"Масад" сураси тафсири (2-оят)

00:30 24.07.2018 606

مَا أَغْنَى عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ

"Унинг моли ва касб қилган нарсаси ҳалокатни ундан кетказолмади". "Расволикни ҳам узоқ қилолмади". Ёки "Абу Лаҳабнинг моли ва касб қилган нарсаси ундан нимани кетказди ва қайтарди?" Яъни қайси азобни ундан кетказди? Ибн Жарир Табарий бу маънони ихтиёр этибдур: “Эй молдорлар, эътибор билан эшитингки, Аллоҳ субҳанаҳу айтмоқда:  Абу Лаҳаб молига ишониб ҳақ динни қабул қилмоқдан бош тортди ва Аллоҳнинг Расулига такаббурлик кўрсатиб, нопок сўзларни қилди. У айтган сўз ва қилган ишлари учун азоб ва абадий ҳалокатга ташланди. Унинг моли ундан ҳеч бир азобни даф қилолмади, заррача фойда ҳам беролмади. Илоҳий хабар билан маълум бўлдики, у лаъинга моли ва эргашганлари зарра қадар фойда ва ёрдам бермади. Балки илоҳий азобга сабабчи бўлди. Ушбу такаббурликка сабаб уни ғурурлантирган моли ва эргашганлари эди. Агар у малъун мол-дунёсига мағрур бўлмай, мискин дил бўлса эди, абадий ҳалокатга грифтор бўлмасди.

Оқил киши қандай қилиб дунё молига кўнгил қўйиб, ҳақни қабул қилмоқдан юз ўгиради? Дунёнинг ҳаваси ширин кўриниб, ҳақдан тўсганда, унинг моли бирор азобни қайтаролмаслиги аниқ-ку! Қорундай молдор бўлган кишига ҳам азоби илоҳий етиб, уни ер ютганда моли унинг додига етмади ва унга ҳеч бир фойда бермади. Бас, энди халқ ўртасида " مَا أَغْنَى عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ"  деб ҳикоя бўлишни истамасангиз, дин ва миллатингиз фойдасига ва яхшилик йўлида молингизни сарф этиб, сизни яхшилик билан зикр этадиган, эслайдиган ишларга ҳаракат қилинг. Аллоҳ таолонинг каломи  –“ أُوْلَئِكَ يُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَهُمْ لَهَا سَابِقُونَ” яъни “Ана ўшалар яхшиликларга шошилурлар ва улар ўша (яхшилик)лар учун мусобақа қилурлар” (“Мўминун” сураси, 61-оят)  ояти ишора қилган, икки оламда бахт келтирадиган ишларни қилишга ғайрат кўрсатинг.

 “وَمَا كَسَبَ” яъни “касб қилган нарсаси” борасида муфассирлар бир неча эҳтимолларни баён қилган. Чунончи  “ مَالُهُ” яъни “унинг моли” дан мурод қайси бир молдан бўлса ҳам,“وَمَا كَسَبَ” яъни “касб қилган нарсаси”  дан мурод ўзи касб этиб, ишлаб топган молидир. Ёки мутлақ унинг тасарруфи (ихтиёри)даги моли, “وَمَا كَسَبَ” яъни “касб қилган нарсаси”дан мурод аъмол (амаллар)дан, авлод (фарзандлар)да содир бўлган ишлардир. “وَمَا كَسَبَ” яъни “касб қилган нарсаси”дан ул лаъиннинг Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг адоватида турли ҳийлалар қилмоқ тўғрисида вужудга келтирган хабис (ифлос) амалдур. Яъни Абу Лаҳабнинг ёмон амалларининг жазоси учун унга ҳалокат ва расволик келганда, унинг моли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга душманлик қилмоқ мақсадида ҳийла ва ёмон амаллари унга ҳеч бир фойда бермади демоқдир. Ёки “وَمَا كَسَبَ” яъни “касб қилган нарсаси”дан мақсад ул лаъин ўзига манфаат ва фойдаси етар деб гумон қилмоқ билан қилган амалдир (Абу Лаҳабга азоби илоҳий нозил бўлганда, унинг моли ва ўз эътиқодида хайрли амал деб бир фойдани умид қилган амали унга ҳеч фойда бермади демакдур). Чунки у лаъин билмадики, амалнинг фойдаси шариат буюрган амрга мувофиқ сарфлансагина бўлади. Шариатга хилоф ибодат, инсон ўзича савоб ва хайрли деб ихтиро қилган (ўйлаб топган) амалларининг фойда ва самараси бўлмайди.

