Минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча

18:00 29.05.2019 667

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

1. Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. 2. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) Қадр кечаси нима эканлигини Сиз қаердан ҳам билар эдингиз?! 3. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. 4. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил алайҳиссалом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар. 5. У (кеча) то тонг отгунча тинчлик-омонликдир (Қадр сураси).

Бу сура Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилган кечанинг сифати билан “Қадр сураси” деб номланган. “Қадр” улуғ ва шараф маъносидадир. “Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик”, яъни, қадри улуғ ва шарафли кечада тушира бошладик.

Маккада нозил бўлган бу сурада Қуръони карим нозил бўлишининг бошланиши, Қадр кечасининг бошқа кун, бошқа тун ва бошқа ойлардан афзаллиги баён этилган. Бу кечада фаришталар, жумладан, Жаброил алайҳиссалом раҳм қилувчилар раҳмлиси Аллоҳ ҳузуридан солиҳ мўмин бандаларга нур, фазилат ва хайр-барака билан тушади.

Ибн Абу Ҳотам ва Воҳидий Мужоҳиддан розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилдан Аллоҳ йўлида минг ой силоҳ кийиб юрган бир кишини зикр қилганларида мусулмонлар ажабланишди. Шунда Аллоҳ таоло бу сурани туширди: “Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. Қадр кечаси нима эканини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”. Яъни, Бани Исроилдан бир киши Аллоҳ йўлида силоҳ кийиб юрган минг ойдан ҳам афзалроқдир.

Ибн Жарир Мужоҳиддан розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бани Исроилдан бир киши кечани бедор ўтказиб, кундузи душманга қарши курашар эди. Шу тариқа минг ой курашда давом этди. Аллоҳ таоло “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир” оятини тушириб, бу кеча Бани Исроилдан бир кишининг (минг ойлик) амалидан яхшироқ эканини билдирди”.

“Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик”, яъни, Қуръони каримни нозил этишни Қадр кечасида бошладик. Қадр кечаси муборак кечадир. “Биз у (Қуръон)ни муборак кечада нозил қилдик” (Духон, 3); “(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда... Қуръон нозил қилинган” (Бақара, 185). Сўнг йигирма уч йил мобайнида воқеа ва ҳодисаларга илоҳий ҳукмни баён этиб, бўлиб-бўлиб туширишни тамомладик.

Маҳмуд Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: “Аллоҳ таоло Қуръонни уч усул билан улуғлаган. Биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган. Иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган. Учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган. “Қадр кечаси нима эканини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”. Яъни, Қадр кечаси нима эканини сизга нима билдирди? Бу сўроқ Қадр кечаси шаънини кўтариш, қадрини улуғлаш, шарафини баён этиш учундир.

Маҳмуд Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ яна айтади: «Қадр кечаси ишлар тақдир ва ҳукм этиладиган кечадир. Духон сурасининг 4-оятида ҳам: “У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур)”, деб баён этилган».

Қадр кечасида қилинган амал минг ойда қилинган амаллардан яхшидир. Имом Аҳмад ва Насаийлар Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади”, деб марҳамат этганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим “Саҳиҳ”ларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қадр кечасида имон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлари келтирилган.

“У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил (алайҳиссалом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри-ла (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар”. Яъни, фаришталар, жумладан, Жаброил алайҳиссалом бу кечада келгуси (йилгача) тақдир қилинган амаллар билан осмондан ерга тушадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Бароат кечасида тақдир қилинган нарсаларни тайин этади. Қадр кечаси келганида уни ўз эгаларига топширади”, деганлар. 

Манбалар асосида Абдувоҳид Ўрозов тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!