Марокашнинг афсонага айланган қаҳрамони – Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий (1-қисм)

00:00 03.07.2019 1703

«Хаттобий томонидан қўлланилган партизанлар уруши тактикаси Мао Цзэдун, Хо Ши Мин ва Че Геварадай буюк шахслар учун илҳомланиш манбайи сифатида хизмат қилди»

Кубанинг собиқ раҳбари Фидель Кастро «Менинг ҳаётим» асаридан

1947 йил май ойи охирида Австралияга қарашли «Катумба» пароходи ёқилғи захирасини тўлдириб олиш учун Яманнинг Адан бандаргоҳига келиб тўхтади. Кемадан бир неча киши соҳилга тушди. Уларни Аденга қўшни Шайх Усмон шаҳарчасининг зодагонларидан бири жаноб Абдо Ҳусайн Адҳал қарши олди. Суҳбат давомида кемадан тушганларнинг кимлиги, оталарининг исмини билган Адҳал чунонам ҳайратландики, эшитганига ишонқирамай, йўловчиларнинг гапи чин эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун кемага ўзи чиқди. Пароходнинг асосий йўловчисини ўз кўзи билан кўргачгина, қаршисида ислом оламининг ҳақиқий қаҳрамони, Марокашни йигирма йилча муқаддам тарк этган шахс турганига амин бўлди. Кема очиқ денгизга чиққач, Яман порти Адендан Қоҳирага телеграмма юборилди: «Амир Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий «Катумба» пароходида Адендан олиб кетилди».

Имзо: ал-Адҳал

1947 йил 27 май куни ярим кечадан ўтган маҳалда Фаластин жангчиларидан бири Қоҳирага ошиғич равишда етиб келиб, Миср қироли Фарук номига битилган қуйидаги номани топшириш учун тикка қирол саройига йўл олди.

«Ҳазрати олийлари, ҳозиргина Адендан телеграмма олдим. Унда айтилишича, Марокашнинг Риф вилояти амири, йигирма йил давомида Франция асирлигида бўлиб, Реюньон оролидаги қамоқхонада сақланган Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий «Катумба» пароходида янги сургун жойига – Франция жанубига жўнатилибди. Ушбу кема эртага, сешанба куни Сувайш каналига, Порт-Саид шаҳри портига киради. Асирнинг кемадан соҳилга тушиб нажот топиши Сиз Ҳазрати олийларининг хайрихоҳона берадиган ижозатингизга боғлиқдир. Зеро, Франциянинг унга нисбатан ҳеч қандай ҳақи йўқ, ўғрининг ўғирланганга нисбатан ҳақидан ташқари, албатта...»

Имзо: Мисрдаги Фаластин қўмитаси раиси Муҳаммад Али Тоҳир

Кема Порт-Саидга кириб келгач, Миср офицерлари қирол Фарук ҳузурига эгнига одмигина оқ кўйлак кийган оқсоқолни етказиб келишди. Вазмин қадам ташлаётган бўлишига қарамай, қатъий одимлаётган ушбу қариянинг қиёфасида улуғворлик барқ уриб, салобатини ҳис этмасликнинг иложи бўлмади. Қабулига келтирилган оқсоқолни қарши олар экан, Миср қироли Фарук: «Хуш келибсиз, амир Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий», – дея қутлади.

Қисқа муддатга ортга, мозийга қайтамиз. Хаёлан Қоҳирадан ғарбга, ислом мағрибининг Риф вилоятидаги Аждир шаҳарчасига, милодий 1883, ҳижрий 1301 йилга ўтамиз. Ўша ердаги барбар қабилаларидан бирининг Абдулкарим Хаттобий исмли шайхи ўғил кўриб, унга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг исмини беради. Ушбу шайх ёш ўғлига болалигиданоқ тўғри тарбия беришга бел боғлайди. Фарзандига араб тилини ўргатиб, Қуръони каримни ёд олдиради, улғайгач эса ҳадис илми ва ислом фиқхидан сабоқ олиши учун Фас шаҳридаги «Ал-Қаровийн» университетига ўқишга юборди. Бир неча йил ўтгач Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий Мелилия шаҳрининг олий қозиси лавозимини эгаллайди.

