"Масад" сураси тафсири (1-оят)

23:45 19.07.2018 799

Маккада нозил бўлган. Беш оят, йигирма уч калима ва саксон бир ҳарфдан иборат.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

تَبَّتْ يَدَا أَبِي لَهَبٍ وَتَبَّ

 1. Ҳалок бўлсин Абулаҳаб ва албатта ҳалок бўлди.

Абулаҳабнинг икки қўли шол бўлиб, ўзи ҳам  ҳалок бўлсин демакдир. Абулаҳабнинг амали ва унга манфаатлари ҳалок ва зое бўлди, ўзи ҳам ҳалок бўлди. У  малъун дунё ва охиратда ҳалок бўлди демоқликдир. Саҳиҳи Бухорийда “Шуъаро” сурасининг тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтибдур: “ وَأَنذِرْ عَشِيرَتَكَ الْأَقْرَبِينَ”, яъни “ Ўзингнинг яқин қариндошларингни (охират азобидан) инзор (қўрқитгил)” (214-ят) ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо тоғига чиқдилар ва баланд овоз билан “Эй бани Қурайш, бани Адий” деб қурайшликларни чақира бошладилар. Қурайш қабиласи бу чақираётган ким бўлди, деб Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурида жам бўлди. Келишга қодир бўлмаганлар нима гаплигини билиш учун ўзларидан бир кишини юборди. Абу Лаҳаб ҳам бу ерга қурайшликлар билан бирга келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

–  Менга айтинглар-чи, ушбу тоғнинг ортида бир тўп отлиқ душманлар бор. Улар сизларни ўлдириб, ғарот қилмоқчи (таламоқчи) деб хабар берсам, менга ишониб сўзларимни тасдиқ қиласизларми?  – дедилар. Қурайшликлар:

–  Сени кўп синаб, имтиҳон қилганмиз, сен ростгўй, аминсан, шу боис сўзларингга ишонамиз (бу сўзингни ҳам тасдиқлаймиз), – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

–  Ундай бўлса, мен сизларни  Аллоҳнинг азобидан огоҳ этувчи расулман, – дедилар. Абулаҳаб:

–  Сен бизни бир сафсата учун йиғдингми? – деди.

Аллоҳ таоло “Масад” сурасининг  مَا أَغْنَى عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ  تَبَّتْ يَدَا أَبِي لَهَبٍ وَتَبَّ яъни “Ҳалок бўлсин Абулаҳаб ва албатта ҳалок бўлди. Унга моли ва касб қилган нарсалари фойда бермади” оятини нозил айлади.

Яна Саҳиҳи Бухорийда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ушбу маънода бир ҳадис келтирибдилар, сияр тарих китобларида ушбу ривоят ва бундан бошқа ривоятлар бордир. Уларни бирма-бир келтиришни раво кўрмадик.

Малъун Абулаҳабнинг асли исми  Абдул Уззодир. Абулаҳаб деб куняланмоғи икки қўли ўтдек қизариб тобланиб турганидандир дейдилар. Ул малъуннинг куняси билан чақирмоқ қурайшликлар орасида машҳур. Арабларда куняни ишлатиш одатга айланган амаллардандир. Абу Толиб ҳам кунядир. Унинг асли исми Абдуманофдир. Аммо куняси исмидан кўра таниқлидир. Саодатли саҳобаларнинг ичида ҳам Абу Бакр, Абу Ҳурайра, Абу Зарр, Абу Жона, Абул Асвад каби саҳоба розияллоҳу анҳумлар ҳам кунялари билан машҳур бўлганлари боис исмларини ҳамма билмайди.

Малъун Абулаҳаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг яқин қариндош бўлган. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам боболари Аблдулмутталибнинг ўғли, Расулуллоҳнинг оталари Абдуллоҳнинг биродори эканини ҳамма яхши билади. Шундай яқин қариндош бўла туриб, ул малъун жаноб Расулуллоҳга энг кўп жафо ва азоб берди.

Аллоҳ ўз расулларини турли оғир синовлар билан синаши унинг улкан имтиҳонидир. Пайғамбарлар ва валий зотларга азият кўпроқ қариндош, болалари ва хотинларидан етган. Ҳадиси шарифда келибдики, Ибн Асокир Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Пайғамбарларга одамлар ичида зоҳидроғи ва уларга инсонларнинг душманроғи қариндошларидур”, – дедилар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Абулаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин дегани борасида муфассирлар бир неча сабабларни келтирибдилар.

Биринчи сабаб,  у малъуннинг иши палиддур, икки қўл одатда иш қилмоққа сабаб бўлгани учун икки қўлнинг ҳалок бўлмоғи гўё инсоннинг барча вужуди ҳалок бўлмоғидек бўлур. Баъзилар инсоннинг икки қўлининг ҳалок бўлмоғини инсоннинг бутун вужудининг ҳалок бўлмоғи ўрнида санайдилар. Шунга кўра (араб истеъмолига мувофиқ) ул малъуннинг бутун вужудининг ҳалок бўлмоғи, унинг икки қўлининг ҳалок бўлмоғи билан таъбир қилинибди.

