Таҳлил

«Мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам қиёматгача қайтмайман!»

2197

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: Бошланаётган ҳар бир кун шундай нидо қилади: “Эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалингга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам қиёмат кунигача қайтмайман”.

Тасаввур қилинг-а, бир банк бор. У ҳар куни тонгда сизнинг ҳисобингизга 86 400 бирликда валюта ўтказади, хоҳ доллар бўлсин, ёки евро, ёки сўмда. Ва ҳар кечада ўша банк ҳисобингиздан сиз кун давомида ишлатмаган қолдиқни олиб қўяди.

Бу банкда тўплаб борувчи ёки қолдиқни сақлаб қолувчи тизимлар йўқ. Ҳар янги тонгда ҳисобингиз янгиланади , тунда эса нолга тенг қилинади.

Агар сиз, сизга берилган маблағдан кун давомида фойдаланмасангиз, бу сизнинг зарарингиз. Сиз уни қайтара ҳам, ўзгартира ҳам олмайсиз.

Бундай ҳолатда, табиийки сиз, ҳисобингиздаги барча маблағни ечиб олардингиз ва тунгача бир тийинини ҳам қолдирмай ишлатган бўлар эдингиз.

Аслида эса, ҳаммамиз ҳам шу банкнинг мижозимиз. Ҳар тонгда Аллоҳ бизнинг ҳисобимизга 86400 секунд ўтказади. Ҳар тунда У қолдиқларни ечиб олади. Елкамиздаги фаришталар қандайдир хайрли ишга сарфланмаган вақтимизни зарар ҳисобига ўтказишади. Хайрли иш - бу Аллоҳга ибодат қилишдир, бу яқинларга меҳрибончилик қилиш, атрофдагиларга хизмат қилиш, ўз соғлиги ҳақида қайғуриш, болаларга ажратилган вақт, фақирларга берилган садақа ва бошқалардир. Буларнинг барчаси Аллоҳга ибодатдир. Деярли ҳамма ишни ибодатга айлантириш мумкин, фақатгина ниятни холис қилиш керак. Шундагина сиз балансингиздан максимал даражада фойдалана оласиз.

Бугун сиз соғ-саломат, етарлича шароитда уйғондингиз, ҳисобингизда эса, Иншаа Аллоҳ, 86 400 секунд.

Сиз уларни нималарга сафлашни ният қилдингиз? Ҳисобингиз куйиши учун қолдирасизми ёки ҳар бирлигидан фойдаланасизми?

Биз кўпчилигимиз бу ҳақида биламиз, ҳисобимиз куймаслиги учун вақтни ҳаммасини албатта сарфлаймиз. Афсуски, кўп ҳолатларда бу сериаллар томошаси, қўшнилар билан кимнидир ёки ниманидир муҳокамаси бўлади. Бундай баъзида сарфлар зараримизга ҳам ишлаб қўйиши мумкин. Биз мусулмонлар, айниқса муслима оналар учун бу вақтни сарфлаб қолишгина эмас, унинг самарасини келажагимиз ва охиратимиз учун баробарига ошириб, сақлаб қўйишга имконимиз бор! Бу албатта фарзандларимизга илм ва тарбия беришимиздир.

Жуда кўпчилигимиз болаларимизни қўшимча тўгаракларга юборамиз, уларни олий маълумотли бўлишини ният қиламиз, бу албатта жуда яхши. Лекин, уларни ақли билан биргаликда руҳини ҳам тарбиялашни унутмайлик...

Сиз, шахсан ўзингиз, фарзандингизга қандай нарсалар ўргатдингиз? Сиз дунёни тарк этганингиздан кейин ҳам сизга яхшиликлари келиб тура оладиган илм ва одоб беряпсизми?

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси – умрини нима билан ўтказганидир..."

Муслима она кундалиги телеграм каналидан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замонавий одамнинг тонги

724 11:05 29.08.2019

Нима қилсак вақтни беҳуда сарфламаган бўламиз?

779 18:25 24.08.2019

Уламолар “ишлаб чиқариш”. Уламолар вақти

336 19:35 23.08.2019

«Бу дунё кўҳна карвонсаройдир»

386 11:05 16.07.2019

Вақтни бой бермайлик

537 14:00 22.05.2019
« Орқага