Мени тунда милиция «ушлади»...

09:00 08.09.2018 13698

Ярим тун. Ишни тугатиб уйга қайтаётгандим, уйдан телефон қилиб дори кераклигини айтишди ва йўналишни ўзгартиришга мажбур бўлдим. Шу пайт Ҳолливуд киноларида бўладиган воқеа юз берди. Ортимда патруль пост хизмати автомобили ўз сиренасини ёқиб, овоз кучайтиргич орқали велосипедни четга олиб тўхташимни сўради. Бизам кино кўрган йигитларданмиз, ўнг томонга олиб тўхтадим.

Патруль пост хизмати 3-батальон, 6-отряд ҳайдовчи-ходим сафдор Акрамжон Ҳайдаров тушиб, тунда нима қилиб юрганим билан қизиқди. Бунақа ҳолатларга руҳан тайёргарлик кўриб юрганим учун паспортимни кўрсатиб, дорихона излаб юрганимни айтдим. Паспорт текшируви муваффақиятли якунланганидан сўнг, соқол, костюм-шим-галстук  ва велосипеднинг бир-бирига мос тушиши ёки мос эмаслиги ҳақида суҳбатлашдик.

Мақсадсиз кўчага чиқмаганимни билгач, Акрамжон Ҳайдаров телефони орқали «Арзон аптека» деган дастурни очиб, мен айтган дорини излай бошлади. Ишонинг, бу ҳолат мени ҳайратлантирди. Орган ходимларига бўлган ҳурматим ошди, десам муболаға бўлмас.

Мен излаган дори Акрамжон Ҳайдаров ёрдамида топилди. Шундан сўнг кетишга тайёргарлик кўра бошладим. Акрамжон Ҳайдаров «сизни қўйиб юбора олмайман» деб қолди. Очиғи ичимга бироз хавотир ўрлади. «Ҳарқалай бир-биримизни» тушунгандик-ку, деб ўйладим ҳам. «Нега» деб сўрадим. «Сизга ёрдам беришимиз керак. Дорини олиб беришимиз керак» деди. Ҳаммаси яхшию, фақат... Велосипедчи? Уни нима қиламиз?

Чора излай бошладик. Дастлаб автомобилнинг юкхонасини очдик. Велосипедим каттагина бўлгани учун (гавдага мос. Ишонмасангиз суратга қаранг – изоҳ Темур Аъзамга тегишли) у ерга жойлашнинг имкони бўлмади. Ўша ердаги дўкон панжарасига қулфлаб кетишни таклиф қилдим. Бироқ Акрамжон Ҳайдаров бунга кўнмади. Сабаби ўғрилик бўлса, менга зарар етиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирди. Уни амаллаб велосипедни шу ерда қолдиришга кўндирдим. Сўнгра уни қулфлаб, йўлга тушдик. Кейинги муаммо... Биз излаган дорихона бошқа туманда жойлашган экан. Ҳисоблаб кўрилса, 200 метр туман чегарасидан ташқарига чиқиш керак экан. Мен учун истисно қилишди. Дорихонага бориб, керакли дориларни олдик. Бизни кўрган аптекачи аёлнинг юз қиёфаси алоҳида мавзу. Таажжубга тўла эди, ишонаверинг.

Велосипед турган жойга қайтдик. Уларга ташаккур билдирдим ва хайрлашдик.

Дарвоқе, сурат ҳақида. Суратчи ҳам бегона эмас, Миллий гвардия ходими.

P. S. Миннатдорлик билдириш ва тилаклар кўп вақтни олди шекилли, ёнимизга бошқа патруль машинаси ҳам етиб келди. Улар машинадан тушиб, вазият ҳақида сўрашди. Мен бўлган воқеани айтиб бердим. Шунда унвони каттароқ бўлган ходим «биз булар билан фахрланамиз» деди ва ўз йўлида давом этди. Мен шу лаҳзаларда Ўзбекистондаги барча орган ходимлари Акрамжонга ўхшашини ва уларнинг барчаси билан фахрланишимизни истадим.

Аввалроқ, "Америка полицияси" ҳақида мақола берган эдик

Ғайратхўжа Сайдалиев билан содир бўлган мазкур воқеани Темур Аъзам оққа кўчирди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!