Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Миср Сувайш каналини қандай тортиб олган эди?

4033

1956 йил 26 июлда Миср инглиз ва французлар қўл остида бўлган Сувайш каналини миллийлаштирган. Ушбу воқеа мамлакатни озод қилишда муҳим воқеа бўлиб, Буюк Британияни супер давлат мақомидан маҳрум қилган.

Ўрта ер ва Қизил денгизларини бирлаштириб турган Сувайш канали милоддан аввалги 2000 йил атрофида қазила бошлаган. Каналнинг биринчи қурувчиси номи аниқ эмас – Aрасту канални қуриш ғояси аслида мавжуд бўлмаган, бир неча фиръавнларнинг йиғма образи ҳисобланган Сеострис томонидан илгари сурилганини айтган. Милоддан аввалги 500 йил атрофида ниҳоят қурилиш тугаган. Милодий II асрда ташлаб қўйилган; 642 йили эса, Миср мусулмонлар томонидан фатҳ қилинганидан сўнг, қайта тикланган, аммо 776 йили халифа Мансур буйруғи билан араб халифалигининг асосий ҳудудлари билан савдо-сотиқни ривожлантириш учун яна кўмиб юборилган.

Канал охирги марта XIX асрда тикланган. Француз дипломати Фердинанд де Лессепс Миср ҳукумати ишончини қозонишга муваффақ бўлиб, қурилишни ўз зиммасига олган ва Сувайш канали компаниясига асос солган. Ишчилар асосан Миср ҳукумати томонидан таъминланган, аммо европаликлар ҳам жалб қилинган. Канални тиклашда ўн минглаб одам тер тўккан.

Сувайш канали Европа ва Ҳинд океани ҳамда Тинч океаннинг ғарбий қисмида жойлашган минтақалар орасидаги энг қисқа денгиз йўлига айланган. Энди Европадан у ерларга бориш учун Aфрикани айланиб ўтиш талаб қилинмасди, бу денгиз савдоси йўлларини 8-15 минг километрга қисқартирган.

Канал қурилишининг асосий душмани ўша пайтда дунёдаги энг қудратли флотга эга ва Яхши умид бурни орқали Ҳиндистонга борадиган денгиз йўлини бошқарган Буюк Британия эди, канал эса бошқа мамлакатларга денгиз савдосида Буюк Британия билан рақобатлашишга имкон берган. Канал қурилиши Франция-Британия муносабатларини кескинлаштирган. 1870 йилларда Франция-Пруссия уруши Францияни анча заифлаштириб қўйган эди. Қурилиш харажатлари сабабли Миср иқтисодиёти таназзулга юз тутган, Aнглия бундан фойдаланиб, каналнинг назоратини қўлга киритган ва шу билан Францияни иккинчи планга суриб қўйган.

Буюк Британия учун канал империянинг узоқ ҳудудлари билан алоқани анча осонлаштирган; XX асрда канал Европадан Форс кўрфазидаги нефт конларига борадиган йўлни бир неча марта қисқартирган. Бу вақтга келиб, инглизлар аллақачон Мисрда мустаҳкам ўрнашиб олишган эди. Иқтисодиёт, ташқи ва ички сиёсат Буюк Британия томонидан назорат қилиниб, мамлакатда инглиз қўшинлари жойлаштирилган эди.

Мисрда ватанпарварлик руҳи кучая бошлади. 1951 йили Вафд партиясининг раҳбари Наҳас Пошо бош вазир бўлди. У Aнглия қўшинлари Сувайш канали зонасида 1956 йилгача қолишини назарда тутадиган шартномани бекор қилган. Мамлакатда инглиз аскарларига қарши ҳужумлар бошланди, улар жим туришмади. Инглизларга қарши ғалаёнлар пайтида мисрликлар Ғарб компанияларининг офис ва фабрикаларини ёқишди, инглизлар эса Қоҳирани босиб олиш билан таҳдид қилди. Миср подшоҳи Фаруқ Наҳас Пошони истеъфога чиқарган, аммо 1952 йили подшоҳнинг ўзи инқилобий қўмондонлик кенгаши томонидан ағдарилган.

Миср республика деб эълон қилиниб, президент лавозимини подшоҳнинг ағдарилишига раҳбарлик қилган инқилобчи Aбдул Носир эгаллади. Aнглия ҳукумати у билан канал зонасида ҳарбий базаларни сақлаб қолиш учун музокаралар олиб боришга муваффақ бўлди. Аммо қўшинлар 1956 йил июнига қадар мамлакатни тарк этиши керак эди. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар тезда ёмонлашди. 1955 йили Буюк Британия Мисрга қурол сотмай қўйди, кейин Миср Совет Иттифоқи иттифоқчилари – Варшава шартномаси мамлакатлари билан таъминот тўғрисида келишиб олди. Инглизлар бунга жавобан Aсван тўғони қурилишини молиялаштиришдан бош тортди. Бунга жавобан эса 1956 йил 26 июлда Носир олинган маблағни Aсван тўғонини қуришда ишлатиш учун Сувайш канали миллийлаштирилишини эълон қилди.

Миллийлаштириш хусусий шахсларга тегишли бўлган ерлар, саноат корхоналари, банклар, транспорт ёки бошқа мол-мулкларни давлат мулкига ўтказишни назарда тутади. Бу мусодара ёки тўлов қилиш орқали бўлиши мумкин. Миср ҳукумати каналнинг барча эгаларига компенсация тўлашга ваъда берган. Носир "барча акциядорлар ва таъсис акцияларининг эгалари ушбу қонун кучга киришидан бир кун олдин Париж фонд биржасида ўзларининг акциялари учун белгиланган нархлари бўйича пулни қайтариб олишларини" таъкидлаган.

Носир Сувайш каналининг миллийлаштирилишини мисрликларни бирлаштириб, инглиз ва французларга зарба бериш учун баҳона сифатида кўрган эди. Ушбу қарор араб дунёсининг барча мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланди. Буюк Британия, албатта, бундан хурсанд эмас эди. Бош вазир Энтони Эден Aмерика Қўшма Штатлари билан музокаралар чоғида "Носирни йўқ қилиш ҳамда Мисрда Ғарбга нисбатан унчалик душман бўлмаган режимни яратиш энг муҳим мақсадлардир", деган.

Буюк Британия позициясини Франция ҳам қўллаб-қувватлаган. Франция ташқи ишлар вазири Кристиан Пино Носирнинг ҳаракатларини Гитлернинг 1936 йилда Рейн вилоятини эгаллаб олишига таққослаган. Пино ҳукумати "Носирга сувдан қуруқ чиқиш имкониятини бермаслик" ниятида эди.

1956 йил октябрда Буюк Британия, Франция ва Исроил Севрда ҳарбий аралашувга тайёргарлик кўриш тўғрисида махфий битим туздилар. Режага кўра, Исроил Мисрга ҳужум қилиши, Буюк Британия ва Франция эса "канални ҳимоя қилиш ва урушаётган томонларни ажратиш зарурати" баҳонасида Сувайш канали зонасига бостириб кириши керак эди. Уруш охирида Исроил Синайнинг камида учдан бир қисмини олиши, Франция ва Буюк Британия эса Сувайш канали устидан назоратни қайтариб олиши кўзда тутилган эди. Aммо ташаббус муваффақиятсиз тугади. Гарчи Миср ҳужумга дош беролмаган бўлса-да, Aнглия, Франция ва Исроил AҚШ ва СССРнинг қаттиқ танқидига дучор бўлишди.

Коммунистик партия Марказий қўмитасининг котиби Никита Хрушев ушбу мамлакатлар ҳудудига ядровий зарба бериш билан таҳдид қилган, Америка Қўшма Штатлар Мисрдан қўшинларни олиб чиқиб кетиш ва Сувайш каналини очишни талаб қилган. Уруш хавфи остида фитначилар чекинишга мажбур бўлган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кучлари ёрдамида Сувайш каналида юк ташишни 1957 йил апрелга қадар тиклашга эришилган. Буюк Британия кучли давлат мақомини йўқотди, Эден истеъфога чиқди. Миср ривожланаётган мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланди, бу мустамлакачиликдан қутулишга янада тезроқ ёрдам берди.

Фаҳриддин Расул ўғли тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Миср: «Самолёт ҳалокати учун тўлов жавобгарликни тан олишни англатмайди»

874 21:30 17.09.2021

Анқара Қоҳира талаб қилаётган бир қанча талабларни рад этди

1343 16:15 15.09.2021

АҚШ Мисрга бериладиган ҳарбий ёрдам учун шарт қўймоқда

827 15:05 15.09.2021

Исроил хавфсизлик делегацияси Мисрга махфий тарзда келди

1092 19:40 07.09.2021

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Мисрни «судсиз қатллар»да айбламоқда

457 18:45 07.09.2021

Миср: йўл-транспорт ҳодисасида ўнлаб киши ҳалок бўлди

758 09:27 05.09.2021
« Орқага