Иккинчи сабаб, барча амалининг ҳалок бўлиши, ўзининг ҳалок бўлишидан хабардур. Яъни Абулаҳаб қилган амалининг зое бўлиши ва ўзининг ҳам ҳалок бўлганидан хабардир. Унинг қилиши лозим бўлган амали имон келтириб ибодат қилмоқ эди, у бунинг аксини қилди.

Учинчи сабаб, жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ул малъуни гумроҳни охират азобидан огоҳ айлаб, ягона илоҳга даъват қилганларида, ул бадбахт икки қўлига тош олиб, Расулуллоҳга отмакни истагани учун унинг икки қўлига ҳалокат қилувчи дуои бад урилди.  Абулаҳабнинг икки қўли ҳалок бўлсин (чунки у лаин икки қўлига тош олиб жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни урмоқчи бўлди). Ҳолбуки У Набиййи амин ул бадбахтни абадий бадбахтликдан қутқариб, икки дунёнинг саодатига етказмоқни истагандилар ва ҳақ йўлга чорлагандилар. У буни ўзига лозим кўрмади. Бас, унинг ўзи ҳалок бўлди. Тафсири Итқонда дейилади: “Абулаҳабдан бошқа ҳеч бир кимса Қуръонда бу қадар (ҳалокат сўзи билан) келтирилмагандир”.

“Кофирун” сураси “қул” ояти билан бошланди.  Бу сураи карима “қул таббат” дейилмаганига сабаб беҳад ажиб бир ҳикмат бор.  Карамли соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг отаси ўрнида бўлган амакисига очиқ дашномдур. Агарчи амакиси ул жаноб рисолатмоҳига беадаблик қилиб, дашном қилса ҳам қўполлик қилинмади. Зероки амакининг ҳурмати отанинг ҳурматига ўхшайдур. Бу сабабданки, амакининг отаси ота билан аслдан бўлган икки шохдурлар. Шу боис “қул” калимаси билан келтирилмади.

Аллоҳ таоло шаънини олий қилган инсонларга муносиб лутф ва мулойимлик билан муомала қилмоққа буюргандур. Чунончи, ҳазрат Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломга Аллоҳ таола хитоб қилиб: “ فَقُولَا لَهُ قَوْلاً لَّيِّناً яъни "бас, иккингиз (Мусо ва Ҳорун)унга(Фиравн) юмшоқ сўз айтинг", (“Тоҳа” сураси, 44-оят)деб буюрмоқда. Бас, бу амри илоҳийдир.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам: “وَلَوْ كُنتَ فَظّاً غَلِيظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِكَ” яъни Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар (“Оли Имрон” сураси, 159-оят) , – деди.

Бас, бу амри илоҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга омма қавмга юмшоқликка риоя қилмоқ билан таъзим (улуғ) ва такрим (икром, ҳурмат)га эътибор қаратиб, Абу Ҳакам бўлган амакисига юмшоқлик қилишга буюриб, юмшоқликка лойиқ расулликларини эслатиб қўйди. Яъни Абу Лаҳабга ҳам хушмуомала бўлишга буюрмоқда. Хусусан, улуғ хулқ билан таърифланган, раҳматан лил оламин сифати билан юборилган, Расули акрам солллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари ҳам мазкур ҳукмга итоат этмоғи лозимлиги ва унга тобелиги тушунилади.

Танбиҳ – бу қарордан келиб чиқадики, ким бир дилозорнинг ноҳақ айблаган маломатига юмшоқлик билан жавоб қилиб, унинг ишини худога қўйса, Аллоҳ таоло у кишига озорига яраша жавобини беради. Юмшоқлик билан жавоб берган кимсага нусрат ва иноятини етказади. Чунончи ҳадисда ворид бўлибдики, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг одатларидан бири бу эдиким, ҳар қачон бир киши ул жанобга озор ва дашном берса жавоб қайтармай сукут сақлаб, жим турар эдилар. Бир куни бир киши ул жанобни маломат қилди. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ул маломатчини қайтариб, зажр қилмоқни бошладилар, бас, Абу Бакр Сиддиқ ҳам ул шотим (ҳақаротловчи)га жавоб бермоқни бошладилар. Шунда  Расулуллоҳ хомуш бўлиб, жим бўлдилар. Ҳазрат Абу Бакр У ҳазратнинг сукутларининг сабабини сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сукутимнинг сабаби, модомики сен жим эдинг,  сенинг ўрнингга бир фаришта жавоб берарди. Вақтики жавоб беришни бошлагандинг ул фаришта кетди ва шайтон келди”, – дедилар.

Эй, диндош биродорлар, бу ҳадис мазмунидан панд олинг ва мулоҳаза қилингким, муомала тўғрисида ёки бошқа сабаблар бирла ўрталарингизда  бирор ишда мужодала ва муҳосама (талашиб-тортишиб) қилиб,бир-бирингизни айблаб, уришиб, ҳаддан ошиб, тажовуз қилиб, баланд овозда бир-бирингиз билан бақир-чақир айлаб,ножоиз сўзлар билан бир-бирингизнинг шаънингизни тўкиб айтишмоқ, худонинг амри, Расулининг суннатига номувофиқ эканини эсдан чиқарманг. Чин мўмин бўлсангиз бу каби сафиёна (ақлсиз)лар ахлоқидан узоқ бўлинг ва одоб-ахлоқни ўзингизга лозим тутинг.

Шермурод ТОҒАЙ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!