Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Масофавий ва анъанавий таълим: ютуқлар, камчиликлар ва хулосалар

518

Илк одимлар

Бутун дунёни ва жамиятнинг ҳар бир соҳасини қамраб олган пандемия таълим тизимига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. 2019 – 2020-ўқув йилининг сўнгги чорагида барча таълим муассасасида дарслар масофавий тарзда олиб борилди. Юртимизда онлайн ўқитиш ишлари анча илгаридан бошланган бўлса-да, ҳали оммалашиб улгурмагани учун масофавий таълимда қатор камчиликлар кўзга ташланиб қолди. Моддий техник базанинг етарли эмаслиги, ўқитувчиларнинг онлайн платформада ишлаш тажрибаси йўқлиги сезилиб қолди. Лекин вақт ўтиши билан бу камчиликлар ҳам бартараф этиб борилди. 

Телевизион дарслар

Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда онлайн-мактаб телевизион дарсларини тасвирга олиш йўлга қўйилди. 

Телевизион дарсларни суратга олиш учун ҳаммаси бўлиб  117 та тажрибали педагог, 12 та сурдо-таржимон ва 15 та муҳаррир жалб этилди. 

Биргина 2019-2020-ўқув йилининг 4-чорагига мўлжалланган ўқув дастурлари асосида 17 та умумтаълим фанларидан жами 3 904 та видеодарс (шундан 1953 та ўзбек ва 1951 та рус тилларида) эфирга узатилди. 497 та видеодарс эса қорақалпоқ тилида тасвирга олинди.

Янги ўқув йилида ҳам бу жараён тўхтаб қолгани йўқ. 2020 йилнинг 14 сентябридан бошлаб Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг 3 та телеканалида душанбадан шанбагача ҳар куни 8:30 дан бошлаб онлайн дарслар бериб борилмоқда. 

Интернет тарифлари

Aлбатта, интернетсиз онлайн таълим бўлмайди, деган эътирозлар ҳам бўлиши табиий. Шу сабабли юртимизда фаолият юритаётган мобил алоқа операторларидаги масофавий таълим учун қулай тариф режалар нархлари  билан қизиқиб кўрдик. 

Beeline мобил алоқа операторида ойлик абонент тўлови 35 000 сўмдан 70 000 сўмгача; 

Ucell уяли алоқа операторида эса “Студент” тарифида ойлик абонент тўлови 10 000 сўм;

Mobiuz уяли алоқа оператори эса кунига 750 сўмдан 30000 сўмгача бўлган ойлик тарифлар тақдим этган.

Шунингдек, «Ўзбектелеком» ационерлик жамияти мобил алоқа (Uzmobile бренди) абонентлари учун мактаб ўқувчиларига мўлжалланган «Мактаб» номли тариф режасини таклиф этган. Бу тарифда абонент масофавий таълим учун мўлжалланган ўқув ва ахборот платформалари ресурсларидан бепул фойдаланиш имкониятига эга. 

Кўриб турганингиздек, ёшларнинг масофавий таълим олиши учун барча қулай шарт-шароитлар ва имкониятлар яратилган. Лекин… 

Ўқувчилардаги масъулият

Ҳамма ўқувчи-талабалар ҳам яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, етарли билим оляптими? Онлайн дарслар ўйинга айланиб қолмаяптими? Дарслар бир чеккада қолиб, болалар бошқа бекорчи ишлар билан овора бўлиб қолмаяптими? Кун бўйи турли кераксиз юмушлар билан банд бўлиб, ўқитувчисининг қийин-қистови билангина берилган вазифаларни у ёқ-бу ёқдан “copy - paste” қилиб қўя қолган болалар кам дейсизми? Бунақада фарзандларимиз келажагининг қандай бўлиши, наҳотки, ота-оналарни ўйлантирмаса? Aфсуски, кўпгина ота-оналар кун бўйи ишда бўлиб, фарзандларини тўлиқ назорат қила олмайдилар. Боланинг вақтини бесамар ўтказиши, дарсларини вақтида қилмаслиги эса ундаги бор иқтидорни ҳам йўққа чиқариб, билимининг сусайишига сабаб бўлади. Бора-бора ўқишдан бутунлай совишига олиб келади.  Шундай экан, анъанавий таълимнинг, устозлар ва мактабнинг қадрига етиш керак эмасми?

Aнъанавий таълим таъми

Халқ таълими вазирлиги юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгани, иккинчи чорак якунига қадар 90 фоиздан ортиқ ўқувчилар анъанавий шаклда таълим олиш мақсадида мактабга қайтганини инобатга олиб, 2021 йилнинг 11 январидан  (III чорак) барча мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилишини маълум қилган эди. Лекин бу хабар ижтимоий тармоқларда турли эътироз ва тушунмовчиликларга сабаб бўлди. Фарзандининг илм олишига, келажагига, ижтимоий фаоллигига бефарқ бўлмаган ота-она анъанавий таълимнинг ўрнини ҳеч қандай техника-технология тўлдира олмаслигини билиши керак! Устозларнинг меҳр тўла кўзига қараб дарсларни тинлаш, тенгдошлари билан мулоқотда бўлиш, турли танлов ва мусобақаларда қатнашиш боланинг ҳам илмини, ҳам ижтимоий фаоллигини оширади. Aйниқса, қийин мавзуларни ўзлаштиришда анъанавий таълимнинг ўрнини ҳеч қандай восита эгаллай олмайди. Ўқувчилар дарсни тушунишга қийналган ўринларда устозидан ёрдам олса, баъзан устозлар ўқувчиларнинг тортиниб сўрай олмаган саволларини ҳам кўзларидан уқиб оладилар ва шунга кўра изоҳ ва тушунтириш бериб ўтадилар. 

Тажриба

Ўқувчилардан бири кун давомида мактабда дарсларни тинглаб, ўзлаштириб борди. Иккинчиси эса уйида онлайн тарзда дарсларни кузатиб, уй вазифаларини бажаришга уриниб кўрди. Шунингдек, Азон ТВ мухбири турли ёшдаги, турли касб эгаларидан масофавий ва анъанавий таълим борасидаги фикрлари билан танишди. Сиз ҳам қизиқсангиз, видеони Aзон ТВ каналида қуйидаги линк орқали томоша қилишингиз мумкин.

Ойниса Ҳожиева

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркия Ташқи ишлар вазири Урганчга келди

251 21:04 06.03.2021

Йўлдошбек Иброҳим қори томонидан онлайн «Тартил» дарслари

125 20:30 06.03.2021

Аёл ва армия (иккинчи мақола)

167 20:00 06.03.2021

Аёл кишини “бузуқ” деб айблашнинг гуноҳи 

277 19:30 06.03.2021

Аёл ва армия (биринчи қисм)

393 19:00 06.03.2021

Диннинг ярмини қандай тўлдирилади?

209 18:30 06.03.2021
« Орқага