Марокашнинг афсонага айланган қаҳрамони – Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий (3-қисм)

00:10 09.07.2019 688

1-қисм  2-қисм

1947 йили Марокаш қироли Муҳаммад V (Аллоҳ раҳмат қилсин уни) давлат мустақиллигини эълон қилди. Бундан унча мамнун бўлмаган французлар қиролга тазйиқ ўтказиш мақсадида Хаттобийдан фойдаланишга, уни қиролга рақиб сифатида кўрсатишга аҳд қилишди, гарчи Хаттобий ҳеч қачон ҳукумат жиловини ўз қўлига олишга интилмаган бўлса-да. Франция президенти Шарль де Голь марокашликлар орасида низо чиқаришни ният қилиб, амир Хаттобийни Парижга келтиришни буюрди. Амирни Францияга олиб кетаётган кема Сувайш каналига киргач, Муҳаммад Абдулкарим Хаттобий юқорида баён этилгандек, тутқунликдан нажот топади. Хаттобий ҳаётининг қолган қисмини Мисрда ўтказиб, ўз ҳарбий тажрибасига таянган ҳолда Шимолий Африкада кечаётган озодлик ҳаракатларини шу юртда туриб бошқаради. Амир Хаттобий Шимолий Африка ўлкаларининг душман истилосидан бирма-бир озод бўлаётганини кузатиб борганча 1963 йили бу фоний дунёни тарк этади (Аллоҳ раҳмат қилсин уни).

Ўз ҳаётини Аллоҳ йўлидаги курашга бағишлаган ушбу исломий раҳбар иштирокида кечган буюк воқеалар тарихи, агар бир неча сатрларда баён этиладиган бўлса, шулардан иборатдир. Таассуфки, умматнинг аксарият қисми ҳикоямиз қаҳрамонининг исмини муқаддам эшитмагани қалбни қайғуга солади, юрак эзилади. Ёшларимизнинг кўпчилиги фақат дунёвий манфаат-у уятсиз тамойиллар учун курашган қаҳрамонларга маҳлиё бўлиб қолгани кишини ранжитади. Бироқ шубҳа йўқки, Че Геварадек қаҳрамонларнинг ҳаёт йўлидан завқланадиган замондошларимиз ўша инқилобчи ўз жасоратларини, аслида амир Хаттобийдан руҳланиб намоён этганидан хабар топишса, ўз тарихига ўзгача нигоҳ-ла қарайдиган бўлиб қолади.

Айрим китобхонлар ушбу асар бошида келтирилган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақидаги ҳикоядан кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу тўғрисидаги ҳикояни баён этишимни кутишган. Бироқ сўзим бошида айтганимдек, мазкур асар қаҳрамонлари орасидаги  улуғворлик даражаси инобатга олинмаган. Бунда мен, муайян кишининг исми Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудек буюк шахсдан кейин тилга олиниши, ўша шахс учун чексиз шараф эканини аниқ тушуниб турибман. Улуғворлик даражасига қарамасдан, амир Муҳаммад Абдулкарим Хаттобийнинг исмини асар бошида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан кейиноқ келтирганимнинг қуйидаги иккита сабаби бор.

Биринчидан, Исломнинг жаҳон миқёсидаги аҳамиятини намоён этиш. Маълумки, Хаттобий араб эмас, лекин у ислом умматининг буюк қаҳрамонларидан бири саналади. Бу билан бизнинг динимиз араблар монополиясидаги дин эмаслигига яна бир бор ишора қилинади.

Иккинчи сабаб шундан иборатки, Хаттобий ҳаммамиз учун ибрат бўлиши керак. У яқин тарих – йигирманчи асрда яшаб ўтган, бироқ унинг қаҳрамонона фаолияти умматнинг энг буюк шахслари намоён этган жасоратдан қолишмайди. Умматимиз ўз қаҳрамонларини тарбиялаш ишини ҳеч қачон, ҳеч қаерда тўхтатмайди. Зеро, Табароний ва бошқалар келтирган саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз саҳобаларига улардан кейин келадиган тақводорлар бажарган биргина амал саҳобалар томонидан бажарилган элликта амалга тенг келишини маълум қилибди.

«Дарҳақиқат, сизлардан кейин узоқ чўзилиб, матонат талаб қилинадиган кунлар келади. Ўша вазиятда сиз тутган йўлдан борганларнинг ҳар бири, эллик нафарингиз кўрган ажрга тенг келадиган мукофотга муносиб топилажак». Саҳобалар сўрашибди: «Ё, Расулуллоҳ, уларнинг эллик нафари демоқчи бўлдингиз, чоғи?» «Йўқ, сизларнинг эллик нафарингиз!» – дея жавоб бердилар Расулуллоҳ.

Эслатиб ўтмоқ жоизки, амир Муҳаммад Абдулкарим Хаттобий Мисрда ҳимоя топган биринчи қаҳрамон бўлмаган. Унга қадар салиб юришлари қатнашчиларини енгиб чиққан Салоҳиддин Аюбий ва мўғўл-татарлар устидан ғалаба қозонган Қутуз ҳам Мисрдан бошпана топган. Аммо улардан анча олдин Миср заминида буюк бир аёл яшаб ўтган. Қандай қаҳрамонлик кўрсатган эдики, ушбу мисрлик аёл бани-башар тарихида уммати Исломнинг буюк аёллардан бирига айланди? Бу ҳақда кейин ҳикоя қиламиз...

Жиҳод Турбонийнинг «Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси» китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!