Европада сўз эркинлиги ва диний қадриятларга ҳурматсизлик қилиш ўртасидаги нозик мувозанатнинг бузилгани, холислик тарозисининг бир палласи масхаралаш томонга оғиб кетгани яққол кўриниб қолмоқда. Пайғамбаримизга қарши карикатуралар чоп этиш, Қуръон нусхаларини ёқиш каби ҳолатлар шунга мисол бўлади. Энг ёмони, бунга ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари хайрихоҳ бўлмоқда, ҳатто ҳимоя қилмоқда. Буни “сўз эркинлиги”ни таъминлаш дея тақдим этишга уринмоқда.
AzonTV да эфирга берилган «Фикрат» таҳлилий кўрсатувининг навбатдаги сонида сиёсатшунос Фарҳод Толипов билан суҳбат ўтказилди. Кўрсатувда сиёсатшунос Европада диний муқаддасотларга ҳурматсизлик “сўз эркинлиги” деб айтилишига ҳам муносабат билдирди.
- Албатта Европа давлатларида ҳам бу борада қонунлар бор ва у яхши ишлайди. Фақат сўз эркинлиги ва ахлоқсизлик чегараларини инобатга олган ҳолда бу қонунларни бир ревизия қилиб чиқишлари керак, менимча, дейди сиёсатшунос Фарҳод Толипов. – Ахлоқсизлик ва уни тарғиб қилишни тақиқлаш каби қарорлар қабул қилиш зарур, деб ўйлайман. Чунки бир ахмоқнинг “билганимни қиламан” қабилидаги ахлоқсиз хатти-ҳаракатларининг аввало сўз эркинлигига алоқаси йўқ, қолаверса, бу қилмиши бутун миллат манфаатларига зид келиши мумкин. Масалан, Франциянинг “Шарли Эбдо” нашри Муҳаммад пайғамбарга қариш карикатуралар эълон қилиши ҳам сўз эркинлиги дейилди. Ҳамма журналистлар унинг ёнини олишди. Афсуски, Франциянинг ўзидаги террорчилар уларга ҳужум қилиб талофот етказди. Албатта бу жиноятни оқламаймиз. Лекин оқибати ёмон бўлганини таъкидламоқчимиз холос. Ёки Туркия элчихонаси олдида Қуръон нусхасининг ёқилишига жавобан Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш имкониятлари кескин пасайиб кетгани ҳам бунга жонли мисол бўлиши мумкин.
Мантиқан фикрлайдиган бўлсак, қонунлар миллат ва давлат манфаатларига хизмат қилиши, унинг тараққиёти ва яшовчанлигини таъминлаши керак. Бироқ юқорида зикр этилган воқеалар бу ахлоқсизларни ҳимоя қилувчи қонунларнинг номақбул эканини исботлаб беряпти.
Қолаверса, Европанинг айрим давлатларида диний бўлмаган тушунча Холокостни инкор этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Демак қонунларни ревизия қилиш тажрибаси бор амалиётда. Лекин афсуски, бутун мусулмонлар учун муқаддас бўлган Қуръонни ёқса, сўз эркинлиги деб ҳимоя қилиб ўраб туришади. Бу ўринда холислик тарозиси ҳам бузилганини эътироф этиш керакка ўхшайди, дейди сиёсатшунос Фарҳод Толипов.
Фарҳод Толиповнинг сўзларини тасдиқлаган ҳолда шуни қўшимча қилиш мумкинки, холислик ва икки хил стандартлар бу ерда ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Айтайлик, ўша “Шарли Эбдо” нашри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайли валсалламни масхаралаб, карикатуралар чоп этганида, аксар россиялик журналистлар франциялик ҳамкасбларини қўллаб, “Мен Шарли Эбдоман” деб ёзилган кўйлаклар кийиб, эфирга чиқишганди. Лекин Мисрдан кўтарилаётиб, ҳалокатга учраган Россия самолётининг қурбонлари устидан масхара қилиб карикатура чоп этганида, худди ўша журналистлар ахлоқ ҳақида, "лаънати" "Шарли Эбдо" ҳақида жўр бўлиб гапиришга тушди. Бундан кўринадики, Европанинг ҳозирги тамаддуни учун сўз эркинлиги худди ўлчами номаълум кўйлакка ўхшаб қолди: кимгадир тўғри келади, кимгадир тўғри келмайди. Фақат негалигини ҳеч ким аниқ билмайди...