Мен сиёсатимизга эмас, “оммавий маданият”нинг ҳар қандай кўринишига қаршиман

12:20 13.02.2018 1373

Кейинги пайтларда сериаллар билан боғлиқ мақолаларим, матбуотда, ижтимоий сайтларда тез-тез эълон қилинди. Айниқса, кўпчилик ёшлар оғзига тушган “Севги изтироби” сериали ҳақидаги мақолам “Azon.uz”, “Kun.uz” сайтларида эълон қилингач, кўплаб мулоҳазалар билдирилди. Бир танишим сериал эфирдан олиб ташланса, интернет орқали кўриб олишини айтди. 

Кеча яна бири менга “Сиз сиёсатимизга қаршимисиз? Аввал Туркия билан муносабатларимиз ёмонлашгани боис сериаллар эфирдан олиб қўйилган. Энди эса, қардош халқ билан муносабатлар яхшиланди. Нафақат “ZO‘R TV” бошқа телеканалларда ҳам Туркия ва бошқа мамлакатларнинг сериаллари намойиш этиляпти. Нима бўпти, биз улардан ибрат олмаяпмиз-ку. Анча йиллар олдин Мексика сериаллари ҳам намойиш этилган. Уларда ҳам сиз ёзган фаҳш ва зино тарғиботи бор эди. Ҳеч ким кино кўриб ёмон бўлиб қолмайди”, деди. 

Биринчидан, мен мамлакатимизда бўлаётган ҳар бир ижобий ўзгаришлар тарафдориман. Иккинчидан мен олдин турк сериаллари нима мақсадда эфирдан олиб ташланганини билмайман. Нима бўлганда ҳам, хайрли иш бўлган экан. Эшитишимча, ўша эфирдан олиб ташланган “Хиноли қор” ва “Келин” сериаллари ҳам “ўзига хос” экан. 

Аслида ҳамма “ошкоралик”ни бошлаб берган ўша Лотин Америкаси сериаллари эди. Менимча, “Оммавий маданият” тарғиботи дастлаб шу зайл йўлга қўйилган бўлса керак. Туркиянинг ҳамма киноларига қарши эмасман. Бир пайтлар “Чолиқуши”ни севиб томоша қилардим. Вақтим кўп бўлган бўлса керак-да. Бир ўртоғим “Нурҳаёт” деган сериални мақтади. Умуман, ёмон томони йўқ эмиш. Баъзи танишларим “Муҳташам юз йил” сериалини мақташяпти. Тарихни чуқур биладиганлар эса, усмонийлар даври тарихи бузиб кўрсатилган деб талқин қилишди. Балким... 

Аввал ҳам айтганман, яна айтаман, мен “Оммавий маданият”га қаршиман. Маънавиятга дахл қиладиган ҳар қандай кино ва кўрсатувларга қаршиман. Тўғри оилада тарбия яхши йўлга қўйилса, ҳеч ким кинодан ўрнак олмаслиги мумкин. Лекин кўз кўрганига, қулоқ эшитганига кўникади. Мана шу жойи жамиятнинг онгли фуқароси сифатида мениям ташвишга солади. 

Нима қилайликки, “оммавий маданият” тарғиботчилари ботқоқликка ботган китоблар, газета ва журналлар, сериаллар, мультфилмлар, кинолар, концертлар, томошалар учун пул аямаса. Бозордан фарзандингизга буюм харид қилишда, пишиқ-пухталигига, кўркамлигига, чидамлилигига, нархига эътибор қаратасиз. Бугунги бозор иқтисодиёти даврида маънавиятнинг асоси бўлган босма нашрлар, кўраётган томошаларимиз ҳам бозорга чиққан. Яъни, реклама учун оммабоп кўрсатувлар уюштириш, рекламадан тушган маблағ эвазига яна... Хуллас, шундай экан, телебозордан кўраётганингиз “харидингиз” сифатсиз бўлса, бу ўзингизга ҳам, фарзандингизга ҳам зарар. 

Бировнинг сирини кўчага олиб чиқиш яхши иш эмас. Лекин айрим ажримлар хиёнат, янада аниқроғи аёлларнинг хиёнати туфайли содир бўляпти. Бу эса, онги уйғонаётган ёшларимизнинг эфирдан ўрганаётган, ўрнак олаётган томошалари туфайли эмасми? Яқинда ёш келин-куёвлар ажрашиб кетди. Нима эмиш, қизга биринчи севгани ажрашиб келсанг, уйланаман, депти. Мана, сизга томошанинг таъсири. Қиз кетди. Ота-онанинг юзи шувут бўлди. Минг бор қудалардан узр сўрашди... 

Хуллас, бунақа мисоллар кўп. Ундан кўра, келинг, ўзгаришни ўзимиздан бошлаб, кўзимизни фаҳшнинг тарғиботидан тийиб, болаларимизга ҳеч бўлмаса, бадиий китоб ўқиб берайлик. Сиз ўрнак бўлиб қўлингизга китоб олинг. Қизиқ-қизиқ жойларидан фарзандингизга ўқиб беринг. Қуш уясида кўрганини қилади. Ёнингизга кириб уям китоб ўқийди. Қисқаси, мен сиёсатимизга эмас, “оммавий маданият”нинг ҳар қандай кўринишига қаршиман.

Манзура ШАМС

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!