Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Мазҳабсизлик ғоясининг хатарли томони (22-қисм)

399

УЧИНЧИ ФАСЛ

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар”

(йигирма иккинчи қисм)

 Мазҳабсизлик ғоясининг хатарли томони

Биз бу мавзуга киришишдан олдин унга доир бўлган икки масалани таъкидлаб ўтишимиз керак. 

1.  Юқорида айтиб ўтилганидек “фиқҳий мазҳабларни четга суриб қўйиб Китоб ва суннатга тўғридан-тўғри эргашиш, шунингдек фалон-фалонийларга тақлид қилишни асло эҳтиёжи йўқ” қабилидаги гаплар  Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг таъбирлари билан айтганимизда “ботилни ирода қилиб айтилган ҳақ сўздир”

2.  Бугунги билағонлар эътибор қилмасликка чақираётган ушбу тўрт мазҳабнинг барчасида масалалар эркин тадқиқ қилинди. Ундаги барча фикрлар диққат билан қайта-қайта ўрганилди. Мужтаҳид уламоларимизнинг далиллари ўта синчковлик ва нозик дид билан текширилиб, пухта илмий манҳаж асосида шакиллангандир. 

Раббоний мужтаҳид алломаларимиз дастлабки замонлардан бошлаб ўз жонларини Аллоҳнинг динига хизмат учун тикиб қўйган эдилар. Улар мазкур илм омонатини ўзининг муносиб устозларидан олиш учун ва кейингиларга мусаффо ҳолда етказиш йўлида арзон ва қиммат барча нарсаларини фидо қилган эдилар. Зеро бу мазҳаблар шаклланишида  минг-минглаб етук ақл эгалари иштирок этмаганларида улар бизнинг кунимизгача такрор-такрор таҳрир қилинган, чуқур текширилган ва мусаффо ҳолда етиб келмаган бўлар эди.

Масаланинг туб моҳияти бўлмиш мазҳабсизлик хатари ҳақида, айнан шу масала зўравонлик, терроризм ва парокандаликларнинг ёйилиши бош сабабчиси, дейишимиз мумкин.     

Шу ерда Китоб ва Суннатга тўғридан-тўғри тобе бўлиш мутаассибликларни ёйилишига хизмат қиладими, деб сўралса, унинг жавоби қуйидагича:

Аввало шариат илмларини билиш бу динимиз эканини яхши тушуниб олишимиз зарур. Бу борада салафи солиҳларимиз “албатта бу илм – диндир. Шундай экан динингизни кимдан олаётганингизга эътибор беринглар” деган эдилар. Шубҳасиз, шаръий илмлар илм ва амалда тўғри бўлган раббоний уламолардан ўрганилади. Зеро ушбу илмларни ҳосил қилган мужтаҳид алломаларимизнинг силсиласи муттасил санад билан тобеинларга ва улар орқали эса саҳобаи киромларга ва оқибатда жаноби расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб боради.  Улар расул алайҳиссалом билан бирга яшаган, воқеа-ҳодисаларни ўз кўзлари билан кўрган ва ояти карималар нозил бўлишига сабабчи бўлган шарафли авлод эдилар. Ҳадиси шарифлар ҳам бизгача улар орқали ворид бўлди.

Аммо бугунга келиб мутаассиб жамоалар салаф ва халаф уламолар орасидаги муттасил санадни узиб қўйдилар. Айтиб ўтганимиздек, ташкил бўлишида буюк илм эгалари иштирок этган фиқҳий мазҳаблардан воз кечишга чақирмоқдалар. Ўзлари ижтиҳодга лойиқ илм аҳлидан бўлмасалар-да, илмдаги санадлари (устоз-шогирлик кўринишида) салаф уламоларига боғланмаса-да Китоб ва суннатга ўз фикрлари билан ёндаша бошладилар. Улар бу ишларида “улар ҳам бизга ўхшаган кишилар эдилар” деган иддаони хаспўшламоқдалар. Наҳотки улар мазкур алломаларимизнинг расул алайҳиссаломга яқин авлод бўлганларини, ояти карима, ҳадиси шарифларни бугунгилардан кўра кўпроқ ва кенгроқ билганликларини тушунмасалар?! Чунки ушбу шаръий манбалар орасида усул илми нуқтаи назаридан  мансухлари, муқайядлари ва бошқа маънога маҳмул (таъвийл) қилинадиганлари мавжуддир. 