Ўша даврда ислом мағрибида ниҳоятда аянчли вазият қарор топган. Босқинчи давлатлар бу ўлкалар «миллий қаҳрамонлар тарбия топадиган ҳақиқий фабрика» эканлигини аниқ англашган. Шунга қарамай, ушбу давлатлар 1906 йили Испаниянинг Альхесирас шаҳрида конференция уюштириб, муштарак мақсад – бу ерларни босиб олиб, ҳудуди ва бойликларини ўзаро бўлишиб олишни ният қилишган. Бундай йиғинда 12 та Европа давлати билан бирга Америка ҳам иштирок этган.

Бироқ аксарияти мусулмон халқлар бўлган ҳудудлар босқинчиларга тобе бўлишдан бош тортишди. Турли жойларда озодлик учун кураш ҳаракатлари бошланди. Ҳаммага маълум бундай ҳаракатлардан бири Испания босиб олган Марокаш шимолидаги Риф вилоятида шайх Абдулкарим Хаттобий ва унинг ўғли Муҳаммад Абдулкарим Хаттобий бошчилигидаги озодлик ҳаракати бўлди. Ота-ўғил Марокашнинг бир-бирига адоват сақлаб келаётган қабилаларини бирлаштириб, ягона Ислом байроғи остида бир ёқадан бош чиқариб, босқинчиларга қарши кураш олиб бориш учун сафарбар этишга муваффақ бўлишди. Испанлар мужоҳид6 шайх Абдулкарим Хаттобийни  ўлдиришди, (Аллоҳ раҳмат қилсин уни!) унинг ўғли амир Муҳаммад Абдулкарим Хаттобийни эса асир олиб, Марокаш тоғларидаги қамоқхонага ташлашди. Мўъжизани қарангки, ҳикоямиз қаҳрамони чойшабдан арқон ўраб, қамоқхона деразасидан ташқарига чиқишга муваффақ бўлибди. Таассуфки, ушбу арқон калталик қилиб, тоғ чўққисидан ергача тушиб олишга етмабди. Икки йўлдан бирини: ё арқонга осилган жойидан қамоқхонага қайтиш, ё баланд жойдан қиррали тошлар устига сакрашни танлаш керак. Ботир Муҳаммад Абдулкарим Хаттобий сакради... Тошга зарб билан тушган қаҳрамонимизнинг оёғини синиб, ҳушини йўқотди. Қамоқхона маъмурияти унинг қочганини фаҳмлаб, дарҳол излаб топибди. Жазо муддатини ўтаб бўлган амир Муҳаммад Абдулкарим Хаттобий қамоқхонадан чиққач Марокашнинг Риф қабилаларидан иборат уч минг кишилик армия йиғиб, испан босқинига қарши кураш бошлади. Ушбу урушда амир ҳарбий фаннинг мутлақо янги соҳаси – партизанлар уруши тактикасини янги тарихда илк бор қўллади. Дафъатан ҳужум қилиш, шиддат-ла забт этиб, чекиниш санъатига асосланган бундай тактикани жаҳоннинг жамики озодлик учун курашчилари қўллай бошлашди ва пировардида ушбу тактика жаҳон урушларининг асосига айланиб қолди. Шунингдек, амир Муҳаммад душман казармаларигача чўзилган ер ости йўлларини қазиш усулини ҳам қўллади ва бу билан ислом қаҳрамони – Хаттобий Испаниянинг босқинчи қўшинларига ҳарбий фандан амалий сабоқ бериб қўйди.

Давоми бор...

Жиҳод Турбонийнинг «Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси» китобидан 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!