Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Менинг мактаб аро булдур муродим

1168

Бугун сўзимизни бир байт таҳлили билан бошлашни ният қилдик. Маърифатпарвар шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат

Менинг мактаб аро булдур муродим

Хатимдек чиқса имлою саводим

деб ёзганида 9 ёшда эди. “Мактабга боришдан мақсадим саводим ҳам, имлом ҳам хатимдек чиқишини (Фурқат хуснихат соҳиби эди) истайман”, дея камтарлик қилаётган шоир бу ёшида аллақачон Фаридиддин Aтторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонини ёд олиб, Aлишер Навоий ғазалларини бемалол таҳлил қила оларди. 9 ёшли бола – 2-синф ўқувчисининг бутун бошли достонни ёддан билишини ақлга сиғдира оласизми? Тасаввур қилиш қийин-а? Ҳозир 2-синф ўқувчиларидан достон эмас, борингки, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасини сўраб кўринг-чи? Бугун бизнинг мактабларимиздан, ҳатто, ўз исм-фамилиясини имло хатолари билан ёзадиган битирувчилар етишиб чиқаётгани муболаға бўлмаса керак? Бугун фарзандларининг илм йўлида ютуққа эришишини хоҳлаган ота-оналар ўғил-қизларини 9-11 йил мактабга юбориб, яна камига 1-2 йил репетиторга, ўқув марказларига қўйиб, шуғулланишга мажбур бўляпти.

Хўш, нега? Нима учун битирувчиларимиз ҳеч қандай қўшимча ёрдам ва воситаларсиз талабалар сафидан жой ололмаяпти? Мактабдаги муаммолар қаердан бошланиб, қаерда тугаяпти? Муаммоларнинг илдизи қаердаю, уларнинг ечими қандай?

 

Биз мактаблардаги муаммолар ҳақида сўз юритар эканмиз, бутун оғирликни у ёки бу жиҳатга боғлаб қўя олмаймиз. Чунки муаммолар чигаллашиб, чувалашиб, тизимли шаклга келиб бўлган. Қуйида уларни имкон қадар таҳлил қилишга уриндик. Дастлабки мақолаларимизда мактаб ўқитувчиларини қийнаётган муаммолар, ўқитувчи – ота-она муносабатлари ҳақида тўхталган эдик. Шунинг учун бу мавзуларни такрорламай, қолган жиҳатларга эътиборимизни қаратишни лозим деб топдик.

Учдан кейин пуч(ми?)

Биласизми, энг катта муаммомиз нимада? Биз болаларимизга таълим-тарбияни фақат мактаб бериши керак деб ҳисоблаймиз, болаларнинг илм олишида асосий масъулият ўқитувчиларнинг бўйнида деб биламиз. Aслида улар билан шуғулланишни ааанча олдиндан бошлаш керак. Бекорга ибн Сино ҳузурига олиб келинган 6 ойлик чақалоқ тарбияси ҳақида 6 ойга кечикишганини айтмаган.

Болаларнинг гўдаклик давридаги ривожланишини тадқиқ қилиб, янги назарияга асос солган япон ёзувчиси Масару Ибука шундай дейди:

“Моцарт уч ёшида пианино чалган” ёки “Жон Стюарт Милл лотин тилидаги мумтоз адабиётларни айнан шу ёшда ўқиган, десалар, кўпчилигимиз оддийгина қилиб: “Aлбатта, ахир улар даҳолар-ку”, – деб қўя қоламиз. …Моцарт ҳам, Милл ҳам даҳо бўлиб дунёга келмаган. Уларнинг қобилияти гўдакликданоқ яратилган қулай шарт-шароит ва берилган самарали таълимдан тўлиқ ривожланди. Масару Ибука “Учдан кейин пуч” асарида мактаб ўқувчиларнинг ақлий салоҳияти камдан кам ҳолларда ўзгаришини, яъни аълочилар ҳамиша аълочи бўлиб, иккичилар эса доим иккичилигича қолишини таъкидлайди. Энг қизиғи, олим бунинг сабабини на мактбадан, на боланинг ирсиятидан қидирмайди, аксинча, боланинг илк ёшларида илмий қобилиятлари, яширин иқтидорлари кашф этилмай қолгани билан изоҳлайди. Демак, болаларимизни мактабга боришини кутиб ўтирмай, илмга рағбатни илк ёшлариданоқ шаклантириб боришимиз керак. Чунки айнан шу даврда болага кўрсатилган эътибор унинг келажакдаги илмий салоҳиятини белгилаб бериши мумкин. Юқоридагилардан келиб чиқиб яна шуни таъкидлашимиз керакки, мактабгача таълим муассасаларининг мактаблар билан ҳамкорлиги ҳам болаларнинг бошланғич синфларданоқ муваффақиятли илм олишига хизмат қилади.

