Миллий имидж

17:00 11.01.2019 1554

Тасаввур қилинг, сизга япон десам, дарров кўз олдингизга кўзойнак таққан, таъзимга шай, сертакаллуф япон келади. Араб десам, узун либосдаги, бошига оқ рўмол ўраган араб келади. Ҳинд десам, пешонасида холи бор, сари ёпинган ҳинд аёли ёки оппоқ либосда икки кафтини бир қилиб, таъзим қилиб турган эркак келади. Ҳатто қирғиз десам, бошида қирғизча бош кийими бор эркак ёки миллий либосдаги, бошига сувсар телпак кийган қирғиз сулуви келади. Хуллас, қайси миллат вакилини айтсам, ўзига хос бирор либоси, урф-одати билан кўз олдингизга келиши аниқ. Энди бир ўзбек деб кўринг-чи, кўз олдингизга ким келар экан?

Мен ўзимча ўзбек миллати вакилини тасаввур қилиш учун кўзимни бир зумга юмдим. Афсуски, тарихда ўтган боболаримиздан бошқа бирор замондошимнинг қиёфаси кўз олдимга келмади. Ён-атрофимдагиларга назар соламан: эркакларимиз бошяланг, аёлларимиз ...яланг.

Эътироз билдиришга оғиз жуфтламоқчи бўлаётган биродарим, инсоф билан бир ўйлаб кўринг, миллийлигимиздан, ўзбеклигимиздан нима қолди?

Ҳозирги шиддатли замонда кийинишимиз, гапиришимиз, ўзимизни тутишимиз, ўзаро муомаламиз нега бошқа маданиятларга тобеъ бўлиб бормоқда? Нега бошқаларнинг кийинишига, гапиришига, урф-одатларига эргашиб кетаверамиз?

Ўзбек аёллари ҳақида гапирсам, бу ҳам алоҳида мавзу бўлади. Ўтган йили елкаси тешик футболка ёки куйлаклар урф бўлди. Ҳа, очиқ эмас, тешик. Шунақа модани ёш қизлардан тортиб кап-катта аёлларгача кийиб олишди. Нега? Ўзимизнинг миллий кийимлар йўқми? Бор-у, кийишга ор қиламизми?

Президентимизнинг Туркманистонга сафари давомида туркман аёлларини миллий кийимларда кўриб, очиғи, ҳавас қилдим.

Эътироз билдирмоқчи бўлаётганларга яна бир гап. Маълумки, фоҳишабозлик бўйича ҳам халқаро миқёсга чиқиб олдик. Энди савол: Нега афғон ёки чечен миллатида бирор-бир фоҳиша учрамайди?

Шунинг учун маънавиятдан соатлаб гапиргунча, ўзимизнинг миллий имиджимизни яратиб олишимиз керак. Миллий имиджимиз ота-боболаримиз амал қилиб келган муқаддас Ислом дини асосида, миллий қадриятларимиз, ўзбекона менталитетимиз, урф-одатларимизга мос равишда барпо этилиши, замонавий ўзбек сиймосини акс эттириши лозим. Миллий имиджимиз палағда бўлиб қолишига миллий кийимлар, (эътибор беринг, диний эмас, миллий деяпман!) хусусан, аёлларнинг ёпиқ кийиниши, рўмол ўраши, эркакларнинг соқол қўйиши, ҳатто маҳсида юриши тазйиққа учрагани, таъқиб қилгани ҳам салбий омил бўлди. Балога қолмайин деб ҳам замондошларимиз бировларнинг енгил-елпи кийимида юришни афзал билиб қолишди. Афсус...

Бу ҳеч қандай миллатчилик ёки шовинистик ғоялар эмас, балки ўзлигимизга қайтишимиз, кеч бўлсада этакни ёпиб олишимиздир. Бунинг ҳар томонлама фойдаси бор. Ёшлар тарбиясидан тортиб, хорижлик туристларни жалб қилишгача.

Сиз нима дейсиз, замондош?

Алишер ЭРНАЗАРОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!