Машойихлар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ (1-қисм)

09:00 13.08.2019 450

Дин вақти-вақти билан келиб турадиган етук иқтидор соҳиблари билангина яна ҳаётга, ўзининг навқирон даврига қайтади, яна гуллаб яшнайди. Замонавий жамият ва янги замон руҳияти билан ҳамоҳанг бўлиш учун ана шу етук иқтидор эгалари, мужаддид ислоҳотчилар хизматига эҳтиёж сезади. Зеро улар кўпчилик инсонларда учрамайдиган мустаҳкам имон ва кучли руҳиятга эга бўлганлар. Улар шаҳватга берилмаган, дин йўлига чақиришда фидойи бўлган. Бошқаларга нисбатан илмли ва ақлан етук бўлганлар. Динга эргашганларга қайтадан ишонч ва янги руҳ бағишлай олганлар. Аллоҳнинг калимасини олий қилишда ва суннати Набавияни тирилтиришда ибрат мисоли намуна бўла олганлар.

Шундай шахсиятлардан бири Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдир.

Ҳасан Басрийнинг шахсияти ва истеъдоди
(1-қисм)

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 21 йили туғилдилар. Оталари Ясор машҳур саҳобий, ваҳий котиби Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг, оналари Хоййироҳ эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг мавлолари бўлиб, ёш Ҳасан Умму Салама розияллоҳу анҳонинг уйларида улғайдилар. Шу сабаб у зот кўпгина саҳобалар билан учрашиб, улардан ҳадис эшитдилар.

Аллоҳ таоло у зотда инсонлар қалбига таъсир эта олиш, жамиятда дин ва диндорларнинг қадрини юксалтириш имконини берувчи фазилат ва иқтидорларни мужассам қилиб қўйганди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир ва ҳадис борасида чуқур билимга эга эдилар. Ўша даврларда мазкур фанлар билимдони бўлган кишигина ўз тарғиботини кенгайтирар ва ислоҳотларни амалга ошира олар эди.

У зот саҳобалар розияллоҳу анҳум асрини топдилар ва уларнинг кўпчилиги билан замондош бўлиб яшадилар. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёт йўллари ва панд-насиҳатларидан саҳобалар даврида чуқур илм олганлари ҳамда унинг руҳини ҳис қилганлари кўриниб туради. Мазкур фазилатлар самараси ўлароқ, у киши Ислом жамияти қай тарзда ривожлангани ва қаерда ўз йўлидан оғишганини яхши англаб етганлар.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ўта билимдон, ҳаётни яхши англайдиган ҳамда жамиятнинг барча қатламлари, урф-одатлари, ахлоқи, камчилик ва хасталиклари ҳақида теран тасаввурга эга эдилар.

Шу билан бирга Аллоҳ таоло у зотни равон тил, ёқимли нутқ ва эшитувчилар қалбига таъсир эта олиш каби ҳислатлар ила икром қилган эди. Абу Амр ибн Ало айтадилар: “Ҳасан Басрий ва Ҳажжож ибн Юсуфдан-да нутқи равон кишини кўрмадим. Аммо Ҳасан Басрий Ҳажжож ибн Юсуфдан кўра фасоҳатлироқ эди”.

У зотнинг чуқур билим соҳиби экани борасида Роиъ ибн Анас бундай дейди: “Ўн йил Ҳасан Басрий билан ҳамроҳ бўлдим. Ҳар куни ундан аввал эшитмаган нарсаларимни эшитар эдим”.

Муҳаммад ибн Саъд бундай дейди: “Ҳасан Басрий барча илмларни ўзида жамлаган, фақиҳ, ишончли, ибодатгўй, равон нутқли, ҳушсурат киши эди. У киши Маккага келиб бир сўрига ўтирди. Унинг атрофида одамлар тўпланди. Шунда одамлар: “Бундай инсонни ҳеч ҳам кўрмаганмиз”, дейишди.

Собит ибн Қурра Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳни қуйидагича таърифлайди: “Ҳасан Басрий илмда, тақвода, зуҳдда, парҳезда, иффатда, мулойимликда, фиқҳда ва маърифатда порлоқ юлдуз эди. Унинг мажлисида кўп турлик кишилар тўпланар эди. Бир жамоа у зотдан ҳадис эшитса, бошқаси таъвил (тафсир илми)ни ўрганарди. Яна бири ҳалол ва ҳаромни эшитар, бошқаси фатво сўрар, яна бири ҳукм чиқариш ва қозиликни ўрганар, яна бошқа бир гуруҳ эса панд-насиҳат тингларди. У зот бу илмларнинг ҳаммасида тубсиз денгиз, порлаб турган чироқ каби эди. Ҳасан Басрийнинг амирларга узил-кесил сўзлар ила қилган амру маъруф ва наҳий мункарлари ҳеч қачон унутилмайди”.

Булардан-да ҳайратланарлиси, яъни кишилар қалбига таъсир этишлари, одамларни ўз тарғиботларига маҳлиё қилишлари ва кўпдан-кўп уламоларнинг насиҳатларини тинглаб ҳам қалби юмшамаган инсонлар у зотга бўйин эгишлари, буларни барчасининг сири ул зотнинг кучли руҳият ҳамда қизғин ҳиссиёт соҳиби эканлиги, софдил зотларнинг энг улуғларидан бўлиб, нутқ равонлиги ҳамда имон қувватини ўзларида мужассам қилгани, гапларига ўзлари ишонганлари, эътиқод қилган нарсаларига амал қилганлари ҳамда айтаётган сўзлари қалбдан чиқиб, тингловчининг қалбига ўрнашишида эди.

Агар Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ саҳобалар розияллоҳу анҳум ҳақида сўзласалар ёки охиратни васфласалар, қалблар тўлқинланиб, кўзларга ёш тўларди. Чунки у киши имондан завқ олар ва юрак-юрақдан сўзлар эдилар. Шу сабабли Басра шаҳридаги энг катта илм ҳалқаси у кишига тегишли бўлиб, инсонлар у кишига гўдак онага интилгани каби интилар эди. Ҳамма замонларда ҳам буюк қалб ва чин ихлос соҳибларининг ҳолати ана шундай бўлган.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг бошқа уламолардан ажратиб турувчи энг катта жиҳат бу – ул зотнинг сўзлари анбиё алайҳимус саломлар сўзларига ўхшашлиги эди. Имом Ғаззолий “Иҳё улумид дин” асарида бундай дейди: “Шубҳасиз, Ҳасан Басрий инсонлар ичида сўзи анбиё алайҳимус саломлар сўзларига энг ўхшаши, ҳидояти саҳоба розияллоҳу анҳумлар ҳидоятига энг яқин киши эди. У зот ҳақидаги бу сўзларга ҳамма иттифоқ қилган”.

Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк иқтидор ва кўплаб фазилатлар натижаси ўлароқ Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳ барчага бирдек маҳбуб ва кучли шахсият соҳибига айланди. Инсонлар Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шахсиятига эргашар, унинг улуғворлигига бўйин эгар эдилар. Собит ибн Қурра Ҳаким Ҳарроний бундай дейди: “Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ уммати Муҳаммаднинг бошқа умматларга кўз-кўз қилиб мақтанадиган, фахрланадиган кишиларидан биридир”.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!