Аҳли ирфон

Миср ҳазорасида илмнинг ўрни

576

Шубҳасиз, ҳар бир ҳазоранинг ўзига хос илмий пойдевори бўлади. Миср ҳазораси ҳам инсониятга бир қанча кашфиёт ва ихтиролар тақдим қилди, шулардан бири – ёзувдир. Илк бор ёзишни ким қўллаганлиги ҳақида тарихчилар орасида баҳс-мунозара мавжуд. Мисрликлар дастлаб ҳар бир нарсанинг суратини чизиб фикр алмашган, сўнг шаклини чизиб бўлинмайдиган маъноларга йигирма тўртта аломат қўйишган (Жорж Сартон. “Тарихул илм”).

Папирус қоғозлар кашфиёти

Ёзув ихтиро қилинганидан кейин халқ (ёзиш учун) арзон нарсага эҳтиёж сезди. Папирус дарахтининг пўстлоғи мана шу эҳтиёжни қондирди. Папирус Делта ботқоқларида кўп ўсарди. Дарахт пўстлоғи сув билан ҳўлланиб, бостириб қўйиларди, сўнгра бўлакларга бўлинарди.

Бир ихтиро янгисини жалб қилади деганларидай, мисрликлар қоғоздан кейин турли сиёҳ ва мўйқаламлар кашф этишди. Қоғознинг афзал томони шуки, узун хабар ва қиссалар тўлиқ ёзилади. Илгари тош, тери, суякларга ёзилган, бироқ уларга кўп сўз сиғмаган. Қоғоз мана шу жиҳатдан ҳам оммалашиб кетди.

Фалакиёт

Миср фалакиёти энг қадимий илмлар ҳисобланади. Миср осмони тиниқлиги самовий жисмларни кузатишга имкон берган. Улар юлдузларни ўттиз олти бўлакка бўлиб ўрганишган. Қадимий Миср жадваллари бугунги кунгача етиб келгани диққатга сазовордир. Мисрликлар дастлаб ҳисобни ой билан ўлчашган. Кўп ўтмай улар қуёш ўлчовини афзал кўришган (Жорж Сартон. “Тарихул илм”).

Ободончилик ва қурувчилик

Миср эҳромларини билмайдиган одам бўлмаса керак. Гизада жойлашган уч эҳром уларнинг бир қисми, холос. Энг қадимий эҳром жанубий Мануфияда жойлашган бўлиб, милоддан олдинги ўттизинчи асрда қурилган. Гиза эҳромлари Мануфия эҳромларидан бир аср кичик бўлиб, Хеопс ҳукмронлиги даврида қад ростлаган энг катта эҳром саналади. Унинг диаметри 775 қадам, баландлиги 480 қадамга яқин бўлган.

Эҳромлар қарийб эллик асрдан бери қад кўтариб туриши қурувчилар маҳоратидан дарак беради. Тадқиқотчилар эҳромлар қандай қурилганини аниқлай олишмаган. Айрим тадқиқотчилар ақли лол қолиб, жинлар қурган дейишгача бориб етган.

Риёзат

Оксфордда жойлашган “Ashmolean” музейида фиръавн Нармерга (милоддан олдин 3400) тегишли асо сақланмоқда. Асога 120000 асир, 400000 ҳўкиз, 1422000 қўй ўлжа олингани нақш қилинган. Бу қадимий Мисрда математика яхши ривожланганини англатади. Миср эҳромлари геометрия қанчалар тараққий этганини ҳам билдиради. Қарангки, эҳром тошлари ўта аниқ ҳисоб билан қирқилган: энг катта тош оғирлиги 54 тоннага яқин бўлган.

Тиббиёт

Миср ҳазорасида ҳам бошқа ҳазоралар каби тиббиёт яхши ривожланган эди. Чунки инсон энг эҳтиёж сезадиган нарсалардан бири тиббиётдир. Милоддан олдинги 4500 йилларда малахитдан (минерал тош) кўз касалликларида фойдаланишган. Ҳатна қилиш узоқ йиллардан бери Мисрда удум бўлиб келди. Милоддан олдинги 4000 йиллардаги қабрлар очилганда ҳам маййитларда хатна қилинганлик белгилари аниқланган.

Табиб Имхотеп фиръавнларнинг учинчи оиласи асосчиси Жосернинг вазири эди. У буюк меъмор, катта олим эди, кейинчалик мисрликлар сиғинадиган “тиббиёт илоҳи”га айланди. Лекин бизга унинг тиббиётга оид бирор асари етиб келмаган.

Эҳромлар қурилган асрларда тиббиёт янада ривожланади. Милоддан олдинги 28-29-асрларда дафн қилинган фиръавнлардан бирининг қабри очилганда унинг жағ тишларида жарроҳлик амалиёти қилингани маълум бўлди. Сарой  табиблари “сарой кўз табиби”, “сарой ботиний табиби”, “ботиний суюқликлар олими” каби номлар билан номланган (Уильям Дююрант. “Қиссатул ҳазора”).

Етук мутахассислар саройда, зодагон оилаларда, чет элларда ишлаган. Ўрта маълумотли табиблар оддий халққа хизмат қилар, косметика маҳсулотлари тайёрларди.

Бизгача тиббиётга оид бир неча Миср битиклари етиб келган. Шулардан бири милоддан олдинги 1600 йилга мансуб, узунлиги ўн беш қадамча келадиган битик. Баъзи битикларда 48 жарроҳлик тури ҳақида ёзилган, баъзиларида касалликлар ташхиси ва муолажаси ҳақида баҳс қилинган. “Ebres” битигида етти юз дори номи баён қилинган. “Коҳун” битиги милоддан олдинги 1850 йилларга мансуб, маликаларнинг бири қабридан сандиқча топилиб, ичидан гиёҳлар, томирлар, қошиқчалар чиққан. Миср тиббиёти юнонларга, юнонлардан римликларга, римликлардан бутун дунёга тарқалган (Уильям Дююрант. “Қиссатул ҳазора”).

Мисрликлар доимий парвариши сабаб жасадларини соғлом сақланган. Диодор Сицилийский айтади: “Мисрликлар касалликлардан жасадларини доимий парвариш қилиш билан сақланар, очлик билан даволанар, ортиқча таом касаллик келтириб чиқаради, дейишарди”.

Мўмиёлаш

Мисрлик коҳинлар инсон ўлгандан кейин яна яшайди, жасадни янги ҳаётга тайёрлаш керак, деган эътиқодда бўлишган. Фиръавнлар жасадларини коҳинлар ва табиблар мўмиёлашарди. Табиблар бу амални яхши ўзлаштирганди: маййитнинг кўксини ёриб, ички аъзоларни чиқариб ташлаб, яхшилаб тозалашган. Натижада жасадга бактериялар ўтмай, яхши сақланади. Шу услубда мўмиёланган бир неча фиръавн жасади ҳозирги кунгача сақланиб қолинган. Замонамиз олимлари уларни ўрганишда давом этмоқда. Мўмиёланган жасадлар ҳам буюк Миср тарихига ёрқин далил бўлиб турибди.

Олтинчи тадқиқот: Юнон ҳазорасида илмнинг ўрни

Қадимий Юнонистонда асосан уч соҳа: илм-фан, ҳайкалтарошлик, фалсафа тараққий топган эди. Айтишларича, файласуфлар халқ диндорлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш учун хизмат қилган, Перикл даврида цивилизация чўққига чиққан (Уильям Дююрант. “Қиссатул ҳазора”).

Математика ва геометрия

Юнонлар дастлаб математиканинг бошланғич илмини билишарди. “1” рақамини битта тире, иккини иккита тире, учни учта тире билан ёзишарди, уларда ноль йўқ эди. Бу юнонлар ҳисобни Шарқдан ўрганганини билдиради. Фалакиёт ва тақвимни Бобилдан ўзлаштирган (Уильям Дююрант. “Қиссатул ҳазора”).

Юнон файласуфлари назарий геометрия ақлни чархлайди, деб ишонишган. Геометрия билан фалсафа уйғунлашган эди. Милоддан олдинги 440 йилда Гиппократ (табиб эмас, бошқа) геометрия назарияси ҳақида китоб ёзади. 420 йилда Гиппий Элидский геометрия масалаларида янгиликларга эришди.

