Миллий гвардияга суриштирув ҳамда терговга қадар текширув функциялари берилмоқда

17:40 14.05.2019 512

Жорий йилнинг 13 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳасининг таҳрири муҳокама этилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 августдаги Қарори негизида ишлаб чиқилган.

Бош прокуратура томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилиб, яқинда Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган ва иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланган ушбу Қонун лойиҳасида Жиноят-процессуал кодексида Миллий гвардияни суриштирув олиб бориш ваколатига эга бўлган, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар қаторига қўшиш белгиланмоқда.

Шунингдек, Жиноят кодекси 2501-моддасининг биринчи қисмида (божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари) ва 2591-моддасида назарда тутилган жиноятлар бўйича суриштирув Миллий гвардия суриштирувчилари томонидан олиб борилиши назарда тутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Миллий гвардиянинг мансабдор шахслари томонидан бир қатор ҳолатларда, яъни 1851-моддада (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) ва 2101-моддада (ўта муҳим ва тоифаланган объектларга кириш-чиқиш режимини бузиш ёки ушбу объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиб, баённомани илова қилинадиган материаллар билан биргаликда кўриб чиқиш учун судга юборилишини белгилашга оид янги нормалар мустаҳкамланмоқда.

Қўмита йиғилишида иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланган қонун лойиҳаси барча сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда тегишли эксперт ва мутахассислар томонидан қўллаб- қувватланди. Яқин кунларда мазкур қонун лойиҳасини маромига етказиб, депутатлар муҳокамасига иккинчи ўқишда киритиш ҳақида қўмита қарори қабул қилинди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!