Таҳлил

Мисвок ишлатишнинг фазилатлари

1610

Ислом шариатининг энг гўзал сифатларидан бири унинг жамият саломатлиги ва тозалигини муҳофаза қилишидир. Айни мақсадни юзага чиқариш учун кўплаб қоидалар жорий қилинган. Шулардан бири – шариатнинг оғиз тозалиги ва саломатлигига берган эътибори. Ҳақиқатдан, бу инсонни ҳайратга солувчи бир ишдир: Ислом фақатгина намоз, рўза, закот, ҳаж каби ибодатлар билан чекланиб қолмай,  ҳар бир шахснинг соғлиғи ва тоза-озода юриши учун ҳам қайғуради. Айни пайтда, мана шу тозалик учун Аллоҳ азза ва жалла кўплаб ажрларни ваъда қилган. 

Шу туфайли мисвокдан кўп фойдаланиш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан эди:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، أنَّ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: "لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لأَمَرْتُهُمْ بِالسِّوَاكِ عِنْدَ كُلِّ صَلاةٍ".

وفي رواية للبخاري: "عِنْدَ كُلِّ وُضُوءٍ".

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар умматимга машаққат қилиб қўймаганимда (қийналиб қолишларидан қўрқмаганимда), уларни ҳар намозда мисвокка (мисвок ишлатишга) буюрар эдим”, дедилар”. Бухорий (887), Муслим (252/477). Ҳадис лафзи Имом Муслимга тегишли.

Имом Бухорий ривоятида “Ҳар бир таҳорат(қилиш)да”, деб келган. ("Рўза китоби", “Рўзадор ҳўл ва қуруқ мисвокни ишлатиши” бобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан таълиқ йўли билан (санади зикр этилмай) ривоят қилинган.)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мисвокни кўп ишлатишга бўлган рағбатларини шундай изоҳлаганлар:
 
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "السِّوَاكُ مَطْهَرَةٌ لِلْفَمِ، مَرْضَاةٌ لِلرَّبِّ".

Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадиси: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мисвок оғизни поклайди, Роббни рози қилади”, дедилар”. Имом Бухорий “Рўза китоби”, “Рўзадор ҳўл ва қуруқ мисвокни ишлатиши” бобида таълиқ йўли билан (санадини зикр қилмай), Имом Насоий (5) эса тўлиқ санад билан ривоят қилган.

Мисвок ишлатиш ажойиб суннатлардан биридир. Фикримча, тиш чўткаси мисвокнинг ўрнини боса олмайди. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзда тутилган мақсаднинг ўзини – оғизни поклаш ва Роббни рози қилиш – зикр этиш билан чекланмай, бунга етишиш воситасини ҳам белгилаб бердилар. У эса мисвокдир. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бугун мисвокни ҳар қандай жойда топиш имкони бор, уни ёнимизда олиб юриш ҳам катта машаққат туғдирмайди. Шундай экан, ўзимизни Аллоҳнинг розилигига элтувчи воситаларнинг биридан маҳрум қилмайлик.

Доктор Роғиб ас-Сиржоний қаламига мансуб "Унутилган ёхуд эътиборсиз ташлаб қўйилган сунатларни қайта жорий қилиш" китобидан.

Мусанниф Адҳам таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Расулуллоҳ қай тарзда мисвок ишлатганлар  

2763 08:00 11.01.2020

Мусулмонлар дунёга тақдим қилган ихтиролар

1027 11:00 29.10.2018
« Орқага