Фалакиёт илми

Фалакиёт илмига илк қадам дастлаб Юнонистонда файласуф Эмпедоклнинг ёруғлик бир нуқтадан иккинчи нуқтага ўтишида вақтни ўз ичига олади, деган ғояни илгари суриши билан қўйилган. Иккинчи қадам Парменид Ер юмалоқлигини эълон қилганида амалга ошди. У Ерни беш бўлакка бўлган, ой доимо қуёшга бир қисми билан юзланиб туришини таъкидлаган.

Файласуф Филолай Ер бошқа юлдузлар каби бир юлдуз, барча юлдузлар катта аланга атрофида айланади, деган фикрни илгари сурган бўлса, унинг шогирди Левкипп юлдузлар катта портлашдан пайдо бўлган, деган тўхтамга келади. Милоддан олдинги V аср юнон ҳазорасида илм-фан гуллаб яшнаган давр бўлди (Уильям Дююрант. “Қиссатул ҳазора”).

Тиббиёт ва Гиппократ

Милоддан олдинги V асргача юнон тиббиёти коҳинлар қўлида эди. Коҳинлар афсун ва сеҳр-жоду билан касалларни абгор қиларди. VI асрга келиб юнон тиббиётида катта ўзгариш бўлди. Хурофотларни тарк қилиб, тиббиётга ақл билан ёндашадиган файласуфлар кўпайди, Акрон, Демокед, Алкмеон каби табиблар етишиб чиқди.

Гиппократ Юнонистоннинг Кос шаҳрида таваллуд топди, унинг отаси табиб эди. У минглаб касаллар, уларни даволаш жараёнини кўриб улғайди. Устози селимбриялик Геродик унга касални дорилар билан эмас, бадантарбия ва яхши овқатланиш билан даволашни ўргатди.

Гиппократ жуда машҳур бўлиб кетади, бир неча юнон ва форс ҳукмдорларини ҳам даволайди. Ташхис қўйиш Гиппократнинг энг заиф нуқтаси бўлиб, у юрак уришини ўлчамаган экан. “Танзим” рисоласи касалликни илк босқичида аниқлаб, уни даволашга эътибор қаратади. Гиппократ айтади: “Ё касалликка барҳам берасиз ёки касаллик беморга барҳам беради. Касалликни енгувчи энг зўр дори – беморнинг жисмидир”.

Гиппократнинг даволаш услубига тоза ҳаво, хуқна (клизма), қон олдириш, компресс қилиш, балзам суртиш, массаж, маъданли сув истеъмоли иложи борича дори истеъмол қилмаслик киради Шунинг учун юнонларда дорилар рўйхати қисқа эди. Тери касалликлари ҳаммомда олтингугурт ва дельфин ёғи билан массаж қилиб даволаниларди.

Гиппократ шундай насиҳат қиларди: “Табиий ҳаёт кечиринг, касалликлардан омонда бўласиз. Агар касал бўлиб қолсангиз, тўғри овқатланиб, табиий яшанг, шунда сизга саломатлик қайтиб келади”.

У кўп рўза тутишга тарғиб қиларди, бир кунда бир марта овқатланиш кифоя деб биларди. Фақат ошқозони ўта қуруқ одамлар икки марта овқатланиши мумкин деган фикр билдирган.

Жарроҳлик амалиётлари катта табиблар томонидан амалга ошириларди. Ёш табибларга рухсат берилмасди. Юнон тиббиёти бугунги замонавий кузатув асбобларисиз беморларга тўғри ташхис қўйиб, тўғри даволай олар эди (Уильям Дююрант. “Қиссатул ҳазора”).

«Ислом ва олам» китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

473 21:00 26.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (иккинчи мақола)

420 21:00 24.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

910 22:30 22.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (тўртинчи мақола)

498 21:00 19.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (учинчи мақола)

479 21:00 18.10.2019

Ўтган уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (Иккинчи мақола)

500 22:00 17.10.2019
« Орқага