Миллатимиз келажаги учун ҳам улар билан ҳамкорлик қилманг!

20:00 09.02.2019 1931

Сиз бунга ишонармидингиз? Собит Асомов, Ҳожибой Тожибоев, Обид Асомов (барчасини охирати обод бўлсин). Бу рўйхатда мен билганлар ёки ёдимдан кўтарилмаган замонамизнинг тан олинган кулгу усталари. Ҳали ҳам кулгу умрни узайтиради дейдиганларга ва шундай деб халқимизни ишонтирадиганларга бу рўйхат дарс бўлсин! Кулгу замонавий тиббиётда умрни узайтириши исботланганми-йўқми, билмадимку, аммо кўп кулгудан қалб қорайиши бор гап:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кулгуни кўпайтирманглар. Чунки, кўп кулгу қалбни ўлдиради”, дедилар. Бухорий ривоят қилган.

Кулсам умрим узаяди деганингиз билан кулиб ё кулдириб турган жойингизда омонатингизни топширишингиз мумкин. Кечагина соғлом юргандингиз, лекин биргина юрак хуружи сизни ёруғ дунёни тарк этишингизга етарли бўлади. Керак бўлса, бутун умр кулиб-кулдириб, тузалмас касалга дучор бўлиш ҳам исботланган. Ҳақиқат шуки, кулгу билан умр узайиб қолмайди! Ҳеч ким сизни оптимистик руҳда ҳаёт кечиришингизга қарши эмас, доимо кулиб, хушкайфиятда яшанг. Шундай инсонларни биламан, кўришганизда, суҳбатлашганизда беихтиёр юзингизга табассум югуради. Унинг кайфияти сизга ҳам таъсир қилади, кайфиятингиз ўз-ўзидан кўтарилади. Марҳамат, сиз ҳам шундай кайфиятда умргузаронлик қилинг. Фақат кулгу умрни узайтиради, дейдиганларга ишонманг.

Ким қандай бўлса дунёни шундай кўради дейишади. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Мен ҳам дунёни шундай кўраман: қизиқчи белдан пастга тушмаслиги шарт! Тушмасликнинг иложи йўқ, дейдиганларга бунинг имкони борлигини исботлаб кетган қизиқчилар мисол бўла олади. Чунки белдан пастга тушадиган ҳангомаларни кўча-куйда ҳаваскорлардан эшитса бўлади. Катта саройга чиқволиб, кўчада айтиладиган ҳангомаларни гапирса, демак, у профессионал эмас, кўчадаги ҳаваскордан фарқи йўқ. Агар ўзича мен профессионалликка даъвогарлик қилмайман, деса, унда у жойни бўшатиб қўйсин! Ҳамма иш билан профессионаллар шуғуллангани маъқул. Мен бу ерда дипломни назарда тутаётганим йўқ. Ҳар қандай олийгоҳни амаллаб битириб олинг, қўлизда диплом, лекин бу сизни профессионал бўлдингиз дегани эмас. Ҳар қандай касб эгаси ўз устида ишласагина мутахассис бўлади, профессионалга айланади, белдан пастга тушмасдан кулдириш йўлини ҳам топади. Бундай йўлни топа олмаса белдан пастда айланиб юраверади. Агар ростдан ҳам шу соҳага қизиқсангиз, профессионал бўлмагунингизча, саҳнага чиқманг. Қачон ростакамига тайёр бўлсангизгина саҳнага қадам қўйинг. Халқнинг маънавиятини ошириш учун хизматга бел боғлабсизми, холис бўлинг! Белдан пастки аъзоларни ёдга солувчи ҳангомалари билан асабга тегманг! Ёқмаса кўрма, дейишингиз мумкин, эътироз йўқ, аммо халқнинг маънавиятини бузиб, касбига ва юртининг келажагига хиёнат қилаётганларни кўриб туриб, индамаслик ҳам хиёнат. Биз шу юртда яшаймиз, умр берса фарзандларимиз ҳам. Демак, жим туриб бўлмайди.

Айтганча, ҳангомаларимга халқ куляпти, сенга ёқмаса, бу менинг айбим эмас, дейишингиз мумкин. Бунга ҳам эътироз йўқ, лекин бир оятни эслатиб қўймоқчиман:

“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир” (“Моида” сураси, 2-оят).

Миллатимиз келажаги, маънавияти учун ҳам шу йўналишда ишлаётганлар билан ҳамкорлик қилманг. Чунки қанча пастга тушилса, пастлашиб кетаверамиз. Кейин юқорига чиқиб олишимиз қийин бўлади. Ҳозир қанчалик ҳамиятсизлашиб кетаверсак кейин жиддийлашишимиз қийинлашади. Кимдир сизнинг қизиқчилигингизга кулаётган бўлса, бу сизни белдан паст ҳангомаларингиз билан саҳнага чиқишингизга туртки бўлмасин! Кимдир пастлашса, сиз юқорида туринг!

Айтганча, ким қандай бўлса дунёни шундай кўради дейишади. Ҳақиқатдан ҳам шундай. Яна бир ҳақиқат шуки, сиз ҳам мен ҳам бир Қиёматда Аллоҳнинг олдида жавоб берамиз! Жавобимиз ҳар хил бўлади, аммо савол бир хил! Шуни унутманг ва дунёни қандай кўришингиз шарт эканлигини ҳам бир ўйлаб кўринг!

Фурқатбек НИШОНОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!