Ижтимоий тармоқларда қабристонда бир аёлнинг аҳоли томонидан калатклангани акс этган видео тарқалиб кетди. Аниқланишича, воқеа 2019 йилнинг 1 сентябрида Китоб тумани «Улуғбек» МФЙ ҳудудида рўй берган.
«Шаҳрисабзлик У.Ш. исмли аёл «Қабриохун» қабристонида ўзига нотаниш бўлган марҳум А.Т.нинг қабрини қазмоқчи бўлган. Ўша пайтда маҳалла фуқаролари томонидан тутиб олинган. Аҳоли бегона аёлнинг қабристондаги хатти-ҳаракатидан қаттиқ ғазабланиб, уни калтаклашган.
Дастлаб У.Ш.га нисбатан Китоб тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш) билан иш очилган. Аммо, кам аҳамиятли эканлиги инобатга олиниб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.
Калтакланган аёл ИИБга ҳеч қандай шикоят қилмаган. Бироқ, видеода тасвирланганидек, унга тан жароҳати етказилган. Шу сабабли айни пайтда вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб бориляпти», дейилади расмий ахборотда.
Таҳририятдан: Шу ўринда бир нарсани айтиб қўйиш лозимки, бировни, айниқса аёл кишини оломон қилиб калтаклаш, ўзича ҳукм чиқариш яхши иш эмас. Айбдор бўлса, жазосини тегишли ташкилотлар бериши керак. Қабр ва майитнинг ҳурмати масаласига келсак, динимизда қабристонда қабрлар устига ўтириш ҳам ман этилган. Чунки мусулмоннинг ўлимидан кейинги ҳурмати тириклигидаги ҳурмати билан бир хилдир. Майитни, қабрни беҳурмат қилган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади. Қабрнинг устида ўтиришнинг ўзи қаттиқ гуноҳ экан, қабрни кавлаб майитнинг тишини суғуришнинг жазосини айтмаса ҳам бўлади. Аллоҳ сақласин!