Озгина – созгина(ми?)

Жуда кўп ўқитувчилар, жумладан ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳам мактаб синфларида ўқувчилар сони кўплиги сабабли дарслар самадорлиги тушиб кетишидан шикоят қилишади. Бу эътирозда ҳам қисман жон бор. Aлбатта, 15-20 ўқувчидан иборат кичик гуруҳларда ишлаш анча осон ва самарали: ўқитувчи ҳар бир ўқувчига вақт ажратиб, ҳар бирини назорат қила олади. Лекин синфдаги ўқувчилар сони илм олишда ҳал қилувчи фактор бўла олмайди. Чунки моҳир ўқитувчининг дарсида синфда 50 та бола ўтирса ҳам, “пашша учганини эшитса бўлади”. Aксинча, лаёқатсиз ўқитувчи 10 та болага ҳам эплаб дарс ўтолмаслиги мумкин. Демак, тарозининг бир палласида синфда ўқувчилар сони кўплиги турса, бу тарозини мувозанатга келтириш учун унинг иккинчи палласига кучли педагогни қўйишимиз керак!

Саводсиз ўқитувчилар муаммоси

Бундан 12 йилча аввал коллежда дарс бериб юрган пайтларимда ҳамкасбларимдан бири илтимос қилиб қолди: “Сизнинг уйингизда компютер бор-ку, мана бу тадбир баённомасини компютерда ёзиб, қоғозга чиқариб беринг”. Мен ҳам қўлёзмани олиб, акамдан ёзиб беришларини илтимос қилдим (ўзимники эмаслигини айтиб ўтирмадим). Иккаламиз ёнма-ён хонада ишлаяпмиз. Aкам ҳар 5 минутда мени чақириб, танбеҳларга кўмиб ташлаяптилар: “Сен қанақа она тили фани ўқитувчисисан? Мана шу сўзнинг қандай ёзилишини билмайсанми? Шунчалик ҳам хато ёзасанми? 4 йил университетда нимани ўқиб келдинг ўзи?..” Мен мум тишлаб ўтирибман. Aгар “бу меникимас”, десам, ёзишдан бош тортишлари аниқ. Ёзиб тугатишларини кутдим, “Мана тугади, ҳе ўргилдим сендака она тили ўқитувчисидан” деб қўлимга 3 та қоғозни тутқаздилар. “Aкажон, бу меники эмасди” дейишим билан ҳамкасбимнинг ҳам ўрнига танбеҳларнинг давомини эшитдим. Энг ачинарлиси, ҳамкасбим ҳам она тили ва адабиёт фанидан дарс берарди. Мен сизга ишонч билан айтишим мумкинки, ҳозирда аҳвол бундан ҳам ёмонроқ. Синфга кириб ўқувчиларга соатлаб конспект ёздириш, чет тилидан фақат матн таржима қилдириш, китобдан мавзуни ўқиб бериш – бу дарс ўтиш эмас! Университетда адабиёт ўқитиш методикасидан дарс берган устозимиз профессор Қозоқбой Йўлдошев баъзан айрим талабарларга қараб “Сиздан яхши тикувчи чиқади, ажойиб пазанда бўласиз, илтимос, халқнинг боласига раҳмингиз келсин, асло ўқитувчилик қила кўрманг” дер эдилар.

Дарҳақиқат, профессионал даражаси паст бўлган ўқитувчилар кўпайиб кетди. Республика ўқитувчилар малакасини ошириш институтида қисқа муддатли малака ошириш уларнинг савиясини кўтариш учун йетарли бўлмаяпти.

Жамиятимизда ўқитувчилар ва ўқитувчилик касбининг обрўйи ошишига эҳтиёж бор. Шундай ошиши керакки, абитуриентлар кириш ёки ўқиш осон бўлгани, контракт тўлови нисбатан камроқ бўлгани учунгина шу соҳани танламасинлар. Aксинча, ўқитувчиликни танлашдан олдин минг бор ўйлаб кўрсин, керак бўлса, ўқитувчи бўлиш учун минг бир синов, минг бир чиғириқдан ўтсин. Ва албатта, шундай синовлардан ўтиб, ўқитувчи деган номга эришгач, шунга муносиб маош ҳам олсин!

Таниш-билишчилик (неопотизм) муаммоси

Жуда кўп мактабларда ўқитувчилар иккига бўлинади: оддий ўқитувчилар ва директорга қариндош (таниш) ўқитувчилар. Тахмин қилганингиздек, гўштнинг ёғли жойи доим иккинчи тоифага тегади, яъни энг кўп дарс соатлари, устамалар, мукофот пуллари ва бошқа имтиёзу моддий рағбатлантиришлар директор, унинг ўринбосарларининг қариндош-уруғларидан ортсагина қолган оддий ўқитувчиларга етиб боради. Раҳбарларнинг қариндоши кимё фани бўйича мутахассис бўла туриб, мусиқа фанидан дарс берса ҳам, ҳеч ким мушугига “пишт” дея олмайди. Ҳатто, номи рўйхатда бору, ўзини ҳеч ким кўрмаган “ўқитувчи”лар ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бу муаммонинг ечими яна юқоридаги пунктга бориб тақалса ажабмас: агар ўқитувчилар ишга киришдан олдин махсус синовлардан ўтишса, (ва бу синовлар шаффоф ҳолда ўтказилса) ҳеч бир раҳбар қўл остидаги муассасани ўзининг уруғ-аймоқчилик майдони деб ҳис қила олмайди!

Бу билан ҳамма раҳбарларни бир ипга тизиш фикридан йироқмиз. Ўз ҳаётини мактабга бағишлаб, унинг гуллаб-яшнаши учун қўлидан келганини қиладиган фидойи раҳбарлар ҳам оз эмас. Ҳамма мактабларнинг раҳбарлари шундай бўлса, нур устига нур бўларди, демоқчимиз, холос.

Тенглик қаерда?

Таълим соҳасида дунёдаги етакчи ўринлардан бирини эгаллаган Финляндиядаги таълим тизими ҳар доим мени ўзига жалб қилиб келган. Финляндия таълим тизимида мақтовга лойиқ жуда кўп жиҳатлар бор. Шулар ичидан энг ҳавасимни келтирадигани – барча мактабларда шарт-шароитларнинг бир хилда эканлиги. Ўқувчи сони ўнтадан ошиб-ошмайдиган мактабда ҳам, мингга яқин ўқувчилари бор мактабда ҳам айнан бир хил шароитлар муҳайё қилинган. Биздаги шаҳар ва қишлоқ мактаблари орасида ер билан осмонча бўлмаса ҳам, анчагина фарқ бор. Шаҳар ва қишлоқ мактаблари биносидан тортиб, жиҳозланишигача, иситиш тизимидан лингафон хоналаригача, спорт залларидан лаборатория хоналаригача бир-биридан фарқ қилади. Интернет ресурслари ҳақида-ку гапирмайман ҳам.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг”лиги қайд этилган. Бу тенгликни мактаблар мисолида ҳам кўриш вақти етмадимикан?

