Белоруссия – Польша чегарасида 4 мингдан ортиқ ироқлик кутиб турибди. Бу ҳақда Ироқ Миграция ва мигрантлар масалалари вазири Иван Фаик Жабро маълум қилди.
Унинг айтишича, вазирлик делегацияси чегарада қолиб кетган ироқликларнинг муаммоларини муҳокама қилиш учун Польшага борган. Вазир Ироқ ҳукумати фуқароларни мамлакатга қайтишга мажбурламоқчи эмаслигини, улар ўз ихтиёри билан қайтишини хоҳлашини айтди.
Жабронинг таъкидлашича, у раҳбарлик қилаётган вазирлик қочқинлар масаласида БМТ билан алоқада. “Лагерда яшаётган қочқинларнинг аксарияти мамлакатга қайтишни истамаяпти”, – дейди у.
Минглаб муҳожир ва қочқинлар, жумладан, ироқликлар ҳам уч ойдан бери Белоруссия ва Польша чегарасида Европа Иттифоқига ўтиш умидида кутмоқда.
Ўтган вақт давомида камида 10 киши совуқ ва тўйиб овқатланмасликдан вафот этди.