Бас, баъзи инсонлар баъзи ихтиро (ўйлаб топган)ларини ўзларига худо деб эътиқод қилиб, уни халқ ичига тарқатадиганлар бу амаллардан сақланишлари керак, чунки ўйлаб топганлари нотўғридир. Ҳар қандай ибодат ва шарафли амал шариатга мувофиқ бўлмоғи зарур. Шариатда асл ва асоси йўқ, Аллоҳ буюрмаган нарсаларни ўзларининг фикр ва ўйларича ибодат деб риёзат чекишлари Ислом асосларига мувофиқ эмасдур.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бизнинг бу динимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у қайтарилгандир ”, ҳадисига мувофиқ асоссиз ибодатлар мутлақо рад қилинган.

وَمَا كَسَبَ” яъни “касб қилган нарсаси”дан мақсад  деб билдирилган фикр ва мулоҳзазалардан мақсад бола ирода қилинган бўлиши ҳам мумкиндир. Ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади, Ойша розияллоҳу анҳо: “Албатта кишининг еган таомининг энг покизаси ўз касбидан еган таомидир ва албатта кишининг ҳам ўз боласи касби (амал)дандир, деганлар. Ҳазрат Ойша:  “مَا أَغْنَى عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ” ни ўқиб, “وَمَا كَسَبَ” яъни “касб қилган нарсаси” унинг боласидир”, – дебдилар.

Абдурраззоқ ривоят қиладилар: Ато ибн Абу Рабоҳ “مَا أَغْنَى عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ” , яъни “Унинг моли ва касб қилган нарсаси ҳалокатни ундан кетказолмади” тафсирида унинг касби боласидир дерлар. Яна Мужаҳид ва Ойша “وَمَا كَسَبَ” яъни “касб қилган нарсаси” боласидир деган фикрни айтганлар.

Ибн Жарир Табарий: “وَمَا كَسَبَ” яъни “касб қилган нарсаси”дан мурод боласидир деган таъвилни айтганлар. Бу маъно Ибн Аббос Мужаҳиддан бир неча йўлларда ривоят қилинган.

Абу Лаҳабнинг боласидан мақсад жаноб Шаҳриёр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан беадаблик кўрсатиб, ул ҳазратнинг дуои бадига учраши сабаб ҳалок бўлган Утайбадур. Аксар муфассирлар ва муҳаддислар зикр қилганларида у Утба эмас, зеро, Утба ва Муаъаттаб ҳар иккиси фатҳ кунида Исломга кириб, саҳобалар қаторидан жой олган. Саҳобаларнинг зикри таълиф қилинган китобларда уламолар сифатлаганларига кўра, улар саҳобалар қаторида саналади. Мавлоно Абдулҳақ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ “Мадориж”да “Равзотул аҳбоб”китобида ривоят қилганлари сўзларимизни тасдиқлайди.

“Сийратул Ҳалабийя”да ҳам Утбанинг явмул фатҳда Исломга кирганини тасдиқлайди.

Утайбанинг балога учраши ва ҳалок бўлганига адабсизлигини сабаб қилишади.

Табароний Қатодан: Расулуллоҳнинг қизлари Умму Кулсумга Абу Лаҳабнинг ўғли Утайба уйланди ва яна бир карима қизларига Утба уйланган эди. Аллоҳ таоло “Таббат” сурасини нозил қилганда, Абу Лаҳаб ўғиллари Утайба ва Утбага: “Агар Муҳаммаднинг қизларини талоқ қилмасангиз, сизлар менинг фарзандларим эмассиз. Хотинларингизни қўйиб юборинглар, чунки улар Қурайшнинг динидан чиқиб, янги динга кирибдирлар”, – деди. Абу Лаҳабнинг ўғиллари ул икки нуридийда қизларни талоқ қилди.

