Ислом

Мен қандай ҳижоб ўрадим? Бир муслиманинг ҳикояси

3710

Бувим намоз ўқиётганларида ҳаракатларини такрорлашни бошлаганимда, мен 5 ёшда эдим. Ўша пайтлари қандай қилиб жимгина руку қилганимни ва туришга уринганимни эслайман. Атрофдаги ажиб сукунат ва қалбдаги ҳаяжон ҳам эсимда. Амалларим маъносини тушунмасам-да, уларнинг аҳамиятини ҳис қилардим. Исломнинг илк учқунлари эди бу...

Йиллар ўтди. Кўпчилик айтганидек, мен этник мусулмон эдим. Оиламизда исломий байрамлар нишонланар, уйга муллалар таклиф қилинар, эҳсон бериб туриларди. Аммо уйдагилар Қуръон ҳам, беш вақт намоз ҳам ўқишмас, шариат бўйича кийинишмас эди. Фақатгина бувим бундан истисно.

Бразилиянинг машҳур “Жади” сериалини томоша қилганимдан сўнг Шарқ маданиятига қизиқишим янада кучайди. Ўшанда юртимиздаги аёлларнинг ярми шарқона рақс санъатини ўрганишга ишқибоз эди. Гарчи рақс ислом сари маъқул йўл бўлмаса-да, мен аста-секин шу тарзда мусулмон бўлган бир нечта қизларни биламан. Масалан, яқин дугонам Наташа дастлаб “bellydance”га қизиқди, сўнг араб ёзувининг гўзаллигига шайдо бўлди, мадрасада таълим олди, исломни қабул қилди ва Ислом университетига ўқишга кирди.

Мен бир неча йилдан кейингина унга қўшилиб исломий кийина бошладим. Аллоҳнинг иродаси билан йўлим Қозонга тушди. Бу шаҳарнинг ўзгача маънавий оламга эгалигига ишончим комил. Бу ерда турли дин вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Қозоннинг турмуш тарзи менга ҳам тўғри келди. Бирмунча вақт шу ерда яшадим, аспирантурада ўқидим, оммавий ахборот воситаларида ишладим. Рўмол ўраган маҳаллий қизларга ҳавас қилиб, уларга ўхшашни хоҳладим. Бир куни бошимни ёпиб ишга келганимда, радиодаги ҳамкасбларим ҳайратда қолган эди. Бир ҳодиса ҳануз хотирамда аниқ гавдаланади: “Қул Шариф” масжиди олдидаги майдон қуёш нурларига кўмилган, мен у тарафга гўёки сузаётгандай юриб борардим. Мовийранг, ҳилпираётган узун юбка, ранг-баранг ҳижоб.

Тўсатдан ўткинчилардан бири менга қараб сўради: “Ҳой қиз, сиз актрисамисиз?”

Бу саволнинг мағзини кейин тушундим: мен мусулмоннинг ролини ўйнаётгандек эдим. Ташқи ўзгаришларим ҳали ички дунёмни ўзгартирмаганди. Оиламнинг норозилигига дуч келдим ва ўша пайтда қатъиятсиз бўлганим учун рўмолимни ечдим.

Бироқ юрагим хотиржам эмасди. Рамазон ойларидан бирида отам вафот этганида, юрагим тошдай қотганди. Ўша вақтлари гўё ҳаракатларимни ташқи томондан кузатаётгандек бўлдим. Биринчи енгиллик “Қул Шариф”да бошланди. Мулланинг ваъзи мени тинчлантирар, биринчи бор кўзларимдан ёш отилиб чиқарди. Шундан сўнг отамнинг ҳақига дуолар қила бошладим. Кунига бир маҳал намоз ўқишдан бошлаб, ибодат ҳаёт бўронларидан нажот эканини англадим. Муайян ҳаётий синовлардан сўнг мен ундан куч олаётганимни, у менинг таянчим ва ўзагим эканини англаб етдим.

Ўтган йили биринчи бор Рамазон рўзасини тутдим. Ўшандан бошлаб бутунлай шаръий кийинадиган бўлдим. Торт устига гилос қанчалар ярашса, мен учун ҳам ҳижоб муҳим ашёга айланди. Бунгача ички дунёмда жиддий ўзгаришлар юз берди. Қалбимда шубҳа қолмади. Яқинларимнинг норозилиги менга зарар етказмайдиган бўлди. Буларнинг бари оддийдек кўрина бошлади.

Мени исломга олиб борган йўл нақадар нотекис ва узоқ бўлган бўлмасин, ҳар бир қийинчилик учун Аллоҳга ҳамд айтаман.

Элнора Мир

Манба: “Исламосфера”

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рўмолли қиз коллежни судга берди

1475 15:37 28.01.2020

Швециялик мусулмон бўлмаган ўқитувчилар ҳижоб ўради

1022 17:40 20.01.2020

Ҳижоб ечилгани учун 120 минг доллар товон пули

2120 17:00 20.12.2019

Муслима телебошловчи: «Исломга даъватни чиройли қилинг!..»

2254 08:00 18.11.2019

Рўмол ҳақида «эски ва янги гаплар...»

4097 07:20 15.11.2019
« Орқага