Мирак Шоҳ ким?

15:25 09.09.2019 920

Кўпинча илм толибларида Абул Ҳасан Нуриддин Муҳаммад ибн Абдул Ҳодий ас-Синдий (вафоти: 1138 ҳижрий), Абул Ало Муборакфурий (“Туҳфатул аҳвазий” соҳиби), Азим Ободий, Убайдуллоҳ Муборакфурий (“Миръотул мафотийҳ” соҳиби) ва турли соҳаларда пешқадам бўлган ва қийматли асарлар битган Мулло Али Қори каби кейинги авлод олимлари, муҳаддислари ва шореҳлари ўз асарларида кўп тилга оладиган “Мирак Шоҳ ким?” деган савол туғилади.

Айниқса, Мулло Али Қорининг ҳадислар шарҳига оид кўп жилдли "Мирқотул мафотийҳ шарҳу мишкотил масобийҳ" китобида Мирак Шоҳ жуда кўп зикр этилади. Мулло Али Қорий кўплаб масалаларда аллома Мирак Шоҳнинг тасҳиҳотларини келтиради. Бирор ҳадиси шарифдаги ғариб сўзлар, мушкил маъноларни очишда Мирак Шоҳнинг изоҳларига таянади. Хўш, Мирак Шоҳ ким ўзи?

У киши ҳанафий мазҳабига мансуб бўлган катта аллома, фақиҳ, луғавий ва ҳадислар шореҳи бўлиб, туркиялик машҳур тадқиқотчи аллома Фуад Сезгин (р.ҳ)нинг қайд этишича, отаси 935 ҳижрий санада вафот этган.

Тўлиқ исми Насимуддийн Муҳаммад ибн Мирак Шоҳ ал-Ҳанафийдир. Яъни аслида Мирак Шоҳ бу кишининг отасининг исми ҳисобланади. Аммо "Мирак Шоҳ" бу инсон учун гўёки фамилиядек бўлиб қолганлиги боис отасининг исми билан танилган. Зотан, арабларда кўпинча кишининг отасининг исми "ибн" (ўғли) қўшимчасисиз исм ёнига қўшиб ёзилади ва қисқартириб айтилганда отасининг исми зикр қилинади. Кўпинча эса мазкур "ота исми" ҳар авлоднинг исми ёнида зикр қилинади ва бу ном хонадон номига айланади. Шу маънода биз назарда тутаётган аллома ҳам отасининг исми ёхуд умуман хонадон номи бўлган "Мирак Шоҳ" номи билан машҳур бўлган.

Аммо яна бир охирги авлод ҳанафий алломаларидан Муртазо Забийдий (1145-1205 ҳ./1732-1790 м.) ўзининг "Тожул арус мин жавоҳирил қомус" номли қомусида Мирак Шоҳнинг таржимаи ҳолига тўхталар экан, "Мирак Шоҳ" сўзини унинг отасининг исми сифатида келтирмайди, балки отасини Саййид Жалолиддин Атоуллоҳ исми билан зикр этади: "(ميرك) "Мирак": мим ҳарфи касрали, яъни "м"дан кейин "и" унлиси бор ва ро ҳарфи фатҳали, яъни "р"дан кейин "а" унлиси бор: (Мирак). У аллома ва ҳофиз Насимуддийн Мирак Шоҳ бўлиб, исми Муҳаммад ал-Ҳасаний, аш-Шерозий ал-Ҳаравийдир. Отаси Саййид Жалолиддин Атоуллоҳ ибн Ғиёсиддин Фазлуллоҳ ал-Ҳасанийдан ҳадислар ривоят қилади".

Муртазо Забийдийнинг бу сўзлари "Мирак Шоҳ" биз зикр қилаётган шахснинг отаси эмас, балки ушбу алломанинг лақаби эканлигига далолат қилади. Зотан, бу зот китобларда асосан "Мирак Шоҳ", ҳатто энг кўп шунчаки "Мирак" исми билан зикр қилинади.

Мирак Шоҳ Хатиб Табризийнинг "Мишкотул масобийҳ" номли ҳадислар тўпламига ҳамда имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадийя” асарларига шарҳ ёзган. Бундан ташқари, кўплаб қимматли асарлари, ҳошия ва тадқиқотлари мавжуд бўлиб, уларнинг кўпи Ҳиндистонда қўлёзма ҳолида қолиб кетган.

Манбаларда Мирак Шоҳнинг жуда кўп илмларда пешқадам бўлганлиги, муҳаддис, фақиҳ, муҳаққиқ ва муфассир алломалардан эканлиги қайд этилади. Бу зот Ислом оламида "кутуби ситта" (олти китоб) номи билан машҳур бўлган олтита мўътабар саҳиҳ ва сунан тўпламларини ҳам шогирдларига оғзаки равишда шарҳ қилган бўлиб, мазкур шарҳлар унинг масмуотлари жумласига киради.  

Баъзилар Мирак Шоҳ ва Мир Калонни битта шахс деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, Мир Калон лақаби билан машҳур бўлган Муҳаммад Саид ал-Хуросоний аслида Мирак Шоҳнинг шогирдларидан ҳисобланади. Бу зот ҳам катта олимлардан бўлиб, фиқҳ, усулул фиқҳ ва ҳадис билимларида пешқадам бўлган. Ўз навбатида Мулло Али Қори Миркалоннинг шогирдларидан ҳисобланади. Мулло Али Қори ўзининг машҳур "Мирқотул мафотийҳ" номли ҳадислар шарҳига оид кўп жилдли китобида Мир Калондан  "Мишкот" ҳадисларининг баъзилари бўйича дарс олганини айтади.

Бинобарин, Мирак Шоҳ билан Мир Калон бошқа-бошқа одамлардир. Лекин Мирак Шоҳ, Мир Калон ва Мулло Али қориларнинг ҳар бири ҳиротлик бўлганлиги, замондош ва бир-бирига шогирд эканлиги уларни бирлаштириб туради.

Алишер Султонхўжаев

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!