Утайба малъуннинг жаноби Расулуллоҳнинг дуои бадига дучор бўлганининг воқеаси бундайдир: “Ваннажм” ояти нозил бўлганда Утайба ибн Абу Лаҳаб жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурига келиб: “Эй Муҳаммад, мен “ваннннажми иза ҳава”нинг роббисига кофирман”, – деб Расулуллоҳнинг муборак юзларига тупуриб, ҳурматсизлик қилди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайи васаллам: “Аллоҳим, итларингдан бир итни анга мусаллат (жазоловчи) қилгил”, – деб дуои бад қилдилар. Баъзи эътирозчилар Расулуллоҳнинг Утайбага қилган дуои бади Расулууллоҳнинг марҳамати (улуғлиги)га дуруст эмас эди деб айтишади. Уларга жавобимиз шуки, албатта, Қуръонда Аллоҳ таоло “сиз улуғ хулқ узрадирсиз” деб васф этилган Пайғамбаримиз тарафидан, афв ва марҳамат беқиёсдир. Аммо ул абадий бадбахтликка учраган, ул шоҳи соҳиби рисолат Расулуллоҳнинг қизларини Аллоҳни ягона деб имон келтирганига душман тутиб, сабабсиз талоқ қилиб, хотинлар шаънига ор бўладиган бир ишни қилди. Бундан ташқари, Расулуллоҳ жанобларига одамлар олдида ғоят адабсизлик кўрсатиб, беҳурматлик қилган жиноятини набийлик (меҳри) ҳилми билан кечириб, меҳр кўрсатсатишлари керакмиди? У гумроҳ жаҳаннамий, ўзининг абадий шақовот (бадбахт) эканини изҳор айлаб, Аллоҳ таолога бешак кофир эканини ошкора эълон қилиб, куфрини очиқ айтиб, унинг сабаби билан азобга мустаҳиқ, ҳақлилигини ўзи хоҳлади. Расулуллоҳ унинг куфрининг жазосини Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола айлаб: “Ё Робб, унинг жазосини ўзинг бергил ва унга итларингдан бир итингни мусаллат қилгил”, – деб даргоҳи илоҳийга илтижо қилишларига ажабланиш ақлга сиғмайди. Унинг куфр билан дунёдан ўтмоғи қилган ишидан, шубҳасиз, намоён бўлди. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳга у дуо ваҳий билан билдирилди.

Ушбу ояти каримада зикр қилинган воқеага илоҳий хабар сабаб бўлгани Расулуллоҳнинг ҳақ ва содиқ расул эканликларини кўрсатилди. Буни ақлли инсонлар ўйлаб, тадаббур қилишлари лозим. 

Абу Лаҳаб лаъиннинг моли унга фойда бермагандек унинг боласи ҳам фойда етказолмади. Ўзидан олдин боласи расво ҳолда бир балои азимга дучор бўлиб ўлди.

У лаъин жаноб Расулуллоҳга беҳурматлик қилиши билан Ҳазратнинг дуои бадига  йўлиқди. У  мажлисда Абу Толиб ҳам бор эди. У: “Муҳаммаднинг дуои бадининг ўқидан сени қайси нарса қутқариб қолур?” – деди. Шу орада ул малъун тижорат учун Шомга бормоқ мақсадида сафарга отланди. Йўлда бир манзилга етдилар. У ерда шерлар кўп эди. Бир роҳиб: “Бу ерни бекор манзил қилибсиз. Чунки бу ерда шер ва даррандалар  кўп, жуда эҳтиёт бўлинглар”, – деди. Абу Лаҳаб бу сўзни эшитиб, ўғли ҳақида Расулуллоҳнинг қилган дуои бади ёдига келди. Карвон аҳлига: “Эй карвон аҳли, бу кеча менга ёрдам беринглар, мен ва ўғлимга шерлар ҳужум қилишидан қўрқаман”, – деди. Карвон аҳли юкларини жамлаб, бир-бирининг устига қўйиб алоҳида жой қилди. Атрофига туяларни доира шаклида айлантириб, ётқиздилар. Утайбани юкларнинг устига чиқариб ётқиздилар. Уни ўртага олиб, машъала ёқиб атрофни кузатиб ўтирдилар. Тун ярмидан оққандан сўнг уларга уйқу ғолиб келди ва ухлаб қолдилар. Шу пайт бир шер келди. Уларни ҳидлаб-ҳидлаб бирортасига тегмади. Сакраб Утайба ётган юкнинг устига чиқди ва уни бақиртириб кўтариб кетди. Узоқдан келаётган Утайбанинг фарёдини карвон аҳли эшитди. Яна бир ривоятда бошини узиб олди ва келган йўлига кетди. Эрталаб карвон аҳли турганларида Утайбанинг ўлигини кўрдилар.