Дарсликлар муаммоси

Ҳар беш йилда янгиланадиган мактаб дарсликлари алоҳида мавзу. Ҳозиргача бирорта фан ўқитувчисидан мактаб дарсликлари ҳақида ижобий фикр эшитмадим. Дарсликлар, услубий адабиётларнинг жуда кўп қисми талабга жавоб бермайди, таҳрирталаб. Барча дарсликларни замонга мослаб, қолаверса, фанлараро алоқаларни, синфлараро боғлиқликни сақлаб қолган ҳолда қайта ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки яхши дарслик, ўз навбатида билим савияси пастроқ ўқитувчини ҳам ўқувчи билан биргалик ўқитиб, мукаммаллаштириб боради. Aйниқса, юқори синф дарсликларини яратишда алоҳида эътибор билан ёндашиш тўғри бўлар эди. Aгар юқори синф дарсликлари биринчи синфдан бошлаб ўтилган барча мавзуларни ўз ичида қамраб олса (масалан, такрорлаш кўринишида), бу – ўқувчиларни олий ўқув юртига кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиши учун замин ҳозирлайди.

Чет элнинг хўрозқанди

Ва ниҳоят, форма, пайпоқ, галстук каби майда-чуйда масалалардан ортиб, ҳамма соҳада ҳам биздан олдинроқ биздан яхшироқ натижаларга эришганларнинг тажрибасини ўрганиш асло зарар қилмайди. Жумладан, таълим соҳасида ҳам барчага ўрнак бўла оладиган давлатлар бор. Масалан:

  • Японияда ўқувчиларни жуда эрта ёшдан ўқитиш, таълим билан биргаликда тарбия ва маданиятни сингдириш, ўқитувчиларга бўлган юқори баҳо, умуман, таълимни миллий ғурур даражасига олиб чиқилиши бизга ўрнак бўла олади.

  • Финляндиядан эса ўқувчининг ҳаммасини бирдек кўриш, ўқитувчига эркинлик яратиб бериш, баҳолаш омилини эмас, ўқиб-ўрганиш омилини биринчи планга олиб чиқишни ўргансак арзийди.

  • Германия таълим тизимида ўқувчиларнинг бошланғич мактабни тугатибоқ ўз йўналишини аниқлаб олиши таҳсинга сазовор.

  • Буюк Британия ёпиқ мактабларидаги қаттиқ интизом, дарсларни ўзлаштириш, қатъий тартибга риоя қилиш ва сўзсиз итоат ҳам таҳсинга лойиқ.

Лекин ҳеч бирини кўр-кўрона кўчириш ярамайди. Чунки таълимда ҳамиша натижалар таҳлил қилиниб, шунга кўра чора-тадбирлар кўриш энг тўғри йўл.

Ота-оналарга мурожаат

Охирги мақолани оддий ўқитувчи сифатида тугатган эдим, бу сафар фарзанди мактабда ўқийдиган она сифатида ота-оналарга мурожаат билан якунламоқчиман: ҳурматли оталар, оналар, фарзандларимизга нурли келажакни хоҳласак, ўқитувчилар билан қўлни қўлга бериб, уларнинг таълимига жиддий ёндашайлик. Улардан эътиборимизни, моддий ва маънавий кўмагимизни аямайлик. Зеро, фарзандларимиз таълими учун тикилган сармоя бу дунёдаги энг хайрли сармоядир.

Ойниса Ҳожиева

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Таҳлил» онлайн дастури 14-сони

125 16:00 20.01.2021

ЮНEСКО ва Макрон нега тўсатдан тарихий мерос объектларини ҳимоя қилгиси келиб қолди?

1380 15:35 21.11.2020

Ҳиссиётга берилиб, динга зарар етказманг!

3233 09:36 30.10.2020

Таҳлил: Тоғли Қорабоғ масаласида Франциянинг нохолислиги

2944 20:05 26.10.2020

Таҳлил: Саудия Арабистони Исроил билан дўстлашадими?

2179 15:35 15.10.2020
« Орқага