Менга зарар келтиряпсиз

14:00 12.01.2018 680

Мен тадбиркор сифатида корхона очсам, сарф қилган харажатларимни қоплаш ва қўшимча даромад олиш мақсадида корхонамнинг ходимлари масаласини ҳам ўйлаб к ўраман. Бунда менга энг муҳими даромадни кўпайтириш. Ходимларимнинг ҳам даромади яхши бўлиши менинг товарларим бозоргир бўлиши учун рекламадан ҳам фойдаланаман. Ходимларнинг маҳоратидан ҳам. Ва энг муҳими фақат хусусий объектлари бор одамларгина биладиган даромад манбаларини ишлаб чиқаман. Яъни менга ўхшаганлар бозор иқтисодининг қайси тамойилидан фойдаланиб даромад қиляпти?.. Шуни ўрганиб, шаклни ўзгартираман. Лекин ҳеч қачон менинг корхонамда маънавиятсизликка йўл қўйилмайди. Бу шиорим ҳам.

Бу гапларни нега айтаяпман? Бозор иқтисоди ҳамма нарсани бозорга олиб чиқди. Китоб савдосини ҳам, газета савдосини ҳам. Ҳатто, радио ва телевидениени ҳам. Ҳа, шундай. Ахир хусусий каналлар очилиб, кўрсатув ва эшиттиришлар ранг-баранг тус олгани бор гап-ку. Хусусий бўлганидан кейин улар қандай кўрсатув қўйиши ҳам, қанақа реклама намойиш этиши ҳам ўз ички иши. Бизнинг ишимиз томоша қилиш, эшитиш. Ёқмаса бошқа каналга улаймиз, уям ёқмаса, ўчириб қўямиз. Ўчириб қўйиш осон иш. Ғашинг келаётган бўлса, тинчийсан. Бироқ менинг болам ўчириб қўймай эшитса, мамлакатнинг ёшлари ўчириб қўймай тингласа, ўчириб қўйдим деб хотиржам ўтиролмас экансан-да.

Бугунги хусусий телерадиоканаллар мана шу масалада менинг оромимни бузмоқда. Негаки, паразит сўзлар, жаргонлар, тўқима гаплар шу каналлардаги қўшиқларда, кўрсатув ва эшиттиришларда болалаб ётибди. Бир куни таксида ишга келаётсам, ҳайдовчи радио қўйди. Унда “бағоятда миннатдор бўлаётган” бошловчи ўз шевасида бизга “эртай” айтиб берди! Ўзбек тилида “ғоят”, “ғоятда” ёки “бағоят” сўзлари бор. “Бағоятда” хусусий радиоканалларнинг кундалик нутқи. Хусусий телеканалларнинг ҳам бошловчилари ёшлар яхши кўрадиган шоу-бизнесчилар. Улар “саломалайкум” деган ёввойи ўт каби ҳамма томорқани чим қилиб олган. Бездириб юборган бир хил сўзлар тўйдаям, кўча-кўйдаям, хусусий каналлардаям айланиб юрибди. “Эфир олдига чақириб қолган бўлар эдик”, “Насиби рўзи бўлишини тилаб қоламиз”... Бу қаторни яна узоқ давом эттириш мумкин. Нима қилайликки, бунақа маза-матрасиз сўзлар ёшларнинг ҳам оммавий сўзлашув тилига айланиб бормоқда. Ҳатто машҳур кинолардаги ибораларга ўхшаб уларнинг сўзлари айланиб юради “Калла қўйда бўлади”, сингари. Тонгги кўрсатувларда бир-бири билан айтишаётган, сохта мулозамат қилаётган йигит ва қизлар ўзбек тилининг ниҳоятда сершевалигини далиллаб беради. Бу ёқда тилимизнинг софлиги учун ўн-ўн бешта зиёли тилига терсак чиқиб гапиргани қолади. Гап гап жойида, сўз сўз жойида, қолаверади. Бу ёқда маънавият “гуллагандан гуллаб” ётибди.

Мамлакатимизда хусусий каналларнинг кўпайгани яхши. Рақобат пайдо бўлади, ўз-ўзидан рақобат бор жойда савия ва салмоқ ҳам ошади. Ҳар бир телеканал очилишини байрамдек кутиб олган пайтимиз бўлган. Айниқса, “Миллий” каналнинг дунёга келиши кўпчиликни қувонтирди. Ахир миллий сўзи миллатнинг ўзаги дегандек-да. Ундан кўп нарсаларни ҳақли равишда кутдик. Ҳатто бодомнусхали логотипи ҳам кўпчиликка манзур бўлди. Бироқ ўхшамаган помидорнусханинг тез-тез эфирда кўриниши кўпчиликнинг ғашига тегар экан. Логотип бодом бўлгач, бодом билан боғлиқ роликлар ишлаб чиқилса, яхши бўлмасмиди? Ҳали ариллаб йиғлаши, ҳали ҳамма жойи боғланган ҳолатда пайдо бўлаверишидан нима мантиқ? Агар ўша “pomidor group” ҳомийми, ташкилотчими бўлса, уни ҳам, албатта, бошқа бирор шаклда намойиш этиш керак. Яна шундай кўрсатувлар борки, (қайси канал, нима кўрсатув эканини билмаётганим – тезда ўчириб қўя қолганимдан бўлса керак) баланд ўрнатилган стулда қиз бола оёғини чалиштириб ўтириб бошловчилик қилади. Ҳатто шимида йитиқ-йиртиқ безаклар ҳам бор!

Ҳозир энг урчигани кулдириш билан боғлиқ кўрсатувлар. Уларни кўриб, раҳматли Ҳожибой Тожибоевнинг ортидан яна бир бор дуо қиламиз, холос. Ҳатто, безиб ҳам тураман, ҳозир бирор фаҳш маъноли гап чиқиб қолмасин-да деб. Баъзан бошловчиларнинг гапларини эшитиб туриб, шу йигит (ёки қиз) тўйларда ўртакашликдан иш бошлаганини аниқлаб олса бўлади. Бирам билағон-ей булар. Шоу-бизнесчиларнинг аксарияти ҳозир кўрсатувларда бошловчими, сухандонми, кимдир ёки нимадир. Яхши, кўрсатувларнинг сифатини яхшилаш, кўримлилик даражасини ошириш, ёшлар орасида оммалаштириш учун каналлар орасида шундай оммавий йўл тутилар. Бироқ... Агар эътибор берсангиз, республикамиздаги иккита нуфузли олий таълим муассасаси (Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети) журналист кадрлар етиштиради. Президентимиз ҳатто журналистика олий ўқув юрти ташкил қилиш ташаббуси билан чиқди. Ҳар йили шу университетлардан кўплаб ёш кадрлар етишиб чиқади. Уларнинг тил билиш ва билим салоҳиятига қараб, қойил қоламиз. Телеканаллар ушбу ёшлардан ҳам ишга қабул қилишса, уларнинг билими ва малакасини ўз ривожига, ҳеч бўлмаса матнларни тўғри ёзиш, тўғри сўзлашда маслакдош сифатида ишга қабул қилинса нур устига аъло нур бўлар эди.

Яна мен юқорида тўхталганим – ўз корхонамни очмоқчи бўлсам, даромад манбаини кўпайтириш мақсадида бошқаларга эргашиб иш тутаман ва бунда ўзимнинг мустақил позициям бўлиши ҳақида. Агар ўша хусусий каналлардан бирортасини мен ташкил қилсам, балки таниқли қиёфаларни кўнгилочар кўрсатувларга таклиф қиларман. Бироқ мақсад муддао фақат даромад кўламини кўпайтиришдан ташқари одамларнинг маънавий оламига ҳам нимадир олиб кириш бўлади. Қачонгача одамларга шоирлар эси паст қилиб кўрсатилади? Қачонгача нуроний отахонлар ва онахонлар ҳажв қуроли бўлади?

Титрларда кетаётган хатолар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳамма ижтимоий тармоқлардаги хатоларни, ёшларнинг ўзаро ёзишмаларидаги хатоларни тез-тез гапирадию зиёлилар минбари бўлган телерадиоканаллардаги ёзишмаларда, сўзлашувда хатолар камроқ тилга олинади. Балки мен ноўрин фикрлаётгандирман. Кун бўйи ишда бўлиб, эрталаб ва кечқурун фарзандларим билан бирор кўнгиочар кўрсатув кўрайлик десам, шундай кўрсатувларга дуч келаётгандирман. Аслида уларнинг яхши дастурлари кўпдир. Бироқ аксарият кўрсатувлар шевада бошланиб, шевада тугаши, мутлақо луғатларда йўқ сўзлар сўзлар, иборалар ишлатилиши энг катта минбар бўлган телевидениенинг обрўсини туширади, холос.

Кимдир сизнинг уйингиз деразасини синдирса, эшигингизга чизиб кетса, машинангизни туртиб олса, аччиғингиз чиқади. Зарарни қоплатиш учун ўша одамга мурожаат қиласиз. Қопламаса, қонунни ишга солиб, зарарни қоплатишга киришасиз. Бу ерда гап маънавий зарар ҳақида боряпти. Она тилимизга етказилаётган зарар ҳақида боряпти. Энди биз тилимизга етаётган, ёшларимиз маънавиятига етаётган кўзга кўринмас зарарларни ҳисоблаб чиқайлик. Инсон онги кўрганига кўникувчан бўлади. Жуда кўп маънавиятсиз ишлар оддий ҳолга айланди. Фарзандларимизнинг онгу шуурини олатасирлар эгаллашини истамайман.

Ҳурматли, корчалонлар, биз оналар сиз намойиш этаётган сериаллар, реклама роликлари, кўрсатувлар маънавият доирасида бўлишини истаймиз. Сизнинг шахсий ишингизга аралашаётган бўлсам, мени кечиринг. Лекин Сизнинг намойишингиз менинг уйимга кириб келаётган экан, бу ҳақда жим тура олмадим. Аниқроғи – менга зарар етказяпсиз...

Манзура ШАМС
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!