Марокаш ва Яман ўртасида энергия, спорт, оммавий ахборот воситалари, сиёсий ва дипломатик маслаҳатлашувлар соҳаларида ҳамкорлик бўйича 5 та англашув меморандуми имзоланди.
Имзолаш маросими Марокаш пойтахти Работ шаҳрида бўлиб ўтди.
Ҳужжатни Марокаш ташқи ишлар вазири Носир Бурита ва Яман ташқи ишлар вазири Аҳмад Авад бин Муборак имзолади.
Меморандум имзолаш маросимидан сўнг Бурита журналистларга Ямандаги мавжуд шароитлар икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришни кечиктираётганини айтди.
Сиёсий маслаҳатлашувлар механизмларини яратишни ҳам ўз ичига олган ҳамкорлик тўғрисидаги битим икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун аниқ қадамдир, деб ҳисоблайди вазир.
Марокаш Яманнинг қонуний ҳукуматини қўллаб-қувватлайди ва мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни тиклашни хоҳлайди, деди Бурита.
Марокаш Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари, шунингдек, Ансоруллоҳ ҳаракати (ҳусийлар) исёнчилари томонидан мамлакатда уюштирилган ҳужумларни қоралади.
Унинг фикрича, бундай ҳаракатлар минтақа тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солади.
Бурита, шунингдек, Эроннинг араб мамлакатларидаги айрим бўлгинчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаётганига, бу эса ўз навбатида минтақавий ва халқаро тинчликка таҳдид солаётганига эътибор қаратди.
Ўз навбатида Муборак Яманда 2 октябрда ўз ниҳоясига етган оташкесим хусийлар томонидан кўплаб бузилишларга қарамай, яманликларга кўплаб масалаларни муҳокама қилиш имкониятини берганини таъкидлади.
Яманда 2014 йилдан бери қуролли тўқнашувлар давом этмоқда, унда бир томондан “Ансоруллоҳ” (хусийлар) шиа ҳаракати исёнчилари ва Яманнинг ағдарилган президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ тарафдорлари, иккинчи томондан эса, Президент Абдураббу Мансур Ҳодий ҳукуматига содиқ қўшинлар иштирок этмоқда.
Хусийлар мамлакат пойтахти Сана шаҳри ва бошқа қатор ҳудудларни назорат қилади.
Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалиция кучлари 2015 йилнинг март ойидан бери хусийларга қарши курашда Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлаб келади.
БМТ ҳисоботларига кўра, Яманда бошланган уруш 2022 йилгача бевосита ёки билвосита 377 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган.
Дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири Ямандаги гуманитар инқироз қўрқинчли даражага етди.