"Масад" сураси тафсири (4-оят)

00:00 10.08.2018 311

وَامْرَأَتُهُ حَمَّالَةَ الْحَطَبِ

У (Абу Лаҳаб)нинг хотини ҳам шуълали дўзахга эри билан бирга киради, яъни хас ва тиканли ўтинни кўтаргувчи хотини”.

У хабиса аёлнинг “Хас ва тиканли ўтинни кўтаргувчи хотини” деб айтилиши дўзах ўтинларини кўтаришига киноядир. Жаноби Расулуллоҳга душманлик қилиб озор бергани ва эрини Аллоҳнинг пайғамбарига озор беришга чорлаб кўмаклашгани сабаблидир.  У малъунанинг Расулуллоҳга озорларининг “ҳатоб”га ўхшатилиши ўтин оловни қиздиргани каби жаҳаннам ўтининг ҳарорати ва шуъласи гуноҳкорлар ва итоатсизларга ўтин бўлишидир. Шу сабабли у хабиса “ хас ва тиканли ўтинни кўтаргувчи хотини ” мисол қилинди.

Хас ва тиканли ўтинни кўтаргувчи хотини”  деган сўз чақимчиликка киноядир (Уммужамил Ҳарб ибн Умайянинг қизи, Абу Суфённинг синглиси эди. У доимо одамлар, қариндошлари  ва қабиласи ичида Расулуллоҳни ёмонлаб,чақимчилик қилар, турли бемаза гап тарқатагани учун  “ хас ва тиканли ўтинни кўтаргувчи хотини ” дейилди, дедилар  Шайх Муҳаммад  Абдуҳ роҳматуллоҳи алайҳ).

Киноя (ўхшатиш) билан  келтирилишига сабаб бу дунёда оловнинг ёниб, тобга келмоғига ўтин сабаб бўлганидек, хусумат ва адоват ўтинининг шуълаланмоғи маъсият, гуноҳ сўзлар сабабидандир. Чунки чақимчи бир соат ичида шундай фасод тарқатдики, сеҳргар уни бир ойда ҳам қилолмайди. Демак, сеҳргардан чақимчилик ёмонроқ экан. Аммо сеҳр ва чақимчилик бир бўлса, унинг гуноҳи ҳадсиздир.

Умму Жамил малъуна одамлар ўртасида гап тарқатиб, одамлар ўртасини бузишдан фахр қиларди, дейилади Ибн Жарир ва Ибни Ҳотимдан қилинган ривоятда. Қатода эса: “ хас ва тиканли ўтинни кўтаргувчи хотини ” одамларнинг гапини бир бирига ташувчилардир”, – дедилар.

Ибн Жарир, Ибни Мунзир,  Аби Ҳотим ва Мужоҳидларнинг бошқа ривоятларида “ хас ва тиканли ўтинни кўтаргувчи хотини ” гап ташувчи дебдилар.

Ибн Аби Ҳотим ва Ҳасан Басрий: “Ул хабиса аёл  бутун Қурайш ичида чақимчилик қилиб, фитна ва фасод тарқатиб юрарди”, – деганлар.

“Саҳиҳул Бухорий”да Мужоҳиддан: “ хас ва тиканли ўтинни кўтаргувчи хотини ” дан мурод чақимчилик қилувчидир”, – деб ривоят қилганлар.

Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”да Фарёбий бу сўзни Мужоҳидга  мавсулан (боғлаб) ривоят қилибдур. Саъид ибн Мансур Муҳаммад ибн Сирин ҳам шу тариқа  нақл этибдурким: “Абу Лаҳабнинг хотини гап ташиб Қурайш орасида адоват ўтини ёндириб, хусумат оловини ёқар эди. Бас, шу сабаб унинг чақимчилигидан “ хас ва тиканли ўтинни кўтаргувчи хотини ” деб киноя (ўхшатилди) қилинди”.

Хулосаи калом, Уммужамил малъунанинг одамлар ўртасида гап юритиб, фитна ўтини ёқиб, фисқу фасод қўзғаб юришни ҳезим (хотинчалиш) кишига ўхшатилди. Шоир демишки:

Миёни  ду каси жанги чун оташ аст,

Суханчин бадбахт ҳезимкаш аст.

Таржимаси:

Ким икки киши орасига адоват ўтин ёқур,

Билки,  у киши чақимчи, ҳезим дурур.

