Ватан деб қон ютган қалблар, ҳалаксиз,
Асл макондан ҳам қолманг дараксиз:
«Аллоҳдан қўрқингиз ва билинг, шаксиз,
Унинг ҳузурида тўпланажаксиз!»
* * *
Сўзлаш самодаги малойик билан,
Сирлашма кўп аҳли алойиқ билан.
Ошиқ, Гўрўғлидек ўзингдан қолма,
Ишқ иши битмагай халойиқ билан.
* * *
Дўст, майли, туҳмат қил, ҳақорат қилгин,
Тангрим, сен сабрга ишорат қилгин.
Қалбимга урилган ҳар бир озорни
Бирор гуноҳимга каффорат қилгин.
* * *
Қонун йўқ ишқ деган қонундан бўлак,
Қисмат! Бас, сўрмагил қонимдан бўлак.
Рақиб борин тикди жонидан бошқа,
Менинг ҳеч нарсам йўқ жонимдан бўлак.
* * *
Кўзимдан ёш кетиб, қурғоқ бўлурман,
Шарбат ичган сари қақроқ бўлурман.
Йиллар йўлларингда йиғлаган сайин
Вужуд лойим қуриб, тупроқ бўлурман.
* * *
Кўнглимга дунёни сиғдирма, ё Раб,
Бўйнимни ўзгага эгдирма, ё Раб!
Мажоз деб хор бўлдим, қолган умримда
Ўзингдан ўзгани севдирма, ё Раб!
Мирзо Кенжабек