Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Мирзо Кенжабек. Янги шеърлар

693

БОРДЕК БЎЛСИН

Муҳаббатинг ёйгил аҳли муҳаббатга,
Кўнгил аҳли суҳбатингга зордек бўлсин.
Сўзинг дорбоз дори каби бўлсин баланд,
Лек хислатинг кир ёйилган тордек бўлсин.

Шукри беҳад, Раббимнинг ҳақ сўзи – тугал,
Дунё ичра ҳар мавсумнинг ўзи – тугал,
Тўрт фаслнинг баҳор, ёзи, кузи – тугал,
Қиши – қишдек, қорлари ҳам қордек бўлсин.

Ҳар кимсанинг дўсту ёри саноқлидир,
Энг ашаддий душман – икки оёқлидир,
Душманинг-ку аниқ душман сиёқлидир,
Энди дўстинг – дўсту ёринг – ёрдек бўлсин.

Дилда кибру салобатинг йўқ бўлса ҳам,
Ҳақдан ўзга ҳимоятинг йўқ бўлса ҳам,
Молу давлат, бизоатинг йўқ бўлса ҳам,
Киборларнинг кўз олдида бордек бўлсин.

Ҳақ йўлида ҳаво ила юриб бўлмас,
Нафсинг синмай, Ҳақ наздига бориб бўлмас,
Иззат истаб қурбат қасрин қуриб бўлмас,
Бандаликда табиатинг хордек бўлсин...

22.11.2020.

ҚЎРҒОН БОРДИР

То оламда муҳаббату ҳижрон бордир,
Ҳар инсоннинг юрагида армон бордир.
Ҳар қайдаки салом бўлса, бордир видо,
Ҳар қайдаки баҳор бўлса, хазон бордир.

Ким дард чекса, неъмат билур ҳар лаҳзани,
Шифо билгай ҳар гиёҳу ҳар майсани,
Ҳақ таоло жуфт яратди ҳар нарсани,
Умид узма, дард бор жойда дармон бордир!

Гар дуч келсак зулму ситам, бўҳтонга биз,
Парво қилмай ҳеч яхшию ёмонга биз,
Арзу додни айтажакмиз султонга биз,
Гар султонга айтолмасак, Субҳон бордир!

Зиддиятлар очар олам сир-асрорин, 
Ажаб билма золимларнинг кирду корин,
Ахир, энди кўрибсанми дунё корин? – 
Бир яхши бор манзилда бир ёмон бордир.

Қайғу дема сен дунёвий қайғуларни,
Покиза тут охиратлик туйғуларни,
Одат қилма қаҳқаҳаю кулгуларни,
Ён-верингда бирор кўнгли вайрон бордир.

Таъхир қилма, ҳақ сўз учун келганда пайт,
Зулм аҳлига мудом айтар сўзингни айт,
Тупроқ феълли ғарибларга бўлма лоқайд,
Боқгил, ахир, ер устида осмон бордир.

Ҳақ таоло ювса айбу гуноҳимиз,
Севинчларга табдил бўлур дил оҳимиз,
Ноумидлик даргоҳимас даргоҳимиз,
Дард аҳлига Мирзо каби қўрғон бордир!..

21–22.11.2020.

Мирзо Кенжабек

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ўлим лагеридан омон қолган намозхон

855 21:30 18.01.2021

«Қуръони карим мусобақаси — 1442»: Учинчи ҳафта қатнашчилари аниқланди

89 21:15 18.01.2021

Ҳадис илми: ровий ўз ривоятига хилоф иш тутмаслиги

61 21:00 18.01.2021

Салом берадиган йигит ўлимдан қутилиб қолди

782 20:30 18.01.2021

Жаннатий ўн саҳоба: Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу (61-қисм)

151 20:00 18.01.2021

«Тарийқатул Муҳаммадийя» шарҳи (1-қисм)

240 19:30 18.01.2021
« Орқага