“Мен Аллоҳдан уяламан”

15:00 01.02.2019 330

Аллоҳнинг бандалари!
Мен ушбу сўзимни чин дилдан айтмоқдаман.
Мен Аллоҳ азза ва жалладан ҳижолат бўламан.

Мени ва мен каби кишиларни тавбага ва ўзининг раҳмату мағфиратига ундовчи Аллоҳнинг чақириғини эшитган вақтимда Аллоҳ таолодан уяламан. Гуноҳлар қанча кўп бўлишига ва хатолар тўлиб тошганига қарамай, Аллоҳ таолонинг ҳадиси қудсийдаги ушбу нидосига эътибор қилмасам Ундан ҳижолат бўламан:

"Эй бандаларим сизлар кеча кундуз хато қиласизлар, мен эса барча гуноҳларни мағфират қиламан. Бас кечирим сўранглар мен сизлар учун кечираман".

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббисидан хабар бериб, "Албатта Аллоҳ кечаси гуноҳ қилган одамнинг тавбасини қабул қилиш учун кундузи, кундузи қилган гуноҳларини кечириш учун кечаси икки қўлини очиб туради" ¬ деб айтган ушбу сўзларини эшитиб, ўзим ва ўз биродарларимнинг Аллоҳга бўлган бандалик бурчларига назар солсам, уларни бу ҳақиқат ва раббоний чақириқдан юз бураётганларини кўраман.

Аллоҳ таоло мағфират дастурхонини ёзиб гўёки жарчидек бизларни раҳмати ва ўзининг мағфиратига чорламоқда, одамлар эса, ўз ишлари билан овворалар ҳамда ўзларининг гуноҳлари ва Аллоҳнинг буйруқларидан қочишларида давом этмоқдалар. Аллоҳнинг чақириғига йўлиқсалар ҳам унга бурилиб қарамайдилар.

Мана шу ишлар бизни ҳижолатга қўймайдими?! Бизни бу ишлар уялтирмайдими, эй Аллоҳнинг бандалари?!

Имом Бутий
Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!