Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Мазҳаббошимиз ҳақида янги китоб

3150

 

Бугундан бошлаб эътиборингизга туркиялик олим Эҳсон Шеножак қаламига мансуб “Имоми Аъзам изидан” номли асарини ҳавола этишни бошлаймиз. Ёш таржимон Абдулвоҳид Забиҳуллоҳнинг сай-ҳаракати ва ғайрати ила ўзбек тилига таржима қилинаётган мазкур рисола Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларидаги бошқа китоблардан илмий асослар ва далиллар асосида ёзилгани билан ажралиб туради. Ўйлаймизки, иншааллоҳ, манфаатли бўлади...

Муаллиф ҳақида: Эҳсон Шеножак 1974 йилда Туркиянинг Самсун вилоятида дунёга келган. 1994 йилда Самсун Имом-хатиб лицейини (Samsun İmam Hatip lisesı), 1999 йилда 19 май университетининг Илоҳиёт факультетини тамомлаган. 

2002 йили Диёнат ишлари бошқармаси Истамбул Ҳасеки таълим марказини (Diyanet işlerı başkanlığı Haseki Eğetim Merkezı) “Ислом фиқҳида тақлид” мавзуси бўйича магистрлик, кўп ўтмай “Ислом фиқҳида урфнинг ҳукмларга таъсири” мавзусида илмий ишини ҳимоя қилиб, докторлик даражасини олган.

“Олимлар мажлиси” (“Kudema meclisi”), “Ислом қизига” (“İslam’ın kızına”), “Қуръон мудофааси” (“Kur’anı kerim mudafaası”), “Суннатни рад қилган Қуръон мусулмонлиги” (“Sunnetı reddeden Kur’an muslumanlığı”), “Намоз инқилобдир” (“Bir inkilaptır namaz”), “Ифтиролар марказидаги саҳобий Абу Ҳурайра (“İftiralar odağındaki sahabi Ebu Hureyre”), “Мусулмон ёшларга” (“Musluman gence”), “Имом Аъзам изидан” (“İmamı Azam’ın izinde”) каби асарлари дунё юзини кўрган. 

Муқаддима

Ориенталистлар ва уларнинг таъсирида бўлган “модернист” мусулмонларнинг фиқҳ борасидаги энг кўп шубҳалари Абу Ханифа раҳматуллоҳи алайҳ номи атрофида шаклланмоқда. Чунки у зот жами мужтаҳидлар орасида Имоми Аъзам, яъни энг буюк имом ўлароқ мусулмон умматининг учдан икки қисми эргашадиган ижтиҳод соҳибидир. Ҳазрат Абу Ҳанифанинг насаби ва умр йўли, ижтиҳод усули ҳамда ҳадис борасидаги қарашларигача бўлган бутун ҳаёти бор бўй-басти билан эмас, асл ҳақиқатларга зид равишда тавсифланмоқда. Мақсад – буюк мазҳаббошининг ижтиҳоди нуфузини сусайтириш ва обрўсизлантиришдир.

Динимизда муҳим ўрин тутган “Иҳқаққи ҳақ” нақлига таянган ҳолда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни ҳимоя қилмоқ ёки у зотнинг ҳаёти ва фаолиятини саҳиҳ ҳолда ёритмоқ зиммамиздаги муҳим бир вазифадир. Зеро, ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонларни лойиқ бўлган даражада (мартабада) қадрлаш кераклиги ҳақидаги буйруқлари ҳақида хабар берганлар.

Абу Ханифа раҳматуллоҳи алайҳ мужтаҳид имомлар орасида энг улуғи ва илм манбаи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга замон эътибори ила энг яқин зотдир. У зот ривоят қилган айрим ҳадислар билан Расулимиз алайҳиссалом ораларида фақат битта саҳоба бор. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ 40 нафар мужтаҳид билан 30 йил ижтиҳод қилганлар, 83 минг масала юзасидан фатво берганлар.

Мусулмонларга Таҳсин Афанди номи ила танилган асли инглиз миллатли Мистер Небит каби исломни ёлғон-носаҳиҳликлар билан тўлдириш ниятида бўлган кимсалар кўп эди. Улар шомдан тонгга қадар сохта ҳадислар тўқишар, кундузлари бўладиган “илм мажлис”ларида эса уларни омма орасига ёйишар эди. Ҳақ билан ботил аралашиб кетади. Зиндиқлар тўқиган ҳадисларга таянган ёхуд уларнинг қарашлари билан тўйинган ғайри исломий таълимотлар Мўътазила ва Хорижия каби фирқалар томонидан қўллаб-қувватлантириларди, ташвиқ қилинарди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай бир муҳит ҳукм сурган даврда ўз ижтиҳодлари билан мусулмон уммати учун йўл харита тузади.

Таҳсин Афандилар тузоғига илинмай, Исломнинг асл моҳияти қандай эканилигини исботлаб беради. Куфада бошланган ирфоний уйғониш Басра, Бағдод орқали бутун дунёни қамраб олди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ўзини ўйлантирган масалаларда Абу Ҳанифадан кўмак оларди, Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ Имом Аъзамни кўрмаган эса-да, у зотнинг шогирди Имом Муҳаммадга толиб бўлди. Аҳли сунна вал жамоа олим ва фозиллари Абу Ҳанифанинг “Имоми Аъзам” эканлигига иттифоқ қилди. Имом Суютий, Ибн Ҳажар Маккий каби турли мазҳабга мансуб олимлар ўз асарларида буни алоҳида таъкидлашган. Аммо зиндиқлар-да бўш келмади. Умматнинг бирлигини йўқотишга қаратилган ҳар қандай ишни тўхтовсиз амалга оширишди. Ҳатто айрим аҳли илм кишилар ҳам шу йўлда жидду жаҳд қилдилар. Хатиб Боғдодий “Тарихи Мадинатус салом”, Жувайний “Муғисул халқ” асарида зиндиқларнинг сафсата-ёлғонларини асос сифатида кўрсатишган. 

Бу асарлар тўртала мазҳаб уламоларининг ғазабига учраган, уларга раддиялар ёзишган. Шундан сўнг бундай мазмундаги асарлар бир муддат замон саҳнасидан йўқолди. Лекин замонимизга келиб мазкур асарлар қайта чоп этилиб, уммат орасида тарқатилади. Ушбу асарлардан улги ва куч олганлар “Абу Ҳанифа ҳам бир мужтаҳид, биз ҳам. Унинг қандай устунлиги бор” деган жасорат билан кўкрак керишади. Зоҳидул Кавсарий Хатиб Боғдодийга қарши “Таънибул Хатиб”, Жувайнийга қарши “Иҳқоқул ҳақ” асарлари билан ботил қарашлар оловини сўндирди...

Бу китобнинг асл мақсади саксон уч минг мавзуга доир ижтиҳоди билан Уммати Муҳаммаднинг йўлини равшанлаштирган Абу Ҳанифани янада яхшироқ танитиш, мазҳаббузарлар тузоғига илинмай буюк Имом изидан қандай юрмоқ даркорлигини баҳоли қудрат кўрсатишдир.

(давоми бор) (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм)

Таржимон: Абдулвоҳид Забиҳуллоҳ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Имом Абу Ҳанифа кўрган саҳобалар

883 18:55 09.06.2021

“Имоми Аъзам изидан” (14-қисм)

707 03:30 04.05.2021

Тожирликдан олимликка

1196 22:00 30.04.2021

“Куфада тўрт минг киши ҳадис, тўрт юз киши фиқҳ ўрганмоқда эди”

904 23:00 08.04.2021

Қозилик мансабини қабул қилмадилар...

1043 23:00 19.03.2021

Имоми Аъзам давлат вазифасини қабул қилмагани учун дарраланди

1295 21:00 10.03.2021
« Орқага