Мавритания – жилвакор ва ёрқин ранглар мамлакати

06:00 07.09.2019 675

Бу мамлакатда расмий дин Ислом бўлиб, мамлакат аҳолисининг деярли 100 фоизини мусулмонлар ташкил этади.

Мавритания – Ғарбий Aфрикада, Aтлантика океани соҳилида жойлашган давлат, расмий номи – Мавритания Ислом Республикаси. Мавритания ҳудудининг 98 фоизи чўллар билан қопланган ва қишлоқ хўжалигига яроқсиз, аммо истиқболли темир ва мис конларига эга, шунингдек балиқчилик саноати ҳам ривожланган. Мамлакат қирғоқ шельфида катта газ ва нефт захиралари топилган, шунинг учун келажакда Мавритания ушбу манбаларнинг асосий экспортчисига айланиши кутилмоқда. Эҳтимол, мазкур захиралар мамлакатдаги қашшоқлик муаммосини ҳал қилиши ҳам мумкин. Масалан, мамлакат пойтахти Ноуакшотнинг баъзи жойларида сув таъминоти мавжуд эмас, шунинг учун бу ерда сув ташиш учун эшаклардан фойдаланилади.

Мамлакат Конституциясида таъкидланганидек, Мавритания демократик давлат бўлиб, расмий дини Исломдир. Беш йил муддатга халқ томонидан сайланадиган президент ижро этувчи ҳокимият бошлиғидир ва у мусулмон бўлиши керак.

Одамлар, шу жумладан президент ҳам байрам ва жума намозларига нафис анъанавий кийимларда келади. Ташриф буюрувчиларнинг кўплиги сабабли бундай ибодатлар одатда масжидларда эмас, балки жамоат намози учун махсус ажратилган жойлаларда адо этилади.

Бу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам даврларини эслатади: ўша даврда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам бошчилигидаги мусулмонлар очиқ жойга тўпланиб, мусаллаларда байрам ва жума намозларини адо этганлар. Мусаллада байрам намозини ўқиш одати Ўрта Осиёда ҳам мавжуд эди, аммо ХХ аср бошларида мазкур анъана йўқ бўлиб кетди. Ҳозирда намозни мусаллаларда ўқиш айрим мамлакатларда сақланиб қолган (масалан, Эронда), аммо афсуски аста-секин йўқолиб бормоқда.

Кўчаларда ҳижобсиз аёллар деярли йўқ. Шу билан бирга, улар ёрқин рангдаги миллий кийимларни афзал кўришади.

Мавританияга келган турк журналисти Aбдуллоҳ Шаҳин бу мамлакат ҳақидаги ўзининг қарама-қарши таассуротлар билан ўртоқлашди:

"Мавритания аэропортида, кўплаб араб авиакомпанияларида бўлгани каби, парвоздан олдин Қуръон ўқилади... Бу ерда қонунлар ишламайди – ҳатто ҳужжатларингиз жойида бўлса ҳам, сизда ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига кафолат йўқ. Омадингиз келиши ходимларнинг кайфиятига боғлиқ... Мавританияликлар жуда диндор ҳисобланишади. Мен ҳеч қачон бу ердаги каби тарбияли ва ҳаромдан узоқ, ихлос билан намоз ўқийдиган ёшларни кўрмаганман. Aгар йўлда бўлсангиз, намоз вақти келиши билан саҳрода ўнлаб одамлар ибодат қилаётганини кўришингиз мумкин".

Aбдулла Шаҳин ўзининг маҳаллий таниши билан қуйидагича ажойиб суҳбатни олиб боради: “Бу саҳролар билан қопланган мамлакатда Истанбулда кўришингиз мумкин бўлган барча автомобил моделлари мавжуд. Чўлда биз маҳаллий автоуловлар бозоридаги автомашиналарни кўрмоқдамиз. Сотувга қўйилган автоуловларнинг аксарияти Франция ёки Италия давлат рақамларига эга. Бу менинг эътиборимни тортади ва мен сўрадим:

– Aҳмад, нега бу автоуловларнинг барчаси Европаги давлатлар рақамлари билан сотилмоқда?

Жавоб қизиқ бўлди:

– Булар Жазоир мафияси томонидан Франция ва Италиядан ўғирланган ва турли йўллар билан Жазоирга олиб келинган, кейин эса контейнерларда Мавритания чегарасига етказилган.

– Бу божхонада муаммо туғдирмайдими?

– Божхонада муаммолар йўқ, фақат солиқ тўлашинг кифоя.

Мен яна сўрайман:

– Aҳмад, бу ҳаром эмасми?

– Aллоҳ яхшироқ билади! Булар ўлжалар. Улар мусулмон эмас, балки мусулмон бўлмаганлардан ўғирланган.

Биз жим бўлиб қолдик ва бир биримизга ҳеч нарса деёлмадик. Айтгандим-ку бу ерда қонун йўқ».

Исламосфера.ру

Ҳамид Содиқ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!