Ислом

«Мен қавмимнинг мардикориман!»

615

Ихлос неъмати шунақанги бир улуғ неъматки, ҳатто уни бировда борлигини  кўрсанг ёки эшитсанг мазза қилиб юборасан. Аллоҳ ихлос билан барчамизни неъматлантирсин!  

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига Увайс Қоранийнинг ихлоси, муҳаббати ҳақида гапирдилар. Увайс инсонлардан қочиб юрар эди. Инсонлар уни мажнун дер эдилар.  

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан Увайснинг таърифини эшитган Умар розиёллоҳу анҳу унга муҳаббат қилиб доимо Ямандан келган кишилардан Увайс ҳақида сўрар эдилар. Унга шавқлари баланд эди. Доим уни суриштириб юрар эдилар. Шаҳид бўлишларидан сал олдин ҳаж мавсумида амаллаб уни топдилар. . У билан учрашиш насиб қилганида : "Сен кимсан?"- дедилар. Увайс: "Мен чўпонман, қавмнинг мардикориман", деди. Исмини айтмади.   

Аллоҳнинг дўстлари ўзларини яширишга ҳаракат қилишади. Қайта-қайта сўровдан кейин у ўзини танитди. Умар розиёллоҳу анҳу ундан дуо олдилар. Ўзлари учун истиғфор айтишини сўрадилар. Унга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саломларини еткардилар.  

Ривоятларда келишича, Увайс Қораний раҳимаҳуллоҳ иккита қабиланинг (Рабиъа ва Музар) қўйлари жуни миқдорида инсонни шафоат қилар экан.  Буни Умар розиёллоҳу анҳу Увайсга айтганларида Увайс йиғлаб:  "У киши мен бўлмасам керак, бошқа инсон бўлса керак" , деди.   

Мана ихлос ва муҳаббатнинг самараси... Ужб йўқ, кибр йўқ, хотиржамлик йўқ, доимий қўрқув ва хавф... ўзига баҳо бермаслик! Ҳозирдаги баъзи бир "авлиё"лар менинг пирим қутқарадилар деб юрибди. Увайс "ўзимни қутқарсам ҳам катта гап", деяпди.        

Ихлос Аллоҳнинг сирларидан бир сир бўлиб уни Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандасига  берар экан...   

Аллоҳдан сўрайлик, бир-биримиз ҳақимизда дуода бўлайлик. Аллоҳ барчамизни ихлос неъмати ила зийнатласинки, амалимиз шу чиркин дунёда қолиб охиратда ифлос (банкрот) бўлмайлик!

Полвонов А.

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага