Миллатни ечинтираётган иллатлар

12:06 06.07.2018 5906

Қуйида сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган ҳодиса юзасидан Муаззам Иброҳимова томонидан эълон қилинган мақола айрим ўзгартишлар билан келтирилмоқда

1982 йил. Ҳали йигирма еттига ҳам кирмаган ҳудуд нозирини аввал ўн беш йиллик қамоқ жазосига, сўнг отувга ҳукм қилишди. Олти ойлик ўғли ва икки ёшга ҳам етмаган қизалоғи шок ҳолатидаги хотинининг қўлида чирқираб қолган милиционер   хизмат жойида икки кишини отиб ўлдирган эди. Судда сўз беришганида фақат битта жумланигина айтди:

– Қилган ишимдан пушаймон эмасман. Мен миллат шаънини ҳимоя қилдим. 

Воқеага гувоҳ бўлганлар ва уларни ҳимоя қилганлар ҳам казо-казолар, шу билан бирга маънавий, маиший бузуқ одамлар эди. Ўшанда етти ёшли қиз эдим. Бўлаётган воқеаларни унчалик тушунмасам-да, қариндош, қадрдонларнинг юзида акс этган ғам ва селдек оққан кўз ёшлардан шуни англадимки, суд ҳовлисидаги ўрик шохига илинган  беланчакда ётган Баҳодирнинг дадаси “айбдор” эди...

Тарихни титкилаб, вақтингизни олиш ниятим йўқ, лекин кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўзим тушиб, яна ярам янгиланди. Агар бу мавзуда ёзмасам бежаноза, бекафан кўмилиб кетган милиция сержантининг хотирасига  нисбатан ҳақорат бўлар эди.

Аёлни ечинтириб, ҳақорат қилган, икки дунёси куйиб кетган махлуқ қайси онадан туғилган экан? Ундайлар яшашга, бу дунёда нафас олишга нолойиқ! Бу кимсанинг иш фаолиятидан атиги ярим соатигагина гувоҳ бўлиб, қанчалик нафратланяпмиз. Унинг бу кунгача қилган разилликлари қанча экан? Эски тузумнинг тергов изоляторлари, қамоқхоналардан омон чиққан жабрдийдалар айтиб берган “страшилка”ларнинг ҳақиқатлиги бу видеосиз ҳам ўз исботини топган. Боласини мелиса, МХХга чақирса инфаркт, инсультга чалинган, жигарпораси машъум даргоҳга етмай омонатини топширган ота-оналар қанча?! Қачонгача мазах, масхара бўлиб, ҳуқуқларимиз топталиб яшаймиз? Адолат, ҳақиқат ва миллат шаънини ҳимоя қилиши керак бўлган мард ўғлонларимиз эса миллат ғурурини булғашяпти. Кеча видеода башараси кўринмаган ҳайвонни хизмат жойида адекват ҳолатда бўлганига ишонмайман. У руҳий касал ёки  бирор нарса тортиб олгани аниқ! Шундай бўлмаса, авратини ёпишга уриниб  ялинаётган, калта иштонинига қўл чўзиб жавдираган ожизанинг ўрнида хотини, қизи ёки дунёга келтирган онасини тасаввур қилиб, манфур ишга асло қўл урмасди. Ҳали-ку ўғриликда гумон қилинибди, давлат хавфсизлигига таҳдид қилган инсонни ҳам бу шаклда хўрлаб, шаънини топташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Видео тарқагач, бечора хотинга маломат тошини отиб, “ўлса ҳам ечинмаслиги керак эди” деяётган ҳамюртларим ҳам топилди. Тўғри, биз ожизаларнинг шаъни ҳамма  нарсадан устун! Ажал соя солганида ҳам номусимизни асрашимиз  шарт! Мен у аёлни танимайман. Нима сабабдан ўғриликка қўл ургани ҳам номаълум. Аммо шуниси аниқки, у кўча аёли ёки пихини ёрворган қонунбузар эмас! Бети қотиб кетган рецидевистлар ялинтирмайди. Шарт-шарт ечиниб, тезроқ қутулиш илинжида ҳалиги ифлоснинг нафсини қондириши ёки шердай ташланиб буйруқ бераётганнинг ўзини ечинтириб ташлаши мумкин! Видеодаги ҳамжинсим эса хом! У қаршисида турган  одамсифат бир балонинг кейинги хатти-ҳаракати қандай бўлишидан қўрқиб, балки    уйида қолган болаларини ўйлаб буйруққа қарши исён эта олмагани аён-ку!

Ўзимга келолмаяпман. Палағда овозигина эшитилган исқиртни тарбиялаётган жамиятда яшаётганимдан нафратланиб кетяпман. Бу ифлосликлар қачонгача давом этади? Кечагина тўрт яшар гўдакка тажовуз қилган педофил ҳақида ўқиб дилим ларзага келган эди. Кейин Туркиянинг қайсидир шаҳарчасида ўз жиянининг номусига тегиб ўлдириб юборган тоға отлиқ ҳаромининг қилмиши... Ортидан бу видео! Қиёматни яқинлаштираётган воқеалар илдизи, уларнинг сабаблари қаерда? Балоғатга етган, етилган аёлларгина эмас, оғзидан сут таъми кетмаган қизчаларни ҳам ечинтириб,  зўрлаб, хўрлаётган Худобехабарлар қаердан пайдо бўляпти?

Келинг, уларни таҳлил қилишга уриниб кўрайлик. 

1. Болалигимизда маҳалла эркаклари ўтирган чойхона олдидан ўтишга қўрқардик. Гарчи бошимизда дурра, тўпиғимизга тушиб турадиган лозимча кийсак ҳам, қишлоқ ҚОНУНини буза олмас эдик. Агар шундай қилсак, ошна-оғайнисининг даврасида  мулзам бўлиб қолган дадам бизни койиб берарди. Чунки ширакайф жўрасининг  “Қизинг катта бўлиб қолибди, ўн йиллардан сўнг қуда бўлар эканмиз-да?” деган  гапи ҳам мақтов эмас, ҳақоратдай эшитиларди. Уйга бегона эркаклар меҳмон бўлиб  келса-чи? Кетгунча кўзга кўринмай, овозимизни ҳам чиқармасдик. Ҳозир-чи? Қизларини бозорга соладиган оталарни кинода, клипларда тарғиб қиляпмиз. Замонавий  кийимларида кўкраги, сони тирсиллаб турган балоғатга етган қиз отасининг ўртоғи  олдига бемалол кириб келади. Кўзини лўқ қилиб,  “шу қизингни ўзим келин қиламан”  деса, оғзи қулоғигача чўзилиб, “одобли” қизининг тарбиясидан мамнун иршайиб ўтирган ота бўлмишлар – замонамиз қаҳрамонлари! Уларнинг экрандаги қиёфасини эса  эл суйган халқ артистлари яратяпти!

2. Мактабда ўғил-қизлар аралаш ўйнамасдик. Қизларнинг ўз ўйинлари, йигитларнинг  ўз машғулотлари бўларди. Ҳеч эсимдан чиқмайди,  ҳамманинг олдида   чотини кўтариб ланка  тепган  “ўғил бола” қизимизни  ўнинчи синфда ўқиётган акаси  ёмон урган. Ҳозир-чи? Калласи-калласига тегиб, нафаси аралаш бўлиб кетаётган ёшларнинг биттагина машғулоти бор – телефон! Ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига  айланган гаджетлар ичидаги шайтон миллат келажагига рахна соляпти.

3. Ҳикояларимнинг бирида маҳалламизнинг тарбиячиси бўлган Тожинисо хола ҳақида  ёзганман. У қишлоғимизнинг орияти эди. “Дилбузорингни ўчириб, болангга  қара! Қиз бола ҳам тол шохидан от минадими? Ана, Самиғ кал кўзини лўқ қилиб, қизингнинг ортидан лўкиллаб қолди...” Ҳамма нарсага бурнини тиқаверадиган  кампирни кўпчилик ёмон кўрса-да, ҳамма ундан  қўрқар ва дилбузорини ўчириб,  болалар тарбиясига шошарди. Ҳозир-чи? Маҳалланинг ор-номуси бўлган улуғ оналаримиз қаерда? Пардоз-адозини қойиллатиб гап, йиғинларда! Чойхоналардаги сўриларгача банд қилиб олган баъзи ҳожи оналар узундан-узоқ дуо қилишни ҳам қойиллатишади. Шундай кайвониларни ҳам ҳам учратганманки, маҳалла келинлари эмас, ўзиникига ҳам тиши ўтмайди. Гапдан ортган вақтларини саждага сарфлашгани билан жамиятга бир тийинлик фойдаси бормикан? Тожинисо хола каби  тарбиячилардан мосуво улғаяётган болаларининг эртаси нима бўлади? Ахийри миллат кўрки бўлмиш ибо, ҳаё ва орият либосларисиз ҳаммамиз яланғоч бўлиб қолмаймизми?!

Каттақўрғонлик уятсиз, фосиқ ҳам Марсдан тушмаган. У шу жамиятда катта бўлган, бефарқликнинг биттагина ҳосили, холос!

Энди кўзингизни каттароқ очиб, беномуслик йўқ бўлган бирорта жабҳани кўрсатиб беринг!

Ярим-ялангоч дикиллаётган “артистлар”, бошловчилар ва бошқадан ўрнак  олаётган ўқитувчи, шифокор, муҳандис ва ҳоказоларнинг ҳам очилмаган жойи қолмади. Мен паранжи тарафдори эмасман, аммо азалдан дини-диёнати мустаҳкам бўлган Марғилондан ҳам фаришта қочганидан сўнг нима дейишни ҳам билмай  қолдим. Меҳрибонлик уйида бўлган разолат ижтимоий тармоқларни ларзага келтирилди. Эл таниган машҳур одамлар, амалдорлар нафсига қул бўлиб вояга етмаган қизларнинг баданини тусаб қолишган. Ақлга сиғмайдиган ишлар бўлган, бироқ айбдорлар  жазосини олдими? Аччиқ ичакдек чўзилаётган тергов шафофми? Нега эрталабдан кечгача бемантиқ кўрсатувларга тўла оинаи жаҳон миқ этмай, томошабин бўлиб  турибди? Нега мустақил журналистлар ва нодавлат сайтлардан ташқари бирорта   расмий нашр, ТВ воқеаларга ойдинлик киритмаяпти? “Жиноятлар бўлган, аммо    ижтимоий тармоқларда роса кўпиртиришган” дея кичик маълумотча билан кифояланган ҳуқуқ-тартибот органлари ўзлари айтаётган ёлғонга ишонишармикан?  Маълумотлар кўпиртирилган бўлса, ҳақиқатни шубҳа қолдирмайдиган тарзда  исботлаб, ёритишмайди?

Вилоят ҳокимигача жазоланиши керак бўлган  ҳолатда  кичкина айбдорлар  жазоланиб, каттароқларининг юзига енгил тарсаки туширилди. Айбдорларнинг энг  катталари эса  ялло қилиб юришибди...

Наманганлик бир онадан хат олдим. Ўн саккизга кирмаган қизи чилонзорлик қўшмачининг қўлида экан. Отаси ўлган. Касалванд онасининг дорисига пул топмоқчи бўлган қизни асира қилган хотиннинг уйини суриштириб бордим. У оддий қўшмачи эмас, Кореяга қиз сотадиган фирманинг ёрдамчиси экан. Айтишича, квартирасига йиғилган ўн нафар қизларни ҳеч ким мажбурламаган. Улар ўз хоҳиши билан корейс эрга тегишга рози бўлган. Лекин қизларнинг ўзлари билан суҳбатлашиб шунга амин бўлдимки, ҳеч бири Ўзбекистондаги бахтидан безиб, чет элга қочаётгани йўқ! Ўша  наманганлик қиз ўз бошидан ўтганларни ҳикоя қилиб берди. Айтишича, Наманган шаҳрининг Гулшан деган жойида бутун бир домни ишғол қилган ишбилармонлар  қизларни Тошкентдаги Корейс фирмаларига етказиб, пул ишлашади. Бундай “Гулшанлар” республикамизнинг турли вилоятларида бор. Бу тижоратдан ҳамма хабардор, ҳамма билади, лекин биров  ғинг демайди. Чунки  “Тил ўргатиш” курслари номи билан ниқобланиб, қиз сотаётган фирмаларнинг иши қонунийлаштирилган. Фирмага тўланаётган “қалин”нинг суммаси қиз-жувонлиги, чиройи ва маълумотига қараб 30000-100000 долларгача боради. Бундан атиги 1000 долларигина қиз боққанларнинг қўлига тегади. Сўмда ўн миллионга етмай, қарз-қурзга кетадиган  маблағ қизини ўзбек хонадонига узата олмай, корейсга берган қўли калта одамлар учун катта пул! Тўғри, кўрпага қараб оёқ узатиш, ўзлари каби камсуқум оила билан ҳам қуда бўлиш мумкин! Хўш, нега шундай қилмаяпмиз? Мингта чиғириқдан ўтказилиб, энг соғломлари чертиб-чертиб танлаб олинаётган қизларимизни нега ўзимиз келин қилмаймиз? Чунки биз ўша корейсчалик эмасмиз! Улар соғлом, бўйи баланд, кўркам  фарзанд илинжида бошқа миллатларнинг бақувват, бўйли-пўстли, соғлом қизларига уйланиб қон янгилашяпти. Биз-чи? Эшигини умид билан тақиллатган хонадон қизи нафақат соғлом, чиройли, балки муаммолардан холи бўлиши керак. Яъни хонадон қуда-андачилик қилишга қодир бўлсин, куёв вояга етган хонадон талаб қиладиган    “критейрий”ларга мос тушсин, иложи бўлса уч-тўрт поғона баландроқ, бойроқ бўлса янаям яхши. Аллоҳ учун, “Қизингизнинг ўзигина керак” дегувчилар ўта кам. Орзу-ҳавасли ота-онасидан қолишмайдиган “тарбияли” куёвтўраларнинг дунёқараши   болалигидан шаклланиб бўлган.

Майли, орзу-ҳавасманд омилар ўз йўлига. Ижтимоий ҳаётимизга таъсир кўрсата оладиган идоралар, вазирликлар, номи улуғ, супраси қуруқ ташкилотлар қаерга қараяпти?! Нега биз бировларнинг қучоғини гуллатаётган “Гулшан”лар, камбағал бўлса-да, соғлом қизларимизни сотаётган фирмаларнинг фаолиятига чек қўя олмаяпмиз? Водийдаги тўй кортежини тўхтатган жаноб Қуронбоевнинг кучи Сеул –  Тошкент авиарейсларидаги куёвлар оқимини тўхтатишга ҳам етса икки қўлимни юқорига кўтариб тан берар эдим.

Яна бир ҳақли савол: “Дини номаълум корейсга тегаётган қизларнинг тақдири  нега Диний идорани қизиқтирмаяпти? Ҳаром хўракка мажбурлатилаётган муслималар    туғилганида азон эшитган покиза хилқатлар эмасмиди?

Махсус поликлиникада йигирмадан ортиқ мутахасис кўригидан ўтиб “хонбок”  кияётган келинлар Алпомиш эмас, Жумонгларни туғса-ю, Соғлиқни сақлаш вазирлиги  мум тишлаб ўтираверса!

Халқ таълими, Олий таълим вазирлиги-чи? Олти-етти ой ичида корейсчада булбулдай сайраётган қизлар бошқа хориж тилларини ҳам ўрганиб, ўзимизда  таржимон ёки педагог бўлиб ишлашса, минглаб талабалар улардан таълим олишса, зўр бўларди-ку!

Хотин-қизлар қўмитаси, Маҳалла, Нуроний жамғармалари, ҳокимият ва бошқалар  ҳақида гапирмай қўя қолай. Агар уларнинг кўзлари очиқ бўлганида Намангандан хат ёзган она менга эмас, уларга мурожаат қилган ва жигарпорасининг тақдири  “қочсанг,   касалванд онанг 50000 доллар  тўлайди” деган қўшмачининг қўлида қолмаган   бўларди!

Бизда аёлларни таҳқирлаш очиқча! Фақатгина рўмолга ёпишишмайди! Нуфузи   улуғ, ҳар жиҳатдан ибрат бўлиши керак бўлган ташкилотларнинг ўзи ожизаларни хорлайди. “Уюшмаганлар” ибораси билан тамғаланган ёшлар орасида қиз-жувонлар йўқми? Ҳатто Комсомол ҳам айирмачилик қилмаган эди. Доим қовун туширадиган   Ёшлар Иттифоқи эса бунинг уддасидан чиқди. Натижада иккита катта оқим пайдо бўлди.

Бир қишлоққа бориб, йигирмата қўй боқиб юрган қизга кўзим тушди. Ота вафот этган, оилада ўғил бола йўқлиги учун рўзғор унинг гарданида экан. У тоғаси совға қилган иккита қўйни йигирмата қилиб, яна кўпайтирмоқчи экан. Яхшироқ танишиш учун суҳбатга тортсам, қўлимга газета тутқазди. Унда бир давра акс этган эди.  Аллақандай байрамда иштирок этиб турган одамлар орасида суҳбатдошимни дарров танидим. Сурат остида эса “Фалон қишлоқнинг уюшмаган ёшлари Навруз сайлида” деган ёзув турарди. Сурат тепасидаги мақолада эса “уюшмаган” деган ҳақорат (иккита қўйни йигирмата қилиб, оиладаги олти жонни уюштириб юрган қиз учун бу ҳақорат) нақд йигирма марта такрорланган эди!

Яқинда Ёзувчилар уюшмасида бўлган бир йиғинда чет эллик олима қизга сўз берилмади. “Айби фақат регламентга киритилмаганидамикан” десам, уюшманинг  уюшиб олган раҳбарияти бундан аввалроқ Туркиядан ташриф буюрган профессорга ҳам  сўз  беришмаган, у билан учрашув уюштиришдан бош тортишган экан. Ўша профессор Абдулла Қодирий асарларидан тортиб, Тоғай Мурод асарларигача таржима қилиб, ўзбек адабиётининг Туркиядаги жонкуяр тарғиботчисидир. Адиблар боғидаги иморатни отасининг пулига қурган ва микрофонни уйидан олиб келган раис ўринбосари икки ожизани (мен  бирга эдим) ҳамманинг кўз ўнгида  ярим соат тик турғизиб, куттириб қўйди ва барибир сўз бермади. Сўнг бир оғиз ҳам кечирим сўрамай  ғойиб бўлди.

Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалари” бўйича илмий иш қилаётган ва соф ўзбек тилида гапирадиган ёш олима ёзувчини дунёга келтирган халққа таъзим қилмоқчи эди, холос!

Миллатнинг  катталари  ва  маърифатпарвар зиёлилари аёлларни ҳақорат қилгач, қолганлардан нима кутиш керак?! Менга қолса, унигина эмас, у нафас олаётган   жамиятни ҳам  тит-питини чиқариб текшириб, барча айбдорларни топиб жазолаган бўлардим. Агар шундай бўлса, қўрқоқлигим туфайли миллат шаънини булғаётган иллатларга қарши тура олмаётган энг катта айбдор – ўзимни пешанамдан отсам адолатли  бўлар эди !

...Ўттиз олти йил аввал қамалиб, йўқ бўлиб кетган милиция сержанти – Одинаев Носиржон амаким эди. У собиқ СССР даврида Чумакова (халқ тилида Чуракова) деб аталувчи кўчада мунтазам бўлиб турган маиший бузуқ йиғинларни тўхтатмоқчи бўлган. Чунки у  ўша ҳудуд милиция нозири – тинчлик, осойишталик, ахлоқ посбони  эди. Ўша тунда ҳам хизмат вазифасини бажариб, шаҳар ижроия қўмитаси раис ўринбосари, прокуратура, олийгоҳ профессори, мактаб директорлари ҳам аралашиб қолган тўдани тартибга чақирмоқчи бўлган...

Судда ўзларини оқлаб, ёлғон гувоҳлик берган “жабрдийда”ларнинг тўрттаси  (бири мактаб директори, бошқаси магазинчи, боғча мудираси, олийгоҳ ўқитувчиси)    беҳаё аёллар бўлишган. Улардан бири йиллар ўтиб, оғир хасталикка чалингач, ўша машъум тунда содир бўлган воқеаларни гапириб гуноҳларини енгиллатмоқчи бўлди.  Айтишича, даврадагиларнинг қутуришига атиги биттагина сабаб етарли бўлган. Суд ҳукми билан йўқ қилиб юборилган “жиноятчи” даврада мазахўрак бўлаётган аёлларни     яланғоч кўришни хоҳламаган  ва уларнинг устига чойшаб ташлаган!

Қаранг, замоннинг қанчалик ўзгарганини. Кечагина ор-номусни ҳимоя қиламан деб қамалиб, йўқ бўлиб кетган осойишталик посбонининг ҳамкасби бугун аёлни ечинтириб, миллат шаънини булғади!

Демак, қадриятларимизни, номусу оримизни тиклаш даври келди!

Қачонгача бир ҳовуч “касаллар”га эрмак бўлади бу халқ?!

Видеодаги аёл мен бўлишим ҳам мумкин эди-ку! “Оилангиз, болаларингиз, номусингизни ўйланг” деган гапни  писта чақиб айтадиган фосиқларга эрк бериб  бўладими?!

Йўқ!

Йўқ!

Яна йўқ!

Бундайлар билан бирга, бир сафда ишлаётган гуноҳкорлар (узр, бегуноҳлар дея олмайман) эса кўзингизни каттароқ очиб, сафингизни тезроқ тозаланг!  Зеро, бир куни худди шу хонада сизнинг онангиз, аёлингиз, қизингизни ҳам ечинтиришлари муқаррардир!

Муаззам Иброҳимова

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!