Аммо Абу Лаҳабнинг ҳалок бўлиши Бадр ғазотидан бир неча кун кейин араблар ўртасида адас деган бир нав касалликка учради. Баданига қизил нарса тошиб, қаттиқ азоб чекиб ҳалок бўлди. Араб халқи касалликнинг ёмонлигини билишарди. Касаллик юқиб қолишидан қўрқишиб, унга яқинлашмас ва кўргани боришмасди. Абу Лаҳаб ўлганда ўғиллари ҳам касаллик юқиб қолишидан қўрқди ва оталарининг ўлигига яқинлашмади. Абу Лаҳабнинг жасади қуриб, сасиб, уч кун қолиб кетди. Халқнинг маломат ва мазамматидан қўрқиб, шалварига арғимчоқ боғлаб, судраб, палид (ифлос) жуссасини чуқур қилиб қазилган ўралардан бирига жуссасини ёғочларда суриб-суриб тушириб, устига тупроқ ташлаб кўмиб ташладилар. Дунёдаги ҳасрат ва азоблари, расволиги мана шундай бўлди. Унинг охиратдаги азоби бунданда ёмон бўлишини Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Бу воқеа қиёматгача келадиганлар учун ибратким, ким Аллоҳ таолонинг дини ва расулини ҳақорат қилса, мана шундай хорлик ва ўлимга учрар ва қиёматда дўзах оташида азобланади.

Аллоҳ таолонинг: “مَا أَغْنَى عَنْهُ مَالُهُ وَمَا كَسَبَ” , яъни “унинг моли ва касб қилган нарсаси ҳалокатни ундан кетказолмади” каломининг мазмунига кўра, Абу Лаҳабнинг моли ва боласи ҳеч қандай фойдаси бўлмади. Албатта бу Расулуллоҳнинг мўъжизаларидандур. Чунки Аллоҳ таоло ул ҳазратга ғайбдан хабар берди. Ул ҳазратнинг берган хабари воқеан содир бўлди. Сураи “Таббат”нинг нузули  Маккада рисолатнинг бошланишида бўлди.

Қуръонннинг бандаларни ожиз қолдиришидан бири ғайбдан бериладиган хабарларнинг ростлигидадир. Қуръони карим берган ғайбий хабарлар тўғри ва ростлигининг рўёбга чиқиши ва бу хабарлар ўз ўрнида зикр қилинади.

“Иғноун” луғатда фойда бермак ва манфаат етказмоқ маъносидадур. Бу тафсирга кўра, баъзилар Абу Лаҳабга унинг моли ва касб қилган бузуқ ва хабис амаллари Расулуллоҳга душманлик қилиб зарар етказаман деган мақсадига ҳеч нафи тегмади.

Абу Лаҳаби лаъин ўзича Расулуллоҳга душманлик қилмоқ ва ул жанобнинг динни ёйишидан мол ва қувват билан қаршилик қилсам фойда беради, деб ўйлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшлиикларни Исломга даъват қилиш учун чиққанларида, Абу Лаҳаби лаъин орқаларидан юрарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Аллоҳ таоло тамонидан юборилган расулман, Аллоҳ бирдур. Исломга киринг ва абадий нажотга эришасиз”, – десалар. Абу Лаҳаб: “Зинҳор сўзини қабул қилмангки, бу сеҳргар ва жиннидур”, – деб халқни ҳақдан қайтарарди. Бошқа қабилалардан келадиган зиёратчи ва тожирларга турли ёлғон ва бўҳтонлар айтиб, уларни  Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи васалламнинг ҳузурига боришдан қайтарарди. Унинг ушбу ҳийла ва ёлғон сўзлари ўлганида ҳеч бир фойда бермади. Балки дунё ва охират азобига гирифтор қилди. Расво азоб ва ўлим топди. Мурдаси оёғидан судралиб жаҳаннам чуқурига отилди. Қиёматда эса грифтор бўладиган азобга учрашини Аллоҳ таоло кейинги оятда хабарини беради.

Шермурод ТОҒАЙ


"Масад" сураси тафсири (1-оят)

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!