Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Миллий армиямиздаги ҳарбий интизом ёхуд «дедовщина»нинг барҳам топиш тарихи

969

Ўтган январь ойининг сўнгги ҳафтасида фейсбукдаги саҳифамда Россия армияси шахсий таркиби орасида ҳукм сураётган ўта паст даражадаги маънавий-ахлоқий вазият ҳақида, Россия қуролли кучларида барҳам топиши амри маҳол бўлиб қолган, «дедовщина» дея аталадиган ниҳоятда хунук иллат ва унинг фожиали оқибатлари ҳақида ўз мулоҳазаларимни билдириб ўтган эдим.

Ўша мақоламни ўқиган интернет фойдаланувчилари, айниқса, ўз фарзандини йигитлик бурчини адо этиши учун Қуролли Кучлар сафига юборган оналар орасида: «Ўзимизда-чи, ўз армиямизда аҳвол қандай экан?» - деган хавотирли савол туғилгани табиий.

Кўпчилик ушбу саволни мақола остидаги изоҳ сифатида ёзмай, индамай ўтиб кетган бўлса, айримлар: «Миллий Қуролли Кучларимизнинг бугунги қўмондонлик таркиби ўз даврида совет армиясида тарбия топган бўлиб, унинг салбий анъналарини давом эттираётган бўлиши мумкин», - деган мазмунда фикр билдириб ўтишди.

Бинобарин, ушбу масалада, яъни миллий армиямиз шахсий таркиби орасида ҳукм сураётган ҳарбий интизом ҳақида, аниқроқ айтадиган бўлсам, Қуролли Кучларимизда қарор топган ҳарбий интизомнинг шаклланиш тарихи ва бугунги аҳволи ҳақида сал батафсилроқ тўхталиб ўтишни ўз офицерлик бурчим деб топдим.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 14 январидаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида»ги қарори жуда муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлган. Мазкур қарорга кўра республикамиз ҳудудидаги жамики ҳарбий тузилмалар давлат тасарруфига олинган.

Эсингизда бўлса, мустақилликнинг биринчи йиллари юртимизда ўта оғир ижтимоий-иқтисодий вазият ҳукм сурган, эндигина тузилган миллий армиямизнинг собиқ «марказ» билан алоқаси батамом узилиб, Қуролли Кучларимиздаги таъминот тизими ҳали талаб даражасида йўлга қўйилмаган эди. 

Тўғрисини айтиш керак, ҳарбий интизом масаласида бизга совет армиясидан ўта оғир мерос қолди: бирлашма, қўшилма, ҳарбий қисм ва бўлинмаларда авжига чиққан «дедовщина» армиянинг норасмий «бошқарув тизими» сифатида ҳукм сурар эди. Бундай вазият юзлаб муддатли ҳарбий хизматчилар ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетишига, шахсий таркиб орасида умумқўшин низомларга зид муносабатларга йўл қўйилиб, ўлим ва жароҳатланиш ҳолатлари ниҳоятда кўпайиб кетишига сабаб бўлди (Аллоҳ совет армиясининг ваҳшийлари зулмидан вафот топган барча биродарларимизни Ўз раҳматига олсин). 

Юртимизни, миллий армиямизни тарк этиб, ўз юртига кетишга тараддуд кўраётган рус офицерларининг аксарияти ва айрим бошқа республика вакиллари ўз хизмат мажбуриятларига виждонан ёндашмай, бир четда аҳволимизни истеҳзо-ла кузатиб туришди. Улар орасида энди шаклланиб келаётган миллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларимизни чалғитишга уриниб, бойиб қолиш мақсадида жиноий ишларга қўл уришгача бориб етганлар бўлди.

Мавжуд қийинчиликларга қарамай, аста-секин ўзимизнинг ҳарбий низомларимиз ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Қуролли Кучларимиз фаолиятининг меъёрий-ҳуқуқий базаси шакллана бошланди. Шахсий таркибнинг ҳарбий интизоми қатъий назоратга олиниб, уни юксак даражада сақлашга доир ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилди. Шахсий таркибнинг маънавий-маърифий тайёргарлигига оид концепциялар тасдиқланиб, ижроси қатъий йўлга қўйилди.

Қуролли Кучлар ўғирлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш, коррупция билан шуғулланишга мойил офицерлардан батамом тозаланди. Республиканинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти, айниқса, оддий аскарлар таркиби борасида кўпроқ жон куйдирди. 

Республика раҳбарияти томонидан шундай бир чоралар кўрилдики, бир сўз билан айтганда ўрис-совет армиясидан қолган, ўзбек тилида ўз номига эга бўлишига улгурмаган, кўплаб навқирон йигитларимизнинг умрига зомин бўлган ёки уларни майиб-мажруҳ қилган «дедовшина»дек тубан иллатга батамом барҳам берилди. 

Қандай қилиб дейсизми?

Буни тўғри англаб етиш учун авваламбор совет армияси ва ҳарбий-денгиз флотининг «дедовшина»си ҳақида тўхталайлик. Собиқ Иттифоқни сал кам йигирма йилча бошқарган, бир оғиз гап айтиш учун иягини базўр ишлата олган, ўзини ўзи қатор-қатор орден медаллар, юксак унвонлар билан тақдирлаган Брежнев деганлари бўлар эди. Ана ўша раҳбар: «Армияда аскарлар бир-бирига ака-ука тутуниши, акалар укаларни тарбиялаши керак», деган тамойилни жорий этди. Унинг мана шу аҳмоқона тамойили қуролли кучларда ҳарбий интизом савияси кескин тушиб кетишига, аксарият ҳолларда жиноий хатти-ҳаракатлар билан якун топишига сабаб бўлди.

Армияда бир йил, бир ярим йил хизмат ўтаб қўйган аскарлар билан захирага бўшатилишига (демобилизация қилинишига) ярим йил қолиб, «дембель» дея аталадиган аскарлар тоифаси армияга янги чақирилган аскарлар устидан ҳукм сурадиган, уларга ўз сўзини ўтказадиган, чизган чизиғидан юрмайдиган бўлса, аямай калтаклаб, майиб-мажруҳ қиладиган, баъзан эса уриб ўлдирадиган бўлишди. Иш шу даражага бориб етдики, ҳарбий қисмнинг шахсий таркибга ўз сўзини ўтказа олмаган ёш офицерлари ҳам «дембель»ларнинг раъйига қараб иш тутадиган бўлишди.

Юртимиз раҳбарияти муддатли ҳарбий хизмат муддатини бир йил қилиб белгилади. Натижада армияга янги чақирилган аскарлар ҳарбий қисмга етиб келгунча, бўлинмаларда бирорта бўлсин «дембель» қолмайди, уларнинг бари ўз уйига етиб борган бўлади. Янги келган аскарларни энди Брежнев тайинлагандай «дембель»лар эмас, ҳарбий қисм командирининг буйруғи билан тайинланган командирлар, биринчи навбатда сержантлар таркиби тарбиялайди. Сержантлар таркиби ҳам кўчадан келган тасодифий одамлар эмас, балки Сержантлар тайёрлаш мактабини тамомлаб, унвон олишга муносиб деб топилган кичик командирлардир.

Тўғри, ғайрати ошиб-тошиб кетаётган ёш йигитлар орасида тушунмовчиликлар, баъзан ёқалашиш ҳолатлари бўлиши мумкин, албатта. Лекин бундай ҳолатлар камдан-кам рўй беради, ҳарбий низомларга зид ҳолатларга йўл қўйган шахслар ва уларнинг командирларига нисбатан қатъий чоралар кўрилади. Қолаверса, армиямизда Собиқ Иттифоқ даврдаги ваҳшийлар эмас, балки миллий одоб-ла тарбия кўрган ўзимизнинг қоракўз, буғдойранг йигитлар хизмат ўташади.

Қуролли Кучларимизда кузатиладиган салбий ҳолатларга доир танқидга келсак, тўғри, бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун танқид қилиш керак, албатта. Аммо танқид соғлом бўлиши, қуруқ туҳматга айланмаслиги керак. 

Шокир Долимов,

Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси, 

истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ахборот уруши давом этмоқда...

1188 16:00 26.02.2021

"Георгий тасмаси"ни таққанлар билсин!

3398 18:00 25.02.2021

Рус тилига ихтисослашган мактабларда ватанпарварлик даражаси қай аҳволда?

751 16:30 23.02.2021
« Орқага