Меҳрибон Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари

12:00 09.05.2019 703

Имом Баззор раҳимаҳуллоҳ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни мамнун ҳолда кўрганимда У Зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг ҳаққимга Аллоҳга дуо қилинг” дедим. У Зот: “Эй Аллоҳ, Оишанинг аввалги ва кейинги, яширин ва ошкора гуноҳларини мағфират қилгин” деб дуо қилдилар”.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо қаттиқ кулдилар, ҳатто кулгудан бошлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўйниларига йиқилиб қолдилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуоим сени хурсанд қилдими?” деб сўрадилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Сизнинг дуоингиз қандай қилиб мени хурсанд қилмасин?!” деб жавоб бердилар.

Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, бу ҳар намозда умматимнинг ҳаққига қиладиган дуоимдир!” дедилар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!