Миср полицияси ижтимоий тармоқларда намойишларга чақириқлар кучайиши фонида оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқлади.
Хусусан, спорт иншоотлари, ёшлар марказлари, корхоналар кафе, кинофестиваллар ва туристик офисларнинг фаолиятига чеклов ўрнатилган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида жума куни дўконларни ёпиб қўйиш талаб қилинган. Фақатгина халқаро иқлим конференцияси ўтказилаётган Шарм-аш-Шайхга нисбатан бу тақиқлар жорий этилмаган.
Middle East Eye суҳбатлашган ёшлар ва спорт вазирлигидаги манба ҳукуматнинг 2019 йилдаги воқеалар қайтарилишидан хавотир билдираётганини айтган. Унинг қўшимча қилишича, барча спорт мусобақалари ва ёшлар марказлари шанба кунигача тўхтатилган.
Сўнгги ҳафталарда Мисрда ижтимоий тармоқлар орқали оғирлашиб бораётган турмуш тарзи туфайли ҳукуматга қарши намойишларга чақириқлар кўпайди. Бунга жавобан полиция юзлаб фуқароларни қўлга олган.
Спорт мусобақаларига чеклов расмий Қоҳира учун айниқса муҳим. 2019 йил сентябрида футбол мусобақаси пайтида ҳукуматга қарши оммавий намойишлар бошланиб кетганди. Ҳафта бошида мамлакат футбол клублари ассоциацияси Миср олий лигаси ўйинларини кейинга қолдирди. Раҳбарият бунга Cop27 саммитини сабаб қилиб кўрсатган.
Қоҳира марказидаги Таҳрир майдони ҳарбий зонага айлантирилган. Махсус кучлар техникалари асосий объектлар ва метро станциялари атрофига жойлаштирилган. Бу айниқса, полиция билан кескин қарама-қаршиликка эга Сувайш шаҳрида кучайтирилган. Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб кўплаб корхона ва дўконлар ёпиб ташланган.