ойида Хитойнинг Sohu.com сайтида «Нима сабабдан Қозоғистон Хитойга қайтишга интилмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақола муаллифи бугунги Қозоғистон билан Қирғизистон ҳудуди чиндан ҳам ушбу давлатларга тегишлилиги шубҳа остига олинадиган «далиллар» келтирган. Унинг фикрича: «Қозоғистон ва Қирғизистон республикаларининг ерлари азалдан Хитойга қарашли ҳудуд бўлиб, ушбу давлатларнинг ўзи Цин империясига қарам юрт бўлиб келган. Бас, шундай экан, ушбу ҳудудни асл эгасига қайтариб берилиши лозим». Мақолада шунингдек: «Қозоғистоннинг майда шаҳарларида яшайдиган аҳолининг бир қисми ўзини VIII асрда яшаб ўтган Хитой шоири Ли Бильбо авлоди деб билади, бошқа бир қисми эса ўзини Хитойдаги энг йирик этник гуруҳ саналадиган хань уруғига мансуб эканлигини таъкидлайди», - дейилган.

Ушбу мақола чоп этилгач Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Хитой элчисини вазирликка чақиртириб, эътирознома топширган. Вазирнинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Нуришев билан ўтган суҳбатдан сўнг, Хитойнинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Чжан Сяо (Zhang Xiao) жаноблари ўзининг фейсбук саҳифасида мақола мазмунига жиддий эътибор қаратмай, Хитой раҳбариятининг Қозоғистонга нисбатан ҳудудий даъвоси йўқлиги борасида бирор оғиз сўз айтмай, «икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш манфаатларида ахборот маконини ҳар хил маълумотлардан тозалаб бориш муҳим аҳамиятга эга» эканлигини таъкидлаб ўтиш билангина чекланган.

Хитой коммунистик партиясининг назорати остида фаолият юритадиган, ҳисоб рақамига партиянинг йирик маблағлари тушиб борадиган Sohu.com сайти Қозоғистон Республикаси ТИВда ўтказилган эътирозли суҳбатдан бир ҳафта ўтгачгина «Нима сабабдан Қозоғистон Хитойга қайтишга интилмоқда» мақоласини ўз саҳифасидан олиб ташлади.

Қозоғистон сиёсатшуносларининг фикрича, Хитой сайтида чоп этилган ушбу мақолани муаллифнинг шахсий фикри деб билиб, чиндан ҳам эътибор қилмаслик керак бўлгандир, аммо Хитой оммавий ахборот воситаларида давлат идоралари ва коммунистик партиянинг тутган ўрни инобатга олинадиган бўлса, бунга ишониш қийин. Шундай экан, буни Хитой махсус хизматлари томонидан тегишли аудиториянинг, яъни Марказий Осиё аҳолисининг мақолада кўтарилган мавзуга доир муносабатини текшириб кўриш мақсадида амалга оширилган тадбир, ҳарбий термин билан айтиладиган бўлса, махсус операция сифатида эътироф этиш керак. Бинобарин, элчи вазирликка чақирилиб, қўлига дипломатик эътирознома топширилиши – икки давлат ўртасидаги муносабатларда кескинлик юзага келган ҳолатда қўлланиладиган сўнгги дипломатик чора саналади.

Ўхшаш дипломатик ҳодиса 2014 йилнинг февраль ойида ҳам юз берган. Ўшанда халқ орасида «Кремль раҳбариятининг дилидагини тилида айтадиган шахс» деган ном олган, Россия Федерацияси Давлат думасидаги фракциялардан бирининг раҳбари Владимир Жириновский: «Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Қозоғистонни Россия таркибига қўшиб олиш керак!», - деган баёнот билан чиққан эди.

Кузатув натижаларига қараганда, Хитойнинг Қозоғистонга нисбатан олиб борилаётган сиёсати республика аҳолиси учун аччиқ туюлиб, Хитойнинг жузъий бўлса ҳам бундай даъвоси халққа қаттиқ таъсир ўтказмоқда. Шундай экан, Хитой сайтида эълон қилинган мақолага расман муносабат билдирган Қозоғистон дипломатлари тўғри иш тутишган. Шу баҳонада Қозоғистон Хитой таркибига қайтишга ҳеч қачон интилмагани, интилишни мутлақо истамаслигини расман маълум қилиб қўйди.

Хитойнинг Toutiao.com сайтида эълон қилинган «Нима учун Қирғизистон миллий мустақиллигини тиклаб олгач, ўз Ватанига қайтмади?» деб номланган мақолада сиёсий харита келтирилган бўлиб, унда Қирғизистоннинг бугунги ҳудуди Хитой ҳудудининг бир қисми сифатида кўрсатилган.

Мақолада айтилишича, Марказий Осиёнинг энг кичик республикаси ҳисобланадиган Қирғизистон чор Россияси томонидан 1846 йили тортиб олингунига қадар ўтган минг йиллар давомида Хитойнинг умумий майдони 510 минг километр квадрат келадиган маълум бир қисми бўлган эмиш. Хитойнинг ўша даврдаги сиёсий харитасига тушунтириш тариқасида «Ватанидан ажраб қолган Қозоғистон билан Қирғизистон энди юртини соғиниб Ватанга қайтишни ният қилишмоқда. Бироқ ҳанузгача Россиянинг таъсир доирасида қолаётгани боис Қирғизистон 1991 йилдан буён ушбу ниятини амалга ошира олмаяпти», дейилган. 

Ушбу мақола Қирғизистон аҳолисининг кучли эътирозига сабаб бўлди. «Пекин нафақат Қирғизистоннинг ҳудудий яхлитлигига, балки суверенитетига ҳам таҳдид солмоқда. Бу жуда хавотирли сигналдир, - дейди Orbita.kg янгиликлар сайтининг бишкеклик мухбири Марс Абаев - Бундай баёнотлар билан чиқаётган Пекин Марказий Осиё давлатларининг муносабатини ўрганиб чиқиш мақсадида «ўз ҳудудлари»ни қайтариб олиш ғоясини илгари сура бошлади».

Бундай ҳолатлар Марказий Осиё минтақасидаги барча давлат ҳукуматларини номақбул сиёсий вазият оқибатларини олдиндан кўра билишга, ўз миллий манфаатларини салбий ҳодисаларнинг олдини олиш даражасида ҳимоя қилишга даъват этади.

Шокир Долимов,
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси, 
истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

« Орқага