Таҳлил

Матбуот анжумани: «Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшиладими? Ё...»

1460

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 1-3 октябрь кунлари Россия Федерациялар кенгаши раиси Валентина Матвиенко расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Бугун Ўзбекистон Президенти админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Валентина Матвиенконинг расмий ташрифи якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев иштирок этди. У кириш сўзида Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасидаги алоқалар ҳақида батафсил тўхталиб, журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

 

РИА Новости мухбири: “Валентина Матвиенконинг Россия оммавий ахборот воситаларида тарқалган баёноти ҳақида, яъни “Ўзбекистон президенти бир қарорга келган ва Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши масаласи кўриб чиқилмоқда” деб ўзбек сайтларида ҳам маълумот чиқди. Кейинроқ интервьюларда бу масалага қисман ойдинлик киритилди, яъни “Президентнинг кайфияти, нияти бор, фақат қўшма комиссия хулоса бериш керак” дейилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайтида бу учрашув ҳақида маълумот берилди, лекин юқоридаги баёнот ҳақида айтилмади. Шу масала бўйича Ўзбекистон позицияси ҳақида маълумот берсангиз”.

 

С.Сафоев: “Бу масала айни пайтда ўрганиш жараёнида. Қўшма комиссия иш олиб боряпти. Қарор қабул қилишга ҳали эрта. Яна шу нарсани таъкидлаймизки, бу масалани ўрганишда Ўзбекистон давлатининг манфаатлари биринчи ўринга қўйилади, албатта.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатида қилган чиқиши давомида ушбу масалани ўрганиш кераклиги, аъзо бўлишнинг ижобий ва салбий томонларни кўриб чиқиш кераклиги ҳақида айтган эди. Бундан ортиқ расмий маълумот бўладими? Боз устига Давлатимиз раҳбарининг августда Беларусга қилган ташрифи давомида ўзаро ҳамкорлик ҳақида шартнома имзоланди ва унинг 7-моддасида Ўзбекистон ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи билан ҳамкорлик масаласини Беларусь тажрибасидан келиб чиқиб ўрганиши ҳақида келишиб олинган эди.

 

Бу масала тезлаштирилаётгани ва Ўзбекистонга босим ўтказилаётгани ҳақидаги мулоҳазаларга келсак, бундай ҳолат мутлақо бўлгани йўқ. Чунки Ўзбекистон — босим ўтказиладиган давлат эмас. Президент Шавкат Мирзиёев бошқалар босими остида букиладиган сиёсатчи эмас. Ва буни ҳамма жуда яхши билади. Шундай экан, ҳеч қандай босим ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

 

Ўзбекистон ҳар қандай ташкилотга аъзо бўлишда фақат ўз манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилади. Уч йил олдин Ўзбекистон Республикасининг сиёсатида туб бурилиш бошланди. Илгари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилиш ҳақида эшитишни ҳам истамас эдик. Энди эса биз бу ташкилот аъзосимиз. Яқинда бу келишувни тасдиқладик. Ўзбекистон Президенти Боку шаҳрида бўладиган анжуманда тўлақонли аъзо сифатида иштирок этади ва Ўзбекистон байроғи кўтарилади”.

Анжуманда иштирок этаётган azon.uz портали мухбири Ғайратхўжа Сайдалиев Содиқ Сафоевга қуйидаги савол билан мурожаат қилди:

-- “Давлатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш масаласи кўп жиҳатдан Ўзбекистон ва Россиялик мутахассислардан иборат қўшма комиссиянинг хулосасига боғлиқ бўлиб турибди. Бунда Россиялик дўстларимизнинг иштироки қанчалик муҳим эди. Саволни очиқроқ бераман, дейлик, агар Россия тарафи бизнинг ташкилотга аъзо бўлишимиздан манфаатдор бўлмаса ёки аксинча, ташкилотдаги иштирокимизни хоҳласа бу якуний ҳужжатга таъсир қилиши мумкинку? Комиссия Ўзбекистон Республикаси Президентига хулоса беради ва бу қарор қабул қилишга асос бўлиши мумкин. Ушбу комиссияга чет эллик мутахассислар таклиф қилинганми? Масалан, Жаҳон савдо ташкилотидан ёки Жаҳон банки, бошқа халқаро молиявий ташкилотлардан”.

С.Сафоев: “Биласизми, мазкур жараён Европа ва ё жаҳон иқтисодий ташкилотлари билан ҳал қилинадиган масала эмас. Бу бевосита Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасида ҳал қилинадиган масаладир. Ёки ушбу иттифоққа аъзо мамлакатлар, яъни Россия Белорусия, Қирғистон, Қозоғистон давлатлари билан муҳокама қилиб, бир қарорга келиш мумкин. Шунинг учун бу масалада ортиқча шов-шув кўтариш ўринли эмас. Хабарингиз бор, Белорусия давлати билан ҳам алоқалар яхшиланиб, ўзаро савдо айланмаси йил сайин ортиб боряпти. Икки қўшни давлат: Қозоғистон ва Қирғистон билан ҳам яқин қўшничилик алоқалари борган сари янги поғаналарга кўтариляпти. Биз Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш ёки қўшилмаслик масаласини айни шу давлатлар билан ва, албатта, сўзимнинг аввалида ҳам таъкидлаганимдек, энг аввало, Ўзбекистон манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда ҳал қиламиз”.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Мусулмон бўлиб мусулмонларни тушунмай қоламан...”

7305 12:19 11.10.2019

Трамп ва унинг ёлғонлари

1644 14:05 08.10.2019

Фаластин ЖАРнинг хатоларини такрорламаслиги лозим

1094 17:05 07.10.2019

Қатъий қарор керак

1943 11:44 05.10.2019

Паркентдаги ҳолатга муносабат: «Ширкни Аллоҳ таоло кечирмайди»

1291 09:44 05.10.2019
« Орқага