Бугунгилар эса ўзларини забардаст салаф алломаларимизга тенглаштирдилар. Уламолар томонидан эътироф қилинмаган янги-янги усуллар билан ҳукмларнинг истинботига (Китоб ва суннатдан ҳукм олиш) киришдилар. Уламолар тан олмаганлигининг сабаби – ўзлари ўйлаб топган усуллардир. Улар истинбот борасидаги ушбу ботил ва жоҳилона усуллари билан ишончли алломалар сўзини ортга ташладилар. Шунинг натижасида узлари ҳам шаръий масалаларда жуда кўп тангликларга учрамоқдалар. Қуйида улардан айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

1. Улар илмсизлиги ва мазҳабларни бир чеккага суриб қўйишлиги ортидан насс(оят ва ҳадислар)ларни зоҳирини тутиб олдилар. Уруш майдонларидаги кофирлар ҳақида нозил бўлган ояти карималарни мусулмонларга тадбиқ қила бошладилар. Бунинг ифодасини омматан мусулмонларни кофирга чиқариш, уларнинг қонини ҳалол санашга қаратилган ишларда кўришингиз мумкин. Буларнинг барчаси неча асрлардан буён мужтаҳид алломаларимиз қўллаб келган нурли манҳаждан узоқлашишдир, холос.

2. Нассларни англаб етиш борасидаги оқсоқликлари, шариатнинг мақсад ва руҳини тушунмасликлари уларни жангариликка олиб келди. Ҳатто бу жараён уларнинг фатволарида ва шаръий аҳкомларни амалиётга қўллаш борасидаги алоҳида хусусиятига айланди. Уларга икки ишдан бирини танлаш ихтиёри берилса, улар ҳеч иккиланмасдан ўзининг диндаги матонати ва бошқаларнинг диндаги оқсоқликларини кўрсатиб қўйиш маъносида энг қийин ишни танлайдилар. Аслида амалларни қабул бўлишида ихлос, чиройли ният, амалларни шариат тақозосига мувофиқ бўлиши ва расул алайҳиссаломга тобеъ бўлиш даъвосининг чинакам бўлиши муҳим омил эди. Уларнинг одамларга динимизни қаттиқлаштириб кўрсатишларига мисол суннат ёки нафл амалларни фарз даражасида, макруҳ амалларни эса ҳаром амал сифатида талқин қилишларидир. Ёки айрим кичик амалларни катталаштиришларида кўринади. Мазкур қаттиқлаштиришнинг яна бир хатарли томони – айрим инсонларнинг уларнинг маслакларидан таъсирланганликларидир. Улар бу ишларни дин деб ўйлайдилар. Фикр доиралари торайиб мусулмонларни кичик камчиликлар сабабли ҳам кофирга чиқармоқдалар. Улар уммат алломалари тутган йўлни тарк қилиб қаттиқлаштириш усулини танлагани ортидан жамият аъзолари икки қисмга бўлиниб қолдилар. Бир қисми уларнинг йўлини танлаган одамлар бўлиб мусулмонларни кофирга чиқарувчи, қонини ҳалол дегучи мутаассиб экстремистик жамоаларга айландилар. 

Иккинчи қисм одамлар эса ушбу мутассибона ёндашувларни кўрганидан сўнг зиммасидаги шаръий вожиботларни тарк қилиб мазкур жамоалардан безор бўлмоқдалар. Бу ерда энг катта муаммо биринчи қисм одамларининг назарида иккинчи қисм одамлари қони ҳалол бўлган кофирлардир. 

Мазкур омилларни ҳисобга олганимизда жамиятлар учун бундан ҳам ёмонроқ хатар бормикан? Буларнинг барчасида асосий сабаб бўлган омил – мазҳабсизликга қаратилган фикрлардир. 

3. Ушбу жамоалар фиқҳий мазҳабларга амал қилишни тарк қилиб, уларнинг ўрнига янги йўллар ихтиро қилдилар. Аммо у йўллар фиқҳий натижалардан йироқ бўлди. Шунинг учун ҳам мазкур жамоалар аввалги забардаст уламоларимизни инкор қилдилар. Уларни энг муътабар шартлар орқали асослаб берган амалий, фиқҳий асосларини қабул қилмадилар. 

Айни масала юзасидан уламоларимиз “асрлар оша янгиликлар содир бўлар экан фатволар ҳам замон ва маконларнинг ўзгариши билан ўзгариб туради. Аммо ушбу мутаасиб ва жоҳилларнинг тадқиқотлари барча ҳукмларни ўзгармайдиган собит, турғун ҳолатга келтириб қўйди. Уларнинг фикрича, шаръий аҳкомлардаги ўзгариш қоидаси бу динни ўйин қилиш ҳисобланиб, бу фикрда бўлган уламолар адашган ва залолат аҳлидирлар. Яна уларнинг бузуқ ўлчами билан қаралганида ушбу адашув ва залолат даражаси яҳудий ва насронийларнинг куфрони залолатидан деярли фарқланмайди. У жамоалар уламоларнинг теран фикрини тушунмаганлари боис, ўзларини кофирга нисбат бериб, қонларини ҳалолга чиқармоқдалар. Ўтмишдан то бугунимизгача жорий бўлиб келаётган воқелик етук мужтаҳид алломаларимизни мазкур мутаассиб ва экстремистик жамоаларнинг қурбони бўлиб келаётганини кўрсатмоқда” дейдилар.

4. Мазкур жамоалар “биз тўғридан-тўғри Китоб ва суннатга тобе бўламиз. Мазҳаблар ҳаммаси бидъатдир. Уларга эргашиш вожиблигига бирор оят нозил бўлмаган” дейишлари билан ислом умматини тафриқага солдилар. Чунки бу каби сўзлар мусулмонлар оммасига салбий  таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг  “бизнинг маслагимиз салафи солиҳларимиз талқинидаги Китоб ва суннатга эргашишдир” дейишлари жозибадор гаплардир холос. Улар мусулмонлар оммаси ва олийгоҳ талабалари билан учрашувлар ўтказган вақтларида ўз ҳиссиёт ва уринишларини илгари сурадилар. Оқибатда мазкур мутаассибларни уриниш ва хатти -харакатларини бошқалар қабул қиладилар. Чунки аксар мусулмонлар илми етарли бўлмаган, фикран соддадил, тақлид йўлини қабул қиладиган инсонлардир.  

Улар соддалик ва енгил фикрлаши билан мутаассиб жамоаларга тақлид қилиш, уларнинг сўзини қабул қилиш, уларни бошқаларга куфр нисбатини бериш каби фикрий ғулувларини кенг ёйилишига замин яратмоқдалар.

5. Китоб ва суннатга тўғридан-тўғри эргашишни даъво қилаётган бу жамоалар мазҳам алломаларини фикрига қарамаслик даъвоси билан ўзларини бошқалардан ажратиб кўрсатмоқдалар. Гўёки уларнинг ўзларигина мўминлардир. Ислом шариати гўёки уларнинг ўзларигагина хос бўлиб улардан бошқалар аҳли суннат вал жамоъат эмас. Улар ўзларини қуйидаги ояти каримада васф қилинган оз сонли хос мусулмонларга қиёсламоқдалар.

“Одамларнинг кўплари, гарчи Сиз жуда истасангиз-да, мўмин бўлмайдилар” (Юсуф, 103).

Ёки Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг:

“Умматимдан бир тоифаси ҳамиша ҳақ устида бардавом бўлади. Уларни хорлаганлар уларга зарар етказолмайди. Ҳатто Аллоҳнинг амри (Қиёмат куни) келгунича улар ҳақ устида бўладилар” деган муборак ҳадисларини айнан ўзларига боғлайдилар. Уларнинг фикрида кўпчилиги кофир бўлган улкан уммат қаршисида турган оз сонли ҳақиқий мусулмонлар уларнинг ўзларидир, холос. Ушбу  аҳли ғулувнинг назарида ўзларидан бошқалар сел кетидан келадиган лойқа кабидир. Буларнинг барчаси ислом умматига бегона бўлган чиркин фикрларни қабул қилинаётганининг натижасидир. Улар халқаро терроризмга кенг йўл очаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Уларнинг ишлари шаръий асосларни йўқ қилиб, оқибатда ҳеч бир санадсиз қолган одамнинг мисолидекдир. Эндиликда  улар чалкашлик, иккиланиш, мутаассиблик, зўравонлик ва куфрга нисбат бериш оламида яшамоқдалар. Бугунги дунёмизни қон тўкиш, қўрқув ва хавф-хатарга тўлдириб, исломни террор дини сифатида намоён қилмоқдалар. Одамларни исломдан бездирмоқдалар.

(давоми бор) (1-2 қисм) (3 қисм) (4 қисм) (5 қисм) (6 қисм) (7 қисм) (8 қисм) (9 қисм) (10 қисм) (11 қисм) (12 қисм) (13 қисм) (14 қисм) (15 қисм) (16 қисм) (17 қисм) (18 қисм) (19 қисм) 
(20 қисм) (21-қисм) (22-қисм)

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳид

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркияда коронавирусни 1 дақиқада йўқ қиладиган спрей ишлаб чиқилди

468 20:00 27.01.2021

Ҳадис илми: Имом саҳобаларни хабарга хилоф қилиши

101 19:30 27.01.2021

ЙПХ ходими бошқарган “Зил” ағдарилиб кетган

361 19:00 27.01.2021

Масофавий ва анъанавий таълим: ютуқлар, камчиликлар ва хулосалар

251 17:52 27.01.2021

Швейцарияда насронийлар камайиб, мусулмонлар кўпайяпти

1006 16:44 27.01.2021

Ўзбекистонда кўнгиллилар коронавирусга қарши эмланмоқда

192 15:44 27.01.2021
« Орқага