Масжидларда Қуръон курслари очилади(ми?)

12:45 05.07.2018 5114

Халқимиз томонидан катта иштиёқ билан кутиб олинган ҳодисалардан бири бу Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ҳамда илмий мактабларда Қуръони карим ва тажвид бўйича ўқув курслар очилиши бўлди.

Ҳозирги кунда 16 та жойда юртдошларимиз учун «Қуръони карим ва тажвид» ўқув курслари ўз фаолиятини юритаётган бўлиб уларда Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонунига мувофиқ ўрта мактабни битирганлиги тўғрисидаги шаҳодатнома (11-синф), академик лицей ёки ўрта махсус таълим муассасаси дипломига эга бўлган ҳамда 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари суҳбат асосида қабул қилинган. Албатта бу халқнинг асосий қисми мусулмон бўлган юртда жуда оз кўрсаткич.

Шу ўринда савол туғилади, масжидларда ҳам Қуръон курслари очиладими? Менимча ҳа, масжидларда Қуръони Карим ўргатиш курслари очилади. Келинг, воқеалар ривожини бошидан кузатамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 16 апрелида «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармоннинг 1-иловаси 6-бандида «Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги муассасаларда фуқароларга муқаддас Қуръони Каримни ўргатувчи махсус курслар ташкил қилиш»лиги режага киритилган. Матндаги муассаса сўзига эътибор беришингизни сўрардим. У ерда айнан таълим муассасаси деб қайд этилмаган. Ўз-ўзидан келиб чиқадики, бу ерда фақат диний таълим муассасалари эмас Мусулмонлар идораси тасарруфидаги муассасалар, жумладан, масжидлар ҳам назарда тутилмоқда.

Энди эътиборингизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳуқуқшунослик бўлими мудири Икромжон Мардоновни яқиндагина «Ҳидоят» журналига берган интервьюсига қаратмоқчиман.

Мардоновнинг сўзларидан иқтибос келтираман. “2018 йил 31 май куни Вазирлар Маҳкамасининг 409-сонли қарори билан «Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқланди. Унга кўра… масжидлар бевосита ўзи ёки ҳамкорликда белгиланган тартибда ўқув курслари, Қуръони Каримни ўргатиш дарсларини ташкил этиши мумкин”.

Демак, Мардоновнинг сўзларига таянадиган бўлсак Қуръони Каримни масжидларда ўқитиш масаласида ҳуқуқий жиҳатдан муаммо йўқ.

Билгичларнинг айтишига кўра, Мусулмонлар идораси масжидларда Қуръони Карим дарсларини йўлга қўйиш бўйича ишларни олиб бормоқда. Албатта, халқимиз орзиқиб кутган кунлари келишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз. Хулоса қилиб айтганда, фикри ожизимча, масжидларда Қуръони карим курслари очилиши ҳуқуқий жиҳатдан ўз якунига етган. Буёғига амалий ҳаракатлар бўлаётган бўлса ажаб эмас…

Муҳаммадсодиқ БАХТИЁРЗОДА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!