Менинг маҳрамим ким? (1-қисм)

10:00 25.03.2019 1601

Бизларга барча нарсаларни баён қилиб, тўғри йўлга ҳидоят қилган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз, бизларга барча нарсада ўрнак бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломларимиз бўлсин!

Ислом шариатида сатри аврат ва маҳрам ва номаҳрам масалаларига жиддий эътибор берилиб, бу тўғридаги ҳукмлар батафсил баён қилинган. Биз ушбу мақоламизда, сиз азизларни мана шу ҳукмлар билан батафсил таништиришни мақсад қилдик. Бу масалалар инсон билиши керак бўлган энг асосий масалалар ҳисобланади. Зеро, банда бу масалаларни яхши ўрганиб олиш натижасида кўплаб гуноҳ ишларни қилиб қўйишдан омонда бўлади.

Бу мақоламизни асоси сатри аврат масаласига бориб етганлиги сабабли, даставвал, аврат масалаларини баён қилсак. Ҳанафий мазҳабида мўътабар ҳисобланган фиқҳий китобларда бу тўғрида шундай баён қилинади:

Эркак эркакнинг, аёл аёл ва эркакнинг киндик ва тизза орасидаги ўриндан бошқа жойларига қарайди (қараши жоиз). (Эркак) ўз маҳрами ва бошқа одамга тегишли чўрининг қорин (бу ерда қорин орқанинг муқобилидадир. Шунинг учун кўкрак ҳам киради), орқа (елкадан думғазагача бўлган жой) ва сондан бошқа жойларигача қарайди. Номаҳрам аёлнинг, (қул эса, ўз) саййидасининг юз ва кафтигагина қарайди. (Ҳалол жойларига қараган вақтда ҳам) шаҳватдан хотиржам бўлиши шарт қилинади. Қозилик, шаҳодат, никоҳ иродаси, сотиб олиш ва даъволаш учун қараш ҳолатлари бундан мустасно. (Табиб беморнинг) оғриқ ўрнига зарурат миқдорича қарайди. Бичилган ва шу қаторилар (қараш ҳукми борасида) бичилмаган эркак кабидир. (Жуфти ҳалоли ва чўрилари каби) ўрталарида жимо ҳалол бўлган инсоннинг барча аъзосига қараши мумкин. Қараш ҳалол бўлган аъзони ушлаш ҳам ҳалолдир.

Бу масалаларни бирма-бир шарҳлаб ўтсак:

Эркак эркакнинг, аёл аёлнинг ёки эркакнинг киндик ва тизза орасидан бошқа жойларга қарайди.

Демак, эркак кишининг аврати киндик остидан то тизза остигачадир. Бунга далил сифатида қуйидаги ҳадисларни келтиришимиз мумкин:

عن أبى أييوب الأنصارى قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم أسفل السرة وفوق الركبتين من العورة . رواه الدارقطنى .

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киндикдан пастдаги нарса авратдандир. Икки тиззадан юқори нарса авратдандир», – дедилар” (Имом Дорақутний ривояти).

عن عمر بن شعيب عن أبيه عن جده قال رسول الله صلى الله عليه وسلم مروا صبيانكم بالصلاة فى سبع سنين واضربوهم عليها فى عشر وفرقوا بينهم في المضاجع وإذا زوج أحدكم أمته عبده أو أجيره فلا ينظر إلى ما دون السرة وفوق الركبة فإن ما تحت السرة إلي الركبة من العورة. رواه الدارقطنى.

Амр ибн Шуайбдан, у киши отасидан, у киши бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ёш болаларингизни етти ёшликларида намоз ўқишга амр қилинглар. Ўн ёшга етганларида ҳам ўқимаса, уринглар ва ётар жойларни алоҳида қилинглар. Қачон бирингиз ўз чўрисини қулига ёки мардикорига никоҳлаб берса, унинг киндигидан пастига ва тиззасидан юқорисига назар солмасин. Чунки киндикдан пасти ва тиззадан юқориси авратдандир», – деганлар” (Имом Дорақутний ривояти.)

Бундан чиқди, киндик аврат эмас тизза авратдир. Далил:

عن عمير بن إسحاق قال رأيت أبا هريرة لقى الحسن بن على فقال اكشف لى عن بطنك حيث رأيت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقبل منه قال فكشف عن بطنه فقبله. رواه أحمد

Умайр ибн Исҳоқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу билан учрашиб қолганини кўрдим. У зот унга: Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи васалламнинг сени қорнингдан ўпаётганларини кўрган жойимни оч!” – деди. У қорнини очди, (Буниси) унинг киндигидан ўпди” (Имом Имом Аҳмад ривояти).

Агар киндик аврат бўлганида, у зот киндигини кўрсатмаган, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса, уни ўпмаган бўлар эдилар.

