Ислом

Маъруф Кархий – насронийликдан Исломга ўтган авлиё

1744

Устоз Абу Али Даққоқ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Маъруф Кархийнинг ота-оналари насроний бўлишган. Маъруфни кичиклигидаёқ бир тарбиячига беришади. Мураббий унга: “У учтанинг учинчисидир”, дегин”, деб ўргатади. Кичик Маъруф: “Йўқ, У биттадир”, дейди. Мураббий бир кун уни шафқатсизларча уради. Шунда Маъруф қочиб кетади. Ота-онаси: “Қанийди, хоҳлаган динига кириб бўлса ҳам қайтганда, рози бўлардик”, дейишарди. 

Маъруф Али ибн Мусо Ризо қўлларида мусулмон бўладилар ва уйларига қайтиб, эшикни қоқдилар. “Ким у?”, дейишди. 

- Маъруфман.
- Қандай динда келдинг?
- Ҳанифийлик динида.

Буни эшитиб ота-оналари мусулмон бўлишди”.

Маъруф айтадилар: “Менга Довуд Тоийнинг асҳобларидан  бир киши деди: “Амални тарк этишдан эҳтиёт бўл. Чунки Мавлоинг розилигига яқинлаштирувчи нарса шудир”. Мен: “У қандай амал бўлди?”, десам, жавоб қилди: “Роббинга доимий тоат, мусулмонлар хизмати ва уларга насиҳатдир!”.

Муҳаммад ибн Ҳусайн оталаридан эшитиб шундай дейдилар: “Маъруф Кархийни вафотидан кейин тушимда кўрдим ва у кишига: “Роббингиз сизга нима қилди?”, дедим. “Мени кечирди”, дедилар. Мен: “Зуҳдингиз ва парҳезкорлигингиз учунми?”, деб сўрадим. У киши: “Йўқ, Ибн Симокнинг мавъизасини қабул қилганим, доимий фақрликда бўлганим ва фақирларга муҳаббатим сабабли”, дея жавоб қилдилар.

Маъруф айтишларича, Ибн Симок мавъизаси шундай бўлганди: “Бир кун Кўфада юриб кетаётгандим. Ибн Симок деб аталадиган киши одамларга ваъз қилиб турган жойда тўхтадим. У мавъизаси асносида шундай деди: “Ким Аллоҳдан батамом юз ўгирса, Аллоҳ ҳам ундан бутунлай юз ўгиради. Ким Аллоҳ сари қалби билан юзланса, Аллоҳ ҳам унга раҳмати билан юзланади ва халқнинг барчасининг юзини унга юзлантиради. Ким бир марта ундай, бир марта бундай бўлса, Аллоҳ ҳам унга қачонлардир раҳм қилади”.

У кишининг гапи қалбимга қаттиқ таъсир қилди. Шунда Аллоҳга юзландим ва ўзимда мавжуд ҳамма нарсани тарк этдим. Илло мавлойим Али ибн Мусо Ризонинг хизматлари бундан истисно бўлди. Бу гапни мавлойимга зикр қилгандим, у киши: “Агар ваъз-насиҳатланмоқчи бўлсанг, ваъзга ушбу етарлидир”, дедилар.

Маъруфга ўлим тўшагида ётганларида: “Васият қилинг”, дейишди. У киши шундай васият этди: “Вафот этсам кийимимни садақа қилинглар. Мен дунёга яланғоч кирганимдек, ундан яланғоч чиқишни хоҳлайман!”.

Маъруф сув сотувчининг олдидан ўтаётганларида, унинг: “Сув ичган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!”, деганини эшитдилар. Шу пайтда рўза тутгандилар. Сув сотувчиниг олдига бориб сувидан ичдилар. У кишига: “Рўзадормасмидингиз?”, дейишганда, “Ҳа, лекин мен унинг дуосидан умид этдим”, дея жавоб қилдилар.

Бир куни Маъруф ал-Кархий раҳматуллоҳи алайҳ дарё бўйида кетаётса, қўлларида хамр (ароқ) тутган бир неча нафар маст ҳолдаги кишиларга дуч келиб қолибди. Шунда Маъруф ал-Кархийнинг шериклари: “Ҳазрат, бу бетовфиқларга бир дуои бад қилинг”—дейишибди. Маъруф ал-Кархий эса: “Эй Раббим! Бу бандаларинг хозир шу дунёда қандай шоду ҳуррам юрган бўлишса, охиратда ҳам буларни худди шундай хурсанд қилгин!”—деб дуо қилибдилар. Бундан ҳайрон бўлган дўстлари: “Эй тақсир, биз бу Худобезориларни дуоибад қилинг десак, сиз аксини қилдингизку?!”— дейишибди.  Шунда Маъруф ал-Кархий: “Бирор мусулмоннинг зиёнига дуоибад қилишдан Аллоҳ сақласин! Дўстлар, мен уларни охиратда ҳам шод бўлишини Худодан тиладим, рост. Аммо охиратдаги шодлик улар тавба қилса, Аллоҳ кечирса ва Унинг раҳматига ноил бўлишса кейин бўладику…”—деб жавоб берган экан.

Тўймурод Сайлиев.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жошуа Эванс: Мен қандай қилиб мусулмон бўлдим? (5-мақола)

1879 20:35 15.07.2020

“Аё-София” яна масжидга айланадими?

1103 11:00 02.07.2020

Корея: коронавирус тарқатган насроний оқими судга берилди

1115 14:00 23.06.2020

Ҳидоятга келган насроний руҳонийлар – Доктор Жералд Диркс

1351 22:00 15.06.2020

Мартин Жон Мвайпопо / Ҳожи Абу Бакр Жон Мвайпопо

1954 11:55 13.06.2020

Ҳидоятга келган насроний руҳонийлар: Идрис Тавфиқ

1446 06:30 11.06.2020
« Орқага