Мисвок

16:30 14.09.2018 720

Ислом – поклик, озодалик динидир. Шунинг учун мусулмонлари ҳар бир ибодатга киришишдан олдин тозаланишга, ғусл, таҳорат қилиб, покланишга буюради. Динимиз талабига кўра, инсон ўнта фитрий (хос инсоний) одобларга риоя қилиши керак. Имом Бухорий, Муслим, Аҳмад ва бошқалар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда келтирилишича, булар - мўйлабни қисқартириш, соқол қўйиш, тишларни мисвок билан тозалаш, бурунни сув билан чайиш, тирноқни олиш, бўғимларни ювиш, қўлтиқ тукларини юлиш, киндик ости мўйларини тозалаш, сув билан тозаланиш (истинжо), оғизни сув билан ювишдир.

Ислом динида айниқса оғиз ва тишларни махсус тиш тозалаш воситаси - арок дарахтидан ясалган мисвок билан тозалашга алоҳида эътибор берилган. Ҳатто Ғарб олимларининг эътирофича, инсоният тарихида кишиларни оғиз ва тишларини тозалаб юришга биринчи бўлиб даъват қилган киши Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Уламоларимиз “Таҳорат олган одамнинг мисвок қилиши суннати муаккада (таъкидланган суннат)”, дейишган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ўнлаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, албатта уларни ҳар бир намоздан олдин мисвок қилиш (оғиз ва тиш тозалаш)га буюрган бўлар эдим”, дедилар”.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мисвок билан ўқилган икки ракат намоз мисвоксиз ўқилган етмиш ракат намоздан афзалдир”, дедилар”.

Имом Аҳмад ва Дорақутний ривоят қилишган.

“Мўминнинг меърожи“ китобидан.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!