«Мендек аслзода одам турганида...»

12:00 06.12.2018 830

Абу Жаҳлнинг асл исми Амр эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни «ёлғончи» дейдиганлардан эмасди. Ўзидан «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ёлғон сўзлаяптими?» дея сўрайдиганларга:

– У асло ёлғон гапирмайди, у ёлғончилардан эмас, – дерди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни «Ал-Амин» дея чақирадиганлардан эди.

– Хўш, – дейишарди оғайнилари Абу Жаҳлга, – модомики унинг ёлғон гапирмаётганига амин экансан, нега унга ишонмайсан?

– Нега ишонмас эканман! – каловланарди Абу Жаҳл. – Мен унинг оғзидан чиққан ҳар бир гап тўғри эканига ишонаман!

– Унда нега Исломни қабул қилмаяпсан?

Сиз Абу Жаҳлнинг шу саволга берган жавобига эътибор беринг-а, қанчалар катта ибрат бор бу жавобда биз ожизлар учун:

– Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) тўғри гапираётганига ақлим етиб турибди, лекин менга бир нарса ҳеч тинчлик бермайди: мендек аслзода, бадавлат одам турганда Яратганнинг уни пайғамбар этиб танлаганини ҳеч ҳазм қилолмайман, шунга ичим ёнади! Нега мен эмас, дейман! Нега мен эмас?!

Айни шу жумла сизга ҳам тинчлик бермай қўяди-а гоҳ-гоҳида? Кибр ва ғурур ақлингизни маҳв этганида, кимларнингдир обрўси, мартабаси, ютуғи, ақли сизникидан ортиқ эканини ҳазм қилолмай қолганингизда, шу шайтоний фикр қалбингизни заҳарлайди. Айнан у аслзода Амрни шаккок Абу Жаҳлга айлантирган эди, ҳушёр бўлмасангиз, сизни ҳам навбатдаги «Абу Жаҳл»га айлантиради... Кибрингиздан эҳтиёт бўлинг!

Дилфуза КОМИЛ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!