"Минтақадаги йил воқеаси"

09:00 13.03.2018 541

Хориж матбуоти Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифини ана шундай баҳоламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи чет эл оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди.

Матбуотда чоп этилган мақолалар ва билдирилган фикр-мулоҳазаларни таҳлил қилар эканмиз, мазкур ташриф минтақамизда “йил воқеаси” мақомини олишига ишончимиз ортади. Хусусан, Россиянинг “Мир 24” телеканали катта ҳажмдаги репортаж тайёрлади. Унда, жумладан, шундай дейилади:

“Ушбу ташриф тарихий мақомга эга бўлди. Аэропортда Тожикистон Президенти ўзбекистонлик ҳамкасбини шахсан кутиб олди. Автомобиллар кортежи юрган йўлда эса, майдалаб ёғаётган ёмғирга қарамай, одамлар бир неча километрга чўзилган сафга тизилган эди. Қўлларида гуллар ва байроқлар билан улар икки давлат етакчиларини олқишладилар.

20 йил давомида тўпланиб келган масалаларни ҳал қилиш учун икки халқнинг қардошлигини чин дилдан ҳис қилиш лозим. Бир неча соат давомида давлатлар раҳбарлари деярли барча масала бўйича келишувларга эришдилар”.

Хитойнинг энг йирик нашри — “Жэньминь жибао” газетасида ёзилишича, ўзаро ҳурмат, ишонч ҳамда конструктив фикр алмашинув руҳида ўтган музокаралар Ўзбекистон — Тожикистон ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқади.

“Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи арафасида Душанбеда “Тожикистон — Ўзбекистон” ишбилармонлар кенгаши тузилиб, ташриф доирасида унинг биринчи йиғилиши ўтказилди. Мазкур тадбир савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, талаб юқори бўлган саноат маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш ҳажмини орттириш, икки томонлама савдо учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади”, дея қайд этади хитойлик журналистлар.

Жанубий Кореянинг “Yonhap News” ахборот агентлигининг баён этишича, Тошкент ва Душанбе ўзаро шериклик алоқаларини изчил ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича қатъий ирода ва шижоат намоён қилмоқда.

“Олий даражадаги мулоқотларни кучайтириш борасида муҳим қадамлар қўйилдики, бу келгусида бутун Марказий Осиёда тинчлик, осойишталик, хавфсизлик ҳамда барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилади”.

Озарбайжонда фаолият юритадиган “Trend” ахборот агентлиги тарқатган мақолада республикамиз раҳбарининг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида ташкил этилган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” миллий маҳсулотлар кўргазмасига алоҳида эътибор қаратилади. “Ушбу бизнес анжуманида намойиш қилинган енгил, кимё, озиқ-овқат саноати, электр техникаси, автомобилсозлик маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва ҳунармандлик буюмлари кўргазмага ўзбекистонлик ҳамкасби билан биргаликда ташриф буюрган Тожикистон Президенти томонидан юқори баҳоланди”, дея хабар беради озарбайжонлик шарҳловчилар.

Қозоғистоннинг “Казинформ” ахборот агентлиги таъкидлаганидек, Душанбеда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар чоғида жами 27 та ҳужжат имзоланиб, улар турли жабҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилгандир. Агентлик давлат раҳбарлари имзолаган Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма баёнот, Ўзбекистон — Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани қаламга олиб, уларни “Тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлар”, дея таърифлайди.

“Бугун икки томонлама муносабатларнинг ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган деярли ҳеч қандай муаммо қолмади”. Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида фаолият юритадиган Марказий Осиё янгиликлар хизмати — “CA-News” ана шундай фикр билдирди. Ахборот портали Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президентига ўзи учун қулай пайтда Ўзбекистонга ташриф буюришни таклиф қилганини қайд этади. “Таклиф мамнуният билан қабул қилинди”, дея ёзилади “CA-News” ахборот портали хабарида.

Анвар МИРЗАЕВ 

Манба: "Халқ сўзи"
 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!