Матни қисқа аммо фойдаси улуғ салавотлар

17:00 24.04.2019 1885

“Аллоҳумма солли ъало саййидино Муҳаммадив ва ъало оли саййидино Муҳаммад”

Маъноси: Ё Аллоҳ! Саййидимиз ҳазрат Муҳаммадга ва саййидимиз ҳазрат Муҳаммаднинг оилалари (аҳли)га раҳмат айла!

“Аллоҳумма солли ъало саййидино Муҳаммадин ъабдика ва набиййика ва ҳабибика ва расуликан-набиййил-уммиййи ва ъало олиҳи ва соҳбиҳи ва саллим” (“Ал-адъийатул-воридату фил-ойотил каримати вал-аҳодисиш-шарифаҳ”, 61-с).

Маъноси: Ё Аллоҳ! Бизнинг саййидимиз, Сенинг банданг, пайғамбаринг, ҳабибинг ва уммий набий бўлмиш расулинг ҳазрат Муҳаммадга ва у зотнинг оилалари (аҳли)га ва саҳобаларига салоту саломлар ёғдир!

Расулиҳин-набиййил умиййи... (“Унинг уммий пайғамбари бўлган расулига”) деган ибора Қуръони каримнинг Аъроф сураси, 158-оятида, яна Анкабут сураси, 48-оятида келган. Шунинг учун бу салавот ҳам жуда савобли салавотлардан ҳисобланади.

Ориф Абул-Аббос ал-Марисийдан нақл қилинишича, ким бу салавотни бир кеча-кундузда беш юз марта ўқишда бардавом бўлса, тушида ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмагунича вафот этмайди.

Ҳазрат Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат кунида ҳар манзилда менга энг яқин бўлганингиз дунёда менга энг кўп салавот айтганингиздир. Кимки, жума кунида ва жума кечасида менга салавот айтса, Аллоҳ таоло унинг юзта эҳтиёжини раво қилади: етмиштаси охират ҳожатларидан бўлиб, ўттизтаси дунё ҳожатларидандир. Сўнг Аллоҳ таоло бу ишга бир фариштани вакил қилади, у худди сизларга ҳадялар кириб келганидек, менинг қабримга кириб келади ва менга салавот айтган кишининг хабарини айтади, унинг исмини, насабини, то қайси қавмдан эканигача маълум қилади. Мен уни оппоқ саҳифага қайд этиб қўяман” (Имом Байҳақий, “Шуъабул-иймон”, “Ромузул-аҳодис”, 116-саҳифа, 9-ҳадис).

Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам салавот айтишнинг фазилати ҳақида марҳамат қилиб айтдилар: “Кимнинг бир ҳожати раво бўлиши қийинлашса, бас, менга кўп салавот айтсин. Зеро, салавот ғам-ташвишларни аритади, кулфатларни кеткизади, ризқни кўпайтиради ва ҳожатларни раво қилади” (Далоилул-хайрот” китобидан).

Манбалар асосида «коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом ноиби Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!