Марокашнинг афсонага айланган қаҳрамони – Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий (2-қисм)

23:05 05.07.2019 800

1-қисм

Испаниянинг Рифда кўраётган талафотлари ниҳоятда кўпайиб кетгач, Испания қироли Альфонсо XIII Мадриддан Рифга ўзининг қадрдон дўсти генерал Мануэль Сильвестр қўмондонлигидаги бутун бошли армияни йўллади. Иккита қўшин Анвал яқинида унутилмас жангда тўқнаш келди. Мунтазам қўшинларнинг тиш-тирноғигача  замонавий қурол-аслаҳа билан қуролланган ўн минглаб аскарларидан иборат армияси оддий милтиқ билан қуролланган уч минг нафар марокашлик мусулмон-мужоҳидга қарши чиқди. Афсонавий қаҳрамон Хаттобий қўмондонлигидаги мана шу уч минг мужоҳид испан босқинчиларининг армиясини тор-мор келтирди. Мусулмонлар минг-минглаб испан аскарларини ер тишлатиб, тумонат жангчиларини асир олди. Бутун бошли армиядан фақат бир ҳовуч аскаргина ажал ва тутқунликдан омон қолиб, қандай даҳшатга рўбару келишганини аччиқ кўзёш тўкканча сўзлаб бериш учун ўз қиролининг олдига, Испанияга базўр етиб олишди. Хаттобийнинг Рифдаги армиясидан тортган бундай кўргиликни испанлар бугун ҳам «Анвал яқинидаги фожиа» деб аташади.

Испан босқинчилари устидан қозонилган улкан ғалабадан сўнг амир Муҳаммад Абдулкарим Хаттобий Риф Республикасига асос солди. Мағриб ҳудудининг аксар қисми ўша даврда европалик босқинчи давлатлар тасарруфида бўлган. Ўша босқинчиларнинг раҳнамолари исломнинг озодлик курашчиси томонидан солинаётган хавфни жуда яхши англаб етишди. Чунки бу хавф нафақат уларнинг Мағриб тупроғида, балки босиб олган барча давлатларда ҳам ҳукм суришига жиддий таҳдид сола бошлади. Зеро, Хаттобийнинг исми ўша даврнинг ўзидаёқ жаҳоннинг жамики эрксевар халқлари учун озодлик рамзига айланишга улгурган. Африка, Осиё ва Лотин Америкасининг озодлик курашчилари испан империясининг улкан қўшинини ўзининг кам сонли ихчам армияси билан тор-мор келтирган марокашлик мусулмон саркарда ҳақидаги ривоятларни бир-бирига гал бермай муҳокама қилишди. Шунда Франция ва Испания империялари афсонага айланган қаҳрамон Хаттобийни даф этиш мақсадида ўзаро ҳарбий иттифоқ тузишди. Амир Хаттобий ва уни қўллаб-қувватлаган бошқа марокашлик қаҳрамонлар ушбу иттифоқ қўшинларига қаттиқ қаршилик кўрсатишди. Зобитлар оғир талафот кўргач Марокашнинг тинч аҳолисига қарата учоқлар воситасида кимёвий қурол қўллаб, заҳарли газ билан қирғин келтиришди, турли давлатлардан ёлланган жиноятчи тўдалар ҳамда ўз дини ва ор-номусини сотган, халқ орасидан чиққан хоинларнинг хизматидан кенг фойдаланишди, бидъатга юз тутган айрим шайхлардан ёрдам сўраб, Хаттобий томонида туриб уришишни ҳаром қилиб фатволар чиқарилишига эришишди. Хаттобий эса ушбу ёвуз кучларга қарши мардонавор курашишни давом эттириб, кунлардан бир кун партизанлар гуруҳи билан бирга шахсан ўзи ҳам жангга чиқишга аҳд қилди. Бироқ амирнинг ҳаёти ва Ватан тақдири учун қайғурган командирлар, уни бу фикрдан воз кечишни илтимос қилганча, французлар билан музокара олиб боришни таклиф қилишди. Узоқ муҳокамадан сўнг Хаттобий розилик берди. Бироқ французлар музокара ўрнига Хаттобийни тутиб, Ҳинд океанидаги киши билмас Реньон оролчасига сургун қилишди. Инсон қадами етмаган бу оролда ўтган йигирма йилдан зиёд асирликдан сўнг, Аллоҳ таоло Ўз бандасини тутқунликдан халос этиш учун сабаб яратди.

Давоми бор...

Жиҳод Турбонийнинг «Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси» китобидан 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!