Мисрда туғилиш даражаси 2015 йилдан буён 30 фоизга камайди, дея хабар беради Қоҳира соғлиқни сақлаш вазирлиги.
"Миллий аҳоли куни муносабати билан ҳукумат мамлакатда туғилиш коэффициенти 2015 йилда ҳар 1000 кишига 30,2 та тўғри келгани, 2021 йилда эса бу кўрсаткич 21,2 тагача камайгани ҳақида маълумотни эълон қилади", - дейди вазирлик матбуот котиби Ҳусам Абдулғаффор.
Расмийнинг таъкидлашича, аҳоли сони ва мамлакат тараққиёти ўртасида интерактив алоқа мавжуд. Аҳолининг ўсиши, хусусиятлари ва тақсимоти Мисрнинг барқарор ривожланиш суръатларига ҳамда фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имкониятларига салбий таъсир кўрсатадиган асосий омиллардан биридир.
Матбуот котибининг таъкидлашича, ҳукуматнинг барча фуқаролар учун комплекс соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш қобилияти аҳоли ўсиш суръатларини камайтиришни талаб қилади. Шунингдек, бу ҳукуматнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва барча фуқароларнинг миллий соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланишини таъминлашга ёрдам беради.