"Фарзанди аржумандим"

Меҳрга ташна қалблар

605

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь ойи ҳолати бўйича Республикамиз миқёсида васийликка олинганлар сони 16 минг 300 дан ортиқ. 10 мингдан зиёд вояга етмаганлар ҳомийлар қарамоғига олинган. Улар орасида ота-онаси вафот этган ёки жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётганларнинг фарзандлари ҳам бор. Аммо олдида танлаш имкони бўла туриб, боласига меҳр кўрсатиш, уни бағрида улғайтиришдек бахтдан воз кечаётганларнинг сони кун сайин ортиб бормоқда.

Бир куни Миср подшоҳи Рум шаҳаншоҳига нома юбориб, унда: «Фарзандларимиз ҳаётимизнинг асоси ва тириклигимизнинг нишонасидирлар, бизлар вафот этганимиздан кейин ному нишонимиз ҳаётда улар орқали яшаб қолади. Мен ўғлим учун ажойиб, нафис матолар ва ҳисобсиз яхши от, туя ва бошқа ҳайвонлар, қуллар, кўшк ва иморатлар захира қилиб қўйдим. Сиз фарзандингизнинг келажаги учун қандай тадбир кўрдингиз?», деб сўради.

Рум подшоҳи мактубни ўқиб, табассум қилди ва дедики: «Мол бевафо, ёру дилдор бебақодир, унинг ҳисобини қилмоқ не керак. Бу беш кунлик ўтар дунёда ўткинчи матоларга алданиш керак эмас. Мен фарзандимни адаб ва тарбия сарпоси билан ораста қилдим, яхши сифат ва одобларни унинг учун захира қилдим. Молга завол етади, аммо яхши хулқ, тарбия ўзгармайди ва йўқ бўлмайди».

Миср подшоҳи бу сўзлар ростлигини тасдиқлабди.

Ҳикоятдан ҳам кўринадики, фарзанларимизга мол тўплаш орзуси билан эмас, гўзал хулқ, таълим-тарбия бериш иштиёқи билан яшамоғимиз керак. Шундагина улар ҳам истаганимиздек одобли, саодатли, ватанпарвар, фидойи, ҳалол инсонлар бўлиб улғаядилар.

Тарбиядан тупроқ гавҳар бўлади,

Ноф ичра қон мушки асғар бўлади.

Қийматсиз бир қора темирни иксир

Тарбия айлагач соф зар бўлади.

Фарзандимиз айни меҳрга ва эътиборга муҳтож пайтида мол-дунё илинжида улардан узоқларда юриб, кексаликда меҳр-муҳаббат кутишимиз тўғримикан? Ахир меҳр берсанг, меҳр оласан деган нақл йиллар давомида ўз исботини топиб келаётганлиги ҳам бор гап. Шундай экан, дилбандларимизга керак вақтимизда уларни меҳримизга зор қилмайлик. Мол-дунё ва орзу-ҳавас ортидан чопиб эртага аттанг қилиб қолмайлик.

Манбалар асосида Саида тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага