Янгиликлар

«Мир Араб» мадрасасининг 500 йиллик санасини халқаро даражада нишонласак яхши бўларди!

730

Келаси йил Бухородаги “Мир Араб“ мадрасасининг қурилиб, Марказий Осиёдаги энг олий илм даргоҳи сифатида фаолиятини бошлаганига роппа-роса 500 йил бўлади. Бу ҳақида ўз даврида жуда кўп тарихий ашъорлар битилган. Жумладан, Мир Али Ҳиравий Фатҳободий бундай чиройли тарих айтган:

Мир Араб фахри ажам онки сохт,

Мадрасаи олий, бас, булажаб!

Булажаб онастки, тарихи у:

“Мадрасаи олий Мир Араб“.

(Ажам халқларининг фахри бўлмиш Мир Араб ҳазратлари ажойиб ва таажжубга қоларли олий мадраса бино қилдилар. Унинг ажойиблиги ва таажжублиги шундаки, унинг қурилиш тарихи ҳам “Мадрасаи олий Мир Араб“ иборасидан чиқади).

Бу абжад ҳисобида 942 га тенг бўлиб, бу мадрасанинг қурилишининг ҳижрий санасини билдиради. Демак, келаси йил ҳижрий ҳисоб-китобга кўра бунга 500 йил бўлади.

Мен айтмоқчи бўлганим, Диний Идорамиз ва ундан юқори Диний Қўмитамизга таклифим ҳамда аҳли илмларнинг эътиборини қаратишдир: келаси йил “Мир Араб“ мадрасасининг 500 йиллик санасини халқаро даражада нишонласак яхши бўларди!

“Мир Араб“ мадрасаси 500 йилдан бери олий даражада диний таълим беришни тўхтатмаган, ҳатто динга ошкора қарши бўлиб турган Совет тузуми даврида ҳам Марказий Осиёда, балки бутун Совет Иттифоқида якка-ю ягона диний ўқув даргоҳи сифатида фаолият юритиб келган. Охирги ислоҳотлар йилида у яна ўзининг асл даражасига - Олий ўқув даргоҳи даражасига кўтарилди.

Бу мадраса тарихи ўрганилиши керак, унда кимлар шу пайтгача бош мударрис бўлган, кимлар таълим олган? Унинг фаолияти қай даражада амалга оширилган? Марказий Осиё илм-фани ривожида унинг қандай ҳиссаси бўлган?

“Мир Араб“ мадрасасининг Марказий Осиё ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссаси“ мавзусида халқаро илмий анжуман ўтказса ҳам бўлади. Шу баҳонада бир неча хайрли тадбирлар ва қарорлар кўзда тутилса, нур устига нур бўларди.

Бу бугунги Ўзбекистоннинг Муҳтарам Президентимиз бошчилигида олиб бораётган ислоҳотлари даврида халқаро ҳамжамият назаридаги имижини янада яхшилашга фойда берса, ажаб эмас. Зотан, бу йўналишдаги тадбирлар Ўзбекистон қадимдан шу биргина мадрасаси туфайли ҳам жаҳон илм-фанига, исломий илмлар ривожига буюк ҳисса қўшганини кўз-кўз қила олади.

Мисрликлар ўзларининг “ал-Азҳар“и билан ана шундай фахрланиб юришади. Аслини олганда, бизнинг ҳам фахрланса арзийдиган, оламга кўз-кўз қилса ярашадиган Олий Мадрасаларимиз жуда кўп. Шулардан бири “Мир Араб“дир!

Ҳамидуллоҳ Беруний

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мир Араб мадрасасида 50-хатмона бўлиб ўтди

958 18:30 12.06.2019

Мир Араб мадрасасининг барокат сири

950 15:00 12.06.2019

Олий кошонам

1020 01:00 14.06.2018

Бухорода қорилар мусобақаси ўтказилди

1068 17:20 05.12.2017
« Орқага