“Масжидлар болалар билан тўлсин, ахлоқлари Қуръон бўлсин”

21:00 04.06.2019 2300

Туркия Дин ишлари бошқармаси раиси ўринбосари Рамазон Муслу 17 июнда масжидларда болалар учун Қуръон курслари бошланишини маълум қилди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар бермоқда.

Унинг айтишича, ўтган йил 74829 та курсда 2 миллион 671 минг ўқувчига таълим берилган, жорий йилда бу кўрсаткични янада ошириш кўзда тутилган.

Бу йилга курслар “Масжидлар болалар билан тўлсин, ахлоқлари Қуръон бўлсин” шиори остида ўтказилади. Курс давомида болаларга Ислом динидаги эътиқод, ибодат ва ахлоқ мавзулари тушунтиради, шунингдек, уларга Қуръони Каримни ўқиш ўргатилади.

Ёшлик ва спорт вазирлиги билан тузилган келишувга мувофиқ Қуръон курслари доирасида турли маданий ва спорт тадбирлари ҳам ташкил этилади.

“Ўқитувчиларимиз ва масъулларимизга шуни айтмоқчимизки, масжидга ёки курсга келган болалар жуда яхши кутиб олиниши зарур, уларга Аллоҳни, пайғамбаримизни, динимизни танитишимиз, миллий бирдамлик туйғусини сингдиришимиз зарур, – деди Рамазон Муслу. – Масжидлар жамоатлари тоқатли бўлишсин: болалар ўйнайди, югуради, шовқин кўтаради. Ҳеч бир боламиз масжиддан нохушлик билан чиқмасин, хурсанд ҳолда чиқсин”.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!