Аёллар бир-бирига жинсдош бўлгани, қараганида, аксар ҳолатларда шаҳват бўлмагани сабабли ҳам киндик ва тизза орасидан бошқа жойларга қарашга рухсат берилган. Лекин шаҳват бўлмаслиги керак. Эркаклар одатдаги иш билан машғул бўлганда, кўпинча устки кийимларини ечиб иш қилади. Аёллар кўрмаслиги учун, кийимларини ечмасин, дейиладиган бўлса, машаққатга сабаб бўлади. Шунинг учун бизнинг мазҳабда аёлларнинг эркакларга назар солишида енгилроқ йўл тутилган. Аёл аёлнинг қаерларига қараш мумкин бўлса, номаҳрам эркакнинг ҳам шу жойларига қараши мумкиндир. Аёл киши эркакнинг қараш жоиз бўлган аъзосига қарасаю, қалбида шаҳват уйғонса ёки шаҳват пайдо бўлганлигидан шубҳаланса, кўзини четга олиши мустаҳаб бўлади. Эркак кишида бундай ҳолат тушса, у кўзини четга олиши вожиб бўлади.

Аёллар бир жойда ўтириб олиб, номаҳрам эркакка ноўрин қарамоқликлари ҳаром. Аммо кўча-кўйдаги ёки ҳаром бўлмаган ўйинлар ўйнаётган эркакларга узоқдан қараса жоиз.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилиган ҳадисда зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Ийд куни ҳабашийларнинг масжид олдидаги ўйинларида, Оиша розияллоҳу анҳу ҳам у зотнинг орқаларидан туриб томоша қилганлар. У Зот Оиша онамизни улардан тўсиб турганлар. Оиша онамиз ўзларига малол келгандагина қайтиб кетганлар.

Мусулмон эркаклар каби муслима аёллар ҳам номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги оятдан тушунилади. Агар бехосдан назарлари тушса, кўзларини бошқа томонга буришлари лозим. Чунки аёлларнинг эркакларга доимий назар солишлар ҳам ўртада фитна, зино, ҳаром ишлар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, аёл аёлнинг эркак эркакнинг авратига қараши жоиз эмас.

عن عبد الرحمن بن أبى سعيد الخدرى عن أبيه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال لا ينظر الرجل إلى عورة الرجل ولا المرأة إلى عورة المرأة. رواه مسلم.

Абдураҳмон ибн Абу Саид Худурийдан, у отасидан ривоят қилади: Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Эр киши эр кишининг авратига қарамасин, аёл киши аёл кишининг авратига қарамасин”, – дедилар”[1(Имом Муслим ривояти.)

(Эркак) ўз маҳрами ва бошқа одамга тегишли чўрининг қорин, орқа (елкадан думғазагача бўлган жой) ва сондан бошқа жойларигача қарайди.

«Маҳрам аёллар» деганда туғиш, эмиш ва қудачилик туфайли эркакка никоҳи ҳаром бўлган аёллар тушунилади. Ўз маҳрамига кўзи тушганида шаҳват бўлмаганлиги сабаб, зийнат жойларини кўрсатишга рухсат берилган. Бошқа инсоннинг чўрисига келсак, чўрилар хизмат юзасидан ташқарига чиқишга, айрим ҳолларда эркаклар билан аралашиб юришга тўғри келади. Шунинг учун уйнинг ичидаги хизмат қиладиган аёлларга ўз маҳрамлари учун қарашга рухсат берилган жойларига, ташқарида хизмат қиладиган чўрилар қиёс қилинади. Яъни, эркаклар бировнинг чўрисига маҳрамларининг қаерларига қараши мумкин бўлса, ўша жойларига қараши мумкин.

Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: “Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса, майли), - деган («Нур» сураси, 31-оят).

Мўмина аёллар қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини, яъни зийнат саналадиган аъзоларини кўрсатиб юришлари мутлақо мумкин эмас. Лекин Қуръони Каримда зикр қилинган ушбу ўн икки тоифа бундан истиснодир.

  • Эрлари. Муслима аёлнинг зийнатларини кўришга энг ҳақли одам унинг эридир. Шунингдек, эр ўз аёли танасининг ҳамма жойини кўришга ҳақлидир.
  • Оталари. Мўмина-муслима аёлларнинг отаси энг бош маҳрамдир. Шунинг учун унга зийнатини кўрсатса, ҳалол. Ота ва ундан кейин зикр қилинадиган маҳрамлари учун аёлнинг никоҳи ҳаромдир, улар унга уйланиши, умуман шаҳват билан қарашни хаёлларига ҳам келтирмайди. Шунинг учун, аёл маҳрамларига зийнатларини кўрсатса бўлади. Яъни, юзини, қўлини, сочини, томоғини, оёғини ва уй ичида очиб юришга мажбур бўладиган баъзи аъзоларини, жумладан, хамир қилаётганида билагини, уй супураётганида болдирини кўрсатсалар, гуноҳ йўқ. Эҳтиёж юзасидан рухсат берилган. «Оталар» деганда катта ота, бобо ва боболарнинг оталари ҳам кўзда тутилган.
  • Эрларининг оталари. Яъни қайин оталар. Бунга қайин оталарнинг оталари ва катта қайин оталарнинг оталари ҳам киради. Улар ҳам ота ўрнида. Улар ҳам келинларига маҳрам, ўртадаги муносабатда уйланиш ёки шаҳват назари деган нарсалар бўлиши асло мумкин эмас.
  • Ўғиллари. Яъни ўз ўғиллари, ўғиллари ва қизларидан бўлган ўғил набира ва абиралар киради. Буларнинг ҳаммаси аёл киши учун маҳрам, улар орасида оила қуриш ёки шаҳват билан қараш умуман мумкин бўлмаган ишдир. Шунинг учун ҳам, муслима аёлга уларга зийнатини кўрсатишга рухсат берилган.
  • Эрларининг ўғиллари. Яъни, эрларининг бошқа хотинидан бўлган ўғиллари. Ўрталарида она-болалик алоқаси бор. Шунинг учун, зебу зийнат ва чирой ўртада шаҳват уйғотмайди.
  • Ака-укалари. Туғишган, ота бир, она бир ака-укалар ҳаммаси баробардирлар. Булар аёлга маҳрам ҳисобланиб, сингилларининг зийнатини кўрсалар майли.
  • Ака-укаларнинг ўгиллари. Бунда ҳам туғишган, ота бир ва она бир ака-укаларнинг ўғиллари, яъни, жиянлар назарда тутилади. Аёл ака-укаларининг фарзандларига амма бўлади. Бошқа маҳрамлар қатори, булар ҳам ҳаёт тақозоси ила доимо бир-бирлари билан кўришиб, аралашиб туришларига эҳтиёжлари бор. Шу сабабдан аммаларининг зийнатларига қарашларида монелик йўқ.
  • Опа-сингилларнинг ўғиллари. Бу ҳолатда ҳам туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингилларининг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл, улар учун хола бўлади. Ўртада маҳрамлик бор. Шунинг учун, аёл уларга зийнатларини кўрсатиши мумкин.

Аммо аёлларнинг эркак маҳрами бу билан тугамайди. Оятда зикри келмаган маҳрамлар ҳам бор. Мисол учун, амакилар, тоғалар ва куёвлар.

Шунингдек, эмикдошлик орқали маҳрам бўлганлар бор. Улар ҳақида ояти каримада бирор нарса дейилмаган бўлса ҳам ҳадисларда келган ҳукмлардан қиёс қилиб, аёл уларга зийнатини кўрсатса, гуноҳ йўқ деб фатво берилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Оиша онамиз розияллоҳу анҳога эмикдошлик орқали амакиси ва тоғаси бўлган эркаклардан қочиб, ўранишига рухсат бермаганлар. Шундай экан, насаб орқали бўлган амаки ва тоғаларга, албатта, зийнатини кўрсатиши жоиз («Саҳиҳил Муслим»).

عن عائشة رضى الله عنها جاء أفلح أخو أبي القعيس يستأذن عليها بعد الحجاب وكان أبو القعيس أبا عائشة من الرضاعة قالت عائشة فقلت والله لا آذن لأفلح حتى أستأذن رسولله فان أبا القعيس ليس هو الذي أرضعني ولكن أرضعتني امرأته فلما دخل عليّ رسول الله قلت يا رسول الله ان أفلح أخا أبي ألقعيس جاء يستأذن عليّ فكرهت أن آذن حتى أستأذنك؟ قالت فقال النبي ائذني له.    

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Абул Қуайснинг укаси Афлаҳ ҳижобдан кейин келиб, у кишининг олдига киришга изн сўраган. Абул Қуайс Оишага эмикдош ота эди. «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрамагунимча, Афлаҳга изн бермайман», – дедим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам келганларида: «Эй Аллоҳнинг Расули! Абул Қуайснинг укаси Афлаҳ ҳузуримга киришга рухсат сўради. Сиздан рухсат сўрамасдан рухсат беришни ёқтирмадим», – дедим. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга изн бер»,- дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: “Оиша онамиз қуйидагиларни айтади: “Ҳузуримга Афлаҳ келган эди, ундан яшириндим. У: «Амакинг бўлсам ҳам мендан қочасанми?!», – деди. Мен қаердан менга амаки бўласиз?!”, – дедим. У жавоб берди: «Сени менинг акамнинг хотини эмизган», – деди. Мени эмизса, аёл киши эмизган, эркак киши эмас”, – дедим. Сўнг олдимга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Мен бўлган гапни айтиб бердим. У Зот: «Албатта амакинг бўлади. Ҳузуринга кираверсин», – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Юқорида зикр қилинган маҳрамларнинг ҳаммаси абадий маҳрам ҳисобланади.

Насиб этса, мақоламизнинг кейинги қисмида, вақтинчалик маҳрам бўлган шахслар борасидасўз юритамиз…

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Акмалжон Ғаниев тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!