Бас, суханчин, гап тарқатувчи унга одат қилган кишининг маломатлар ичида қолишига бу оят кифоядир. Умму Жамил хабисанинг эри Абу Лаҳаб билан бирга жаҳаннамга киришига биринчи сабаб унинг одамлар ўртасида гап тарқатиб, чақимчиликдек қабиҳ (бузуқ иш) амални одат қилгани  бўлди.

Мўминлар Ҳақ йўлини тутиб, бундай ёмон хулқ ва амаллардан сақланинишлари вожибдур.

Саҳиҳ ҳадисларда  чақимчиликнинг ёмонлиги, мазаммати борасида жуда кўплаб ҳадислар келтирилган бўлиб, жумладан, Шайхони ривоят қилибдирким, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Чақимчилар жаннатга кирмайди”, – дедилар.

Ибн Ҳаббон “Саҳиҳ”ида , Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан шундай ривоятни келтиганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан (Макка ёки Мадина қабристонини оралаб) борар эдик, шунда икки қабрнинг олдидан ўтдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам ул жойда тўхтадилар. Бизлар ул ҳазрат билан бирга тўхтадик. Расулуллоҳнинг  ранглари ўзгариб, титрай бошладилар. Бу титрашдан кўйлакларининг этаги қимирлай бошлади. Бас, бизлар:  “Ё Расулуллоҳ бундай қилишингизга сабаб нима?” – дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аё, мен эшитиб турган нарсани сизлар эшитмайсиз!”  Сўрадик: “Ё Расулуллоҳ, ул нимадир?” Расулуллоҳ: “Ушбу икки қабрнинг соҳиби ўзларича енгил санаган гуноҳлари сабаб  қабрларида қаттиқ азобланмоқда”, – дедилар. Сўрадик:  Иккаласиининг азобланишларининг  боиси нимадир?”Расулуллоҳ: “Уларнинг бири ўзини бавл (сийдик)дан сақламасди, яъни бадан ва кийимига бавл тегар, ундан покланмай намоз ўқир ва  намози фосид бўларди. Бири  одамлар орасида чақимчилик қилиб, тили билан халққа озор берарди”, – дедилар. Сўнгра хурмонинг  ҳўл шохларидан икки шох синдириб келишни буюрдилар. Ҳар бир шохни қабрлар устига санчиб қўйдилар  сўнгра: “Шу икки шох қуригунча қабр азоби кўтарилади”, – дедилар. (Бу амал Расулуллоҳнинг ўзларига хосдир. Ҳамма қабрларга шох суқиши дуруст эмас дейилади. Бу ҳадисни   Икки Шайх ва “Сунанул Арба”да ривоят қилибдурлар)”.

Хулоса шуки, чақимчилик гуноҳи кабиралардандур.

Ҳофиз Мунзирий: “Чақимчиликнинг ҳаром, Аллоҳ субҳанаҳунинг наздида  катта гуноҳ эканига уломолар ижмоъ қилган”, – дебдилар.

Бас, бир гуноҳ жаннатга киришдан тўсса , дўзахга киришга, азобланишга сабаб бўлса, зарра ақли ва имони, инсонийлик асари бўлган киши ундан сақланишни ўзига вожиблигини билмоғи шартдур.

Эй мўмин биродорлар, ушбу оят ва ҳадислар мазмунини бир тадаббур қилиб кўринг, мазмум, ёмон хулқли кишига Аллоҳ таоло берган ва берадиган бу дунё ва охиратдаги азоби, одамлар ичида  нафратга учраши, у билан бирга ўтиришга ҳазар қилишлари ҳаммаси катта ибратдир.

Хас ва тиканли ўтинни кўтаргувчи хотини ”ни  Ибни Жарир Тобарий, Ибни Аббосдан, Язид ибн Зайддан Утятул Жазалий ва Ибни Зайддан, Заҳҳокдан ривоят қилинадики: “Абу Лаҳабнинг хотини  тиканларни елкасида  кўтариб, кечалари Расулуллоҳнинг йўлларига ташларди. Билмай босиб олиб озор чекиши, асҳоблари ҳам жафо кўришларини истарди”.

Сийрати ибн Ҳишомда ул малъунани:  “хас ва тиканли ўтинни кўтаргувчи хотини”нинг яна бир сабаби, Расулуллоҳнинг йўлларига тикан ташлаб қўйгани, Расулуллоҳни ва Қуръон оятларини мазаммат қилиб, озор бергани учун Аллоҳ таола уни хор қилиб шуълали ўтга ташлар”, – деганлар.

 

Муҳаммад Зарид ТОШҚАНДИЙ
Амма пораси тафсири китобидан,
Шермурод Тоғай тайёрлади

1-мақола
2-мақола